Ойга саёҳат. Ерга энг яқин осмон жисми Ой бўлиб, у планетамизнинг табиий йўлдошидир. Ойнинг Ер атрофидаги орбитаси, барча планеталарнинг Қуёш атрофида айланиш орбитаси каби эллипс (чўзинчоқ айлана) дир. Шу туфайли Ойнинг Ердан узоқлиги бир оз ўзгариб туради. Ерга энг яқин келганда (орбитасининг перигейида) 363400 километр, энг узоқлашганда (апогейда) эса 405400 километрли масофада бўлади. Ойнинг диаметри 3476 километр бўлиб, унинг ҳажми ер ҳажмининг 100 дан икки қисмини ташкил қилади. Ой сиртида тортиш кучи Ердагидан 6 марта кам. Ой осмонда ғарбдан шарққа томон айланиб, 27 куну 8 соатда ер атрофини бир марта айланиб чиқади. Ой ўз ўқи атрофида ҳам худди шунча вақтда бир марта айланиб чиқади. Шунинг учун ҳам у бизга (яъни ерга) доимо бир томони билан кўринади. Ой ўзидан нур чиқармайди, Қуёшдан ўзига тушаётган нурларни қайтаради.
Ой сиртининг ярми Қуёш билан ёритилган бўлади. Бироқ Ердан қараганда доимо ойнинг Қуёш билан ёритилган ярим сферасинингҳаммасини кўришнинг иложи бўлмайди. Ойнинг Қуёш ва Ерга нисбатан туришига кўра, унинг Қуёш билан ёритилган юзасидан кўпроқ ёки камроғини кўриш мумкин. Агар ой Қуёшни рўпарасига (Ерга нисбатан) ўтса “янгиой”, Қуёшга қарама - қарши (Ерга нисбатан) томонга ўтса “тулиной” бўлиб кузатилади. Ойда атмосфера деярли йўқ. Ойнинг массаси Ернинг массасидан 80 марта кичикдир.
Ойга тушган космонавт биринчи навбатда ўзини жуда енгил хис этади. Бу эслатилганидек, ойнинг тортиш кучи камлигидандир. Космонавт ўз скафандри билан Ерда 90 килограмм бўлса, ойда атиги 15 килограмм бўлиб қолади. Шунингдек, ойда кузатувчи Ерда кўниккан кўп ходисалардан фарқли ажойиботларнинг гувоҳи бўлади. Аввало, Қуёш чиқишидан олдин Ердаги кузатиладиган чиройли қизилранг шафақ ойда кузатилмайди. Қуёш кутилмаганда бирдан уфқ остидан кўтарила бошлайди. Қуёшнинг уфқдан кўтарилиши Ердагидек жуда шошилинч бўлмасдан, бутунлай чиқишига бир соатча вақт кетади. Қизиги яна шундаки, Қуёш кўтарила бошлаши билан осмонда юлдузлар йўқолмайди. Тим қоронғи осмонда Қуёш билан бирга бутун кун бўйи юлдузлар ҳам порлаб тураверади. Қуёш атрофида қизил рангда ва тишлик шаклли халқа - унинг атмосфераси кўринади. Протуберанецлар деб юритувчи - “аланга тил” лар Қуёш атмосферасида ажойиб манзарани вужудга келтиради. Қуёш ўзининг “тожи” билан биргаликда (Қуёш тожи Ерда Қуёш тутилганида яхши кўринади) оддий кўзга кўринадиган Қуёшдан бир неча марта катта шаклда кўзга ташланади. Ой осмонида юлдузлар, Қуёш тожининг кўриниши ва шафақнинг кўринмаслигининг сабаби, ой сиртида атмосферанинг йўқлигидандир. Қуёш чиққандан сўнг то тун бўлгунча 7 куну 9 соат вақт кетади. Бу сояларда етарлича салқин бўлишининг сабаби, иссиқни “ташувчи” ҳаво молекулаларнинг йўқлигидир. Шу туфайли Қуёш нурлари бевосита тушмаётган жойларда туннинг совуғи узоқ вақтга етади. Ойга биргалашиб саёҳатга чиққан киши шеригини чақириб овора бўлмаслиги керак. Чунки у ҳеч қандай овозни эшитмайди. Товуш тўлқинларини ташувчи мухит ҳам ҳаво молекулалари бўлиб, ойда у молекулалар йўқ. Бунинг учун махсус радиопередатчиклардан фойдаланишга тўғри келади.
Ой осмонинг чиройли ҳодисаларидан яна бири, планетамиз – Ернинг кўринишидир. Ой осмонида ер чиройли, кўкимтир шар шаклида кўринади. Бироқ ярмидан кўпи оқ булутлар ҳосил қилган “доғ” лардан иборат бўлади. Ер қитъалари бир оз ёришиб, океанлардан ранги билан фарқ қилиб туради. Қалин ер атмосфераси уларни алоҳида – алоҳида қуришга имкон беради. Ер ҳам осмонда ой каби турли шаклларда (фазаларда) кўринади. Бу ҳолат унинг Қуёшга нисбатан ойнинг қайси томонда турганига боғлиқ бўлади. Ер ўзининг “тўла ер” фазасида бўлганда ой сиртини, “тўлиной” ерни ёритгандагидан 40 мартагача равшанроқ ёритади. Ой осмонида “тўлиқ ер” кузатиладиган пайт – Ердан қараганда ойнинг “янгиой” бўлган вақтга тўғри келади. Шунингдек, осмондаги Ер шари атрофида канцентрик халқалар шаклида тўқ қизил, сариқ, кўк ва хоказо ранглардан иборат чиройли камалак кузатилади. Агар космонавт ой тутилаётган пайтда ой сатхида бўлса, у Қуёш тутилишини кузатади ва бу тутилишнинг тўла фазаси Ердагидай бир неча минутгина давом этмай, роса бир ярим соатча давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |