Котибнинг вазифалари
Котиб тўпланаётган очколар йиғиндисини кетма-кет тартибда қўшиб бориши шарт. У майдондан ва жарима тўплари ташланганда саватга тушган ёки тушмаган тўпларни қайд қилиб бориши керак. Котиб ҳар бир ўйинчига белгиланган шахсий ёки техник фолларни рўйхатга олади ва ўйинчиларнинг бирортасига бешинчи фол белгиланган вақтда, зудлик билан катта ҳакамга бу ҳақида хабар қилади. У ҳар бир жамоа илтимоси билан олинган бир дақиқалит анаффусларни қайд қилиб боради, тренер ўйиннинг ҳар бир ярмида иккинчи танаффус олганида, уни ҳакам орқали бу ҳақда огоҳ қилади. Шунингдек, у 12-д-моддада кўрсатилганидек, рақамлар ёзилган кўрсаткичлардан фойдаланиб, ҳар бир ўйинчи томонидан содир қилинган фолларнинг сонини кўрсатиб боради.
Котиб ўйинни бошлаб берадиган ўйинчиларнинг ва ўйинга тушадиган барча заҳирадаги ўйинчиларнинг фамилиялари ва рақамларини рўйхатга олади. Жамоа таркиби, ўйинчиларнинг рақамлари ва заҳирадаги ўйинчилар ҳақидаги рўйхатни топширишга тааллуқли қоидалар бузилган вақтда, котиб тезда яқинтурган ҳакамга бу ҳақда хабар қилади.
Котиб сигналининг товуши ўйин соатини ёки ўйинни тўхтатмайди, тўпни жонсиз ҳолатга ўтишга мажбур қилмайди.
Котиб сигнал беришда жуда ҳушёр бўлиши керак. Сигнал фақат тўп жонсиз деб ҳисобланган ҳамда ўйин соати тўхтатилган вақтда ва тўп ўйинга қайта киритилишидан олдин берилиши керак.Энг муҳими, котиб сигналининг товуши қолган бошқа сигналларнинг товушидан ажралиб туриши лозим.
Сония ҳисобловчининг вазифалари
Сония ҳисобловчи ўйиннинг ҳар бир ярмини бошланиш вақтини кузатади ва ўйин бошланишидан камида уч дақиқа олдин катта ҳакамни бу ҳақда огоҳлантиради. Катта ҳакам ўз навбатида ўйинга тайёрланаётган жамоаларга ўйин ярми бошланишига 3 дақиқа вақт қолганлиги ҳақида хабар беради. Сония ҳисобловчи, ушбу қоидаларда кўзда тутилганидек, ўйин вақтини ва ўйинда бўлган тўхталишлар вақтини ҳисобга олиб боради.
Сония ҳисобловчининг сигнали тўпни жонсиз ҳолатга ўтишга мажбур қилади, Ўйин соати эса тўхтатилади.
Талаб қилиб олинган танаффусда сония ҳисобловчи сония ҳисоблагични юрғизиб қўяди ва котибга танаффус бошланганидан 50 сония ўтганидан сўнг сигнал беришни тавсия қилади.
Сония ҳисобловчи жуда баланд товушли сигнал орқали ўйиннинг ҳар иккала ярми ёки қўшимча вақт тугаганлиги тўғрисида хабар беради. Агар сония ҳисобловчининг сигнали чалинмай қолса ёки яхши эшитилмаса, сония ҳисобловчи катта ҳакамни хабардор қилиш учун зудлик билан бошқа имкониятлардан фойдаланиши керак. Агар шу пайтда тўп саватга тушган бўлса ёки фол қайд қилинган бўлса, лекин катта ҳакам саватга тушган тўпни ҳисоблаш-ҳисобламаслик ёки фол учун жазо белгилаш-белгиламаслик масалаларида иккиланаётган бўлса, унда у ҳакам билан маслаҳатлашиши лозим.
Агар шундан кейин ҳам музокараларнинг давом эттирилиши зарур бўлса, катта ҳакам сония ҳисобловчи ва котиб билан бир қаторда,техник комиссар билан ҳам (агар у иштирок этаётган бўлса) маслаҳатлашиши керак.
Бироқ қатъий ҳукмни катта ҳакам чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |