Бошқарув таркиби
Марказий банк раиси Бошқарувининг раиси ҳисобланади. Бошқарув аъзолари Марказий банк раиси тақдимномасига кўра Олий Мажлиснинг Кенгаши тасдиқлайди.
Марказий банк раиси Марказий банк ва унинг Бошқаруви фаолиятига раҳбарлик қилади, банкнинг фондларини тасарруф этади ва Марказий банк зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши учун жавобгар бўлади.
Марказий банк фаолияти масалаларини ҳал қилади, Марказий банк фаолияти ва жорий операцияларини оператив тарзда бошқариш бўйича ҳаракатларни амалга оширади.
Олий Мажлисда, ҳукуматда, вазирликлар ва идораларда, судларда, банклар ва муассасаларда, халқаро ва чет эл ташкилотларида банк фаолиятига доир барча масалалар бўйича Марказий банк номидан иш кўради.
Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Марказий банк раисининг тақдимотига кўра Олий Мажлис Кенгаши томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департамент, бошқарма ва бўлимлардан ташкил топган.
Тижорат банклари ва уларнинг ташкилий тузилиши
Тарихий тараққиёт давомида банклар маблағларни йиғиш, сақлаб бериш, кредит - ҳисоб ва бошқа турли хил воситачилик операцияларини бажариб келганликлари сабаб, банклар кредит муассаса бўлиб, фойда олиш мақсадида банк барча рискларни ўзига қабул қилган ҳолда операцияларини амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида" ги қонунyнинг 1 - моддасига асосан "Банк - тижорат ташкилоти бўлиб, банк фаолияти деб ҳисобланадиган қуйидаги фаолият турлари мажмуини амалга оширадиган яъни:
юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш;
тўловларни амалга ошириш билан шуғулланувчи юридик шахсдир. Демак, банк барча рискни ўз зиммасига олиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини жалб қилиб, банк ресурсларини ташкил қилган ҳолда, бу маблағларни муддатлилик, қайтариб беришлик, тўловлилик ва таъминланганлик шартлари асосида ўз номидан жойлаштиради, ҳамда юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ҳисоб - китоб ва воситачилик операцияларини олиб борувчи кредит муассаса ҳисобланади.
Баъзи адабиётларда "банк - бу корхона", деб ҳам изоҳ берилади. Маълумки, банк яхлит олинган корхона сифатида ишлаб чиқариш жараёнини амалга оширмайди. Тижорат банкларининг фаолиятини корхона фаолиятига шу жиҳатдан ўхшатиш мумкинки, тижорат банклари ҳам корхоналар сингари ўз фаолиятини ўз даромадини кўпайтиришга қаратади, лекин корхоналар фаолиятидан фарқли равишда банклар шу асосида биринчидан, ўз таъсисчилари - акциядорларининг манфаатларини, иккинчидан, ўз мижозларининг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Тижорат банкларига, бизнинг фикримизча шунчаки "корхона" эмас, балки "махсус корхона" деб қараш зарур. Чунки тижорат банклари ссуда капитали ҳаракатини амалга оширади ва шу асосда банк ўз акциядорларига, пайчиларига фойда олишни таъминлайди.
Тижорат банклари банк тизимининг муҳим бўғини бўлиб, кредит ресурсларининг асосий қисми шу банкларда йиғилади ва бу банклар хуқуқий, жисмоний шахсларга ўз хизматларини кўрсатадилар.
Банк бу шундай корхонаки, унда хом ашё бўлиб депозит ва қўйилмалар ҳисобланса, охирги товар - бу берилган ссудалардир. Депозит ва қўйилмалар жалб қилинган қарз маблағлари, берилган ссудалар эса - жойлаштирилган маблағлар бўлиб ҳисобланади.
Ҳар хил жисмоний шахслар ва ташкилотлардан пул маблағларини жалб қилиш учун, қарз ҳажмига қараб маълум суммани фоизлар шаклида тўлаш керак. Бўлмаса маблағ қўювчилар, ёки бошқа банкни танлайдилар, ёки пул сақлашни бошқа шаклларига ўтадилар: масалан, олтин сотиб олиш, валюта сотиб олиш ёки бошқа молиявий воситачилар хизматларидан фойдаланиш ва бошқалар. Пул сақлаш шаклини танлашда маблағ қўювчини иккита муҳим омил қизиқтиради: молиявий воситачиларнинг ишончлилиги ва даромад олиш даражаси (қарзга тўланадиган фоизлар)дир.
Бошқа томондан, банк ссуда берганда унинг суммасига қараб ссуда фоизи шаклида тўлов ундиради. Бозор иқтисодиёти шароитида тижорат банкларининг бозор муносабатларининг субъектлари билан алоқаси янада кенгаяди ва чуқурлашиб боради. Банк бу ҳолда барча маблағлари ҳаракатини бошқариб боради.
Бу иккита фоиз ставкалари ўртасида фарқ - банк даромадининг асосий манбаси бўлиб, иқтисодий адабиётларда у "маржа" номи билан юритилади.
Шундай қилиб, маржа - бу жалб қилинувчи ва жойлаштириладиган қарз ва ссуда фоиз ставкалари ўртасидаги фарқдир.
Банклар маблағларни жалб қилиш ва жойлаштириш йўли билан барча пул маблағлари ҳаракатини бошқариб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |