Қўшилган қиймат солиғи ҳисоби. Ушбу солиқ тури 20 фоиздан иборат. Тижорат банклари “Бошқа даромадлар” ҳисобварақларида акс эттирилган даромадлар ҳисобидан, хусусан “Paynet” хизмати бўйича олинган даромадлар, асосий воситаларни сотишдан олинган даромадлар ва қонунчиликда белгиланган бошқа даромадлардан тўлайди.
Банклар Солиқ кодексининг 209-моддасига биноан қуйидаги операциялар бўйича қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:
кредитлар, заёмлар бўйича фоизларни ҳисоблаб чиқариш ва ундириш, кредитлар, заёмлар бериш, кафилликлар (кафолатлар), шу жумладан банк кафолатлари бериш;
депозитлар қабул қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан вакил банкларда ҳисобварақларини очиш ва юритиш;
тўловлар, ўтказмалар, қарз мажбуриятлари, чеклар ва тўлов воситалари билан боғлиқ операциялар, инкассо бўйича операциялар;
миллий валюта ва чет эл валютаси билан боғлиқ операциялар, нумизматика мақсадларида фойдаланиладиганлари бундан мустасно;
юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозлар депо- ҳисобварақларини, шу жумладан вакил депозитарийларини очиш ҳамда юритиш;
қимматли қоғозлар (акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар) билан боғлиқ операциялар. Қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар жумласига қимматли қоғозларни сақлаш, қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқни ҳисобга олиш, қимматли қоғозларни ўтказиш ҳамда қимматли қоғозлар реестрини юритиш бўйича операциялар, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш бўйича операциялар киради, уларни тайёрлаш бўйича хизматлар бундан мустасно;
қимматли қоғозларни, юридик шахсларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни (пайларни) реализация қилиш;
клиринг операциялари;
аккредитивлар очиш ва уларга хизмат кўрсатиш;
пул маблағларини конвертация қилиш бўйича операциялар;
чет эл валютаси билан айирбошлаш операцияларини ташкил этиш;
касса операциялари (банкнот ва тангаларни қабул қилиб олиш, бериш, қайта ҳисоблаб чиқиш, майдалаб бериш, алмаштириш, саралаш ва сақлаш);
молиявий ижара (лизинг) шартномасининг ижарага берувчининг (лизингга берувчининг) фоиз тариқасидаги даромадига тегишли қисми бўйича хизматлар кўрсатиш;
форфейтинг ва факторинг операциялари;
ломбард операциялари (гаровга қўйилган мол-мулкка қисқа муддатли кредитлар бериш);
жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларининг обороти.
Қўшилган қиймат солиғи тўланадиган операциялар бўйича ҳар ойнинг якуни бўйича тўлов миқдори аниқланиб қуйидаги бухгалтерия проводкаси асосида тўлов амалга оширилади. Масалан, банк асосий воситасини (юк машинаси) мижозга 120 кунга ижарага бериш ҳисобидан 500 минг сўм даромад олди. Олинган даромаддан қуйидаги тартибда ҚҚС ҳисобланади ва бухгалтерия ёзулари амалга оширилади.
а). Мижоз юк машинасидан фойдалангани учун ижара тўловини банкка ўтказди:
Дебет 20208-“Мижознинг муддатли депозит ҳисобварағи”
Кредит 29802 –“Товар-моддий қиматликлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар”
500 000,0
б). ҚҚС суммаси (83 333,33=500 000,0/120х20) ҳисобланди:
Дебет 29802–“Товар-моддий қиматликлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар” 83 333,33
Кредит 22504 –“Ҳисобланган бошқа солиқлар”
в). Ҳисобланган сумма бюджет ҳисобига ўтказилди:
Дебет 22504 –“Ҳисобланган бошқа солиқлар” 83 333,33 Кредит 23402 –“Республика бюджетининг маблағлари”
г). Мижоз юк машинасидан фойдалангани учун ижара тўловидан ҚҚС суммаси (83 333,33=500 000,0/120х20) чиқариб ташлангандан сўнг, банк қолган сумма банк даромадига олинади:
Дебет 29802–“Товар-моддий қиматликлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар” 416 666,67
Кредит 45901 –“Банк асосий воситаларининг
ижарасидан олинган даромадлар”
Банк асосий воситаларни ижарага берган тўлов ҳисобидан олган даромадидан ҚҚСни тўлагани каби, асосий воситалар ёки кам баҳоли ва тез эскирувчи буюмларни сотишдан олинган даромадлар ҳисобидан ҳам юқорида келтирилган тартибда ҚҚС ҳисобланади ва тегишли бухгалтерия ёзувлари асосида тўловлар амалга оширилади.
Ҳисобот ойи ёпилгач, жами қўшилган қиймат солиғи тўлашга асос бўлувчи даромадлар суммасини қўшиб, 20% ҚҚС тўловини амалга оширамиз. Давлат солиқ инспекциясига тўланган ҚҚС бўйича ҳисобот топширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |