Корхоналар амортизацияни ҳисоблашнинг у ёки бу усулини доимий тарзда танлаб олиш ёки ҳар тўртта усулни бир вақтнинг ўзида у ёки бу асосий фондлар бўйича белгилаб олиш мумкин. Амортизацияни ҳисоблашнинг бу усулларни қўллашда амортизация суммаси турлича бўлиши ва у Солиқ Кодексида кўзда тутилган бир маромда ҳисоблаб чиқилган миқдордан кам ёки кўп бўлиши мумкин.
Асосий фондларнинг маънавий эскириши кўп ҳолларда жадал кечади. Шунинг учун корхона бошқарувчиси амортизация ажратмасини тез маънавий эскираётган асосий фондларнинг ўрнини қоплаб оладиган даражада белгилаши лозим. Бу муаммони тезлаштирилган амортизация усули ёрдамида ҳал қилиш мумкин.
Ҳозирги кунда ускуналар қийматининг катта қисмини дастлабки йиллардаёқ ишлаб чиқариш харажатларига ўтказишни таъминлайдиган нотекис амортизация кенг қўлланилмоқда. Масалан, биринчи йил – 50 фоиз, иккинчи йил – 30 фоиз, учинчи йил – 20 фоиз ўтказилади. Бу корхоналарга инфляция шароитида қилинган харажатларни тезроқ қоплаш ва ускуналарни янгилаш имконини беради.
Ривожланган мамлакатларда амортизация ажратмалари капитал қўйилмаларни молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Шу сабабли ҳам уларда давлат кўпинча фирмаларга жадаллаштирилган, яъни юқори амортизация нормаларини қўллашга рухсат беради. Амортизация ажратмаларининг юқори нормаларини қўллаш асосий фондлар қийматини нисбатан қисқароқ вақт ичида рўйхатдан чиқариш имконини беради. Жадаллаштирилган амортизация нормалари, одатда, асосий фондларнинг актив (бевосита ишлаб чиқаришда қатнашадиган) қисмига нисбатан қўллашга рухсат берилади.
Табиийки, жадаллаштирилган амортизация нормаларини қўллаш маҳсулот(иш, хизмат) таннархига қўшиладиган амортизация ажратмалари ишлаб чиқариш харажатларининг ошиб кетишига ва корхона соф фойдаси миқдорининг камайишига олиб келади. Бироқ, жадаллаштирилган амортизация нормаларининг қўлланилиши асосий фондларнинг тезроқ янгиланишига молиявий шароит яратади.
Саноат корхоналарида амортизация ажратмалари суммаси мустақил равишда корхонанинг асосий фондларни такрор ишлаб чиқариш ва такомиллаштиришга сарфланади.
Асосий фондларни такрор ишлаб чиқаришнинг турли шакллари мавжуд. Оддий такрор ишлаб чиқариш шакли ─ бу эскирган меҳнат воситаларини капитал таъмирлаш. Бунда, таъмирлаш харажатлари бевосита маҳсулот таннархига қўшилади. Ноишлаб чиқариш фондларини таъмирлаш учун харажатлар фойда ҳисобига қопланади.
Асосий фондларни кенгайтирилган шаклда такрор ишлаб чиқариш, деганда янги қурилишни амалга ошириш, корхона фаолиятини кенгайтириш, уни реконструкция қилиш, техник қайта қуролланиш хамда ускуналарни модернизация қилиш тушунилади.
Бу шаклларнинг ҳар бири аниқ вазифани бажаради, ўзига яраша устунлик ва камчиликлари бор. Янги қурилиш ҳисобига асосий фондларининг барча элементлари замон талабига жавоб бера оладигн корхоналар юзага келади. Бироқ, ҳозирги шароитда ишлаб чиқаришнинг сусайиши билан кўпчилик корхоналар маблағ етишмаслиги сабабли фаолиятини тўхтатадилар. Реконструкция қилишда капитал харажатларнинг асосий қисми эски ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш даврида фондларнинг актив қисмини такомиллаштиришга йўналтирилади. Ускуналарга қилинаётган харажатлар ҳиссасининг ортиши меҳнат унумдорлигининг ортишига, ишлаб чиқаришнинг кенгайишига ва маҳсулот таннархининг пасайишига олиб келади.
Ускуналарни модернизациялаш ─ бу ускуналардаги маънавий эскиришни тўлиқ ёки қисман бартараф қилиш ва ишлаб чиқаришга нисбатан замонавий конструкцияларни жорий қилишдир.
Ускуналарни модернизациялш бир неча йўналишларда олиб борилиши мумкин:
ишлаётган машиналарнинг конструкциясини, уларнинг техник имкониятларини оширадиган қилиб такомиллаштириш;
станок ва механизмларни автоматлаштириш ва механизациялаш;
ускуналарни дастурий бошқаришга ўтказиш.
Ускуналарни модернизация қилиш иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиб, меҳнат унумдорлиги ва йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини оширади, маҳсулот таннархини камайишига олиб келади. Агар фойданинг ўсиши модернизация харажатлари туфайли асосий фондлар қийматининг ўсишидан юқори бўлса рентабеллик ошган бўлади. Шу сабабли ҳам корхоналарда ишлаб чиқариш технологияларини ва меҳнат қуролларини модернизациялаш доимо долзарб масалалардан ҳисобланиб келинган.
Мамлакатимизда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши чоралар дастурида “... корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни янада жадаллаштириш, замонавий, мослашувчан тенологияларни жорий этиш”13 асосий вазифалардан бири, деб белгиланган.