Доломитлар. Таркибида камида 95% СаМg (СО3)2 бўлган жинслар доломит деб юритилади. Соф доломит табиатда жуда кам учрайди. Одатда оҳактош билан доломит ўртасида турадиган жуда хилма-хил оралиқ жинслар учрайди.
Доломитларнинг анчагина текширилган хилларидан: СаМg (СО3)2 камида 50% бўлган оҳакли доломитни, СаМg (СО3)2 камида 5% бўлган доломитлашган оҳактошни кўрсатиш мумкин.
Оддий кўз билан доломитни оҳактошдан кўпинча ажратиб бўлмайди. Доломитга қуйидаги белгилар хосдир. Майдаланган доломит совуқ НС1 да қайнайди. Бунинг учун жинснинг пичоқ билан қириб, кичкина кукун тўплами ҳосил қилинади ва унга НС1 томизилади. Доломитнинг бўлаги қиздирилган НС1 да “қайнайди”. НС1 бўлмаган тақдирда уни сирка кислотаси билан алмаштириш мумкин, лекин бу кислота доломитга таъсир килмай, балки оҳактошга сезиларли таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, чиғаноқсимон синиш бўлмай, ғадир-будир, майда қум доналаридек, унсимон синишнинг бўлиши доломитга хосдир. Доломитнинг дарзларида кўпинча доломит уни деб аталадиган, оқиш, сарғиш ёки оқ чанг йиғилиб қолади. Доломитлар структура ва текстурасига қараб жуда хилма-хил бўлади. Буларнинг ичида донадор - кристалланган (қандга ўхшаш) мармарсимон доломит, афанитли доломит, қумсимон, юмшоқ унга ўхшаш катакли доломитлар ва бошқалар учрайди. Доломитларнинг ранги одатда оқ, сарғиш ёки кулранг бўлади.
Кремнийли жинслар. Кремнезёмдан ташкил топган чўкинди жинслар диатомит, трепел органик қолдиқлардан ва кимёвий йўл билан ҳосил бўлиши мумкин. Органик қолдиқлардан ҳосил бўлган диатомитлар айниқса муҳим аҳамиятга эга ва улар сувли кремнезёмдан (опалдан) иборат бўлган диатомитли сув ўсимликларининг скелетларидан ташкил топгандир.
Ташқи кўринишидан диатомит оқ ёки сарғиш, ғовакли, жуда енгил ва юмшоқ, бўш, бир оз цементланган жинс бўлиб, кўпинча бурга ўхшаш бўлади. Бўрдан фарқи унинг НС1 да эримаслигидир, чунки бўр НС1 да қаттиқ қайнайди, диатомит эса мутлақо қайнамайди. Диатомит жуда нозик бўшоқ жинс бўлиб, қўл билан осонгина майдаланади. Диатомит намни тез шимади ва нам бармоққа ёпишади.
Трепеллер ташқи кўринишидан органик диатомитлардан ҳеч фарқ қилмайди. Бироқ трепеллар коллоид-кимёвий йўл билан ҳосил бўлади.
Трепеллар диатомлар пўстининг йиғиндисидан ҳосил бўлган, фақат микроскоп остида кўринадиган майда опал заррачаларидан ташкил топгандир.
Диатомит ва трепеллар қурилишда, кимё саноатида ютувчилар ўрнида, динамит тайёрлашда, жиҳозлаш материали сифатида ва бошқа ишларда қўлланилади.
Бу группага кўпинча органик усулда ҳосил бўлган ва ўзгаришга учраган кремнийли жинслар киради.
Опака деб кулранг, ҳаворанг, баъзан қора рангдаги (кўпинча хол-хол) қаттиқ енгил кремнийли жинсга айтилади. Ташқи кўринишидан бир хил опокалар (юмшоқ опока) диатомит ва трепелга ўхшаса, бошқа турлари (қаттиқ зич опока) кремнийга ўхшайди. Қаттиқ опока урилганда парчаланиб чиғаноқсимон синишли ўткир қиррали майда-майда бўлакларга бўлинади. Опокалар ғовак бўлгани учун солиштирма оғирлиги 0,9 дан 1,2 гача бўлади. Кўпинча улар ўзгарган ва жуда цементлашган диатомит-дан ташкил топгандир.
Соф кимёвий йўл билан ҳосил бўлган кремнийли жинслар жуда кам учрайди. Уларга совуқ сувдан ҳосил бўлган гейзеритлар ва кремнийли туфлар киради. Улар оқиқ (конкреция) шаклида бўлиб, қайноқ (гейзер) ва совуқ булоқлар маҳсулидир.
Метаморфизм натижасида кремнийли жинслар яшмага ва кремнийли сланецларга айланиб қолади. Кремнийлилар ичида кремний конкрециялари учрайди.
Кремнийли конкрециялар одатда кремнийли ўзаги бўлган тугунчалардан иборат бўлиб, ўзаги эса концентрик бўлиб усади ва атрофидаги жинсга қўшилиб кетгандек кўринади. Кремнийли конкрециялар оҳактошлар орасида шар, узунчоқ ва бошқа шаклда учрайди. Бундам кремний конкрециялар Кўксув ва Чатқол дарёларининг қуйи қисмларидаги тошкўмир даврининг оҳактошлари ичида кўплаб бор.
Кремний конкрецияларининг марказида кўпинча ўзгармаган жинс учрайди. Унинг атрофини концентрик тарзда ўсган сферик шаклли кремний қобиғи ўраб олган бўлади. Одатда кремнийли тугунчалар айланиб юрган эритмалардан кремний кислотаси ажралиб чиққанда жинсдаги бўшлиқ ва ёриқларни тўлдириш йўли билан ҳосил бўлади. Бундай кремнийли конкрециялар одатда опал-халцедонли ва халцедонли бўлади. Бу тузилмаларни тасвирлашда уларнинг жойланишига, атроф жинслар билан муносабатига, шаклига, катталигига, ички тузилишига, минерал таркибига эътибор бериш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |