Корхона фаолиятини истеъмолчилар талабига йўналтириш
Ушбу бобнинг 2.1. бўлимида келтирилган корхонанинг мақсадларидан келиб чиқиб, корхона фаолиятини истеъмолчилар талабига йўналтириш масаласига келсак, бу масала корхонанинг асосий мақсадининг негизини ташкил қилади. Корхона фаолиятини истеъмолчилар талабига йўналтиришнинг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” (18.12.1993й), “Метрология тўғрисида” (28.12.1993й), “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида” (28.12.1993й), “Озиқ-овқат маҳсулотла-рининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги (30.08.1997й) Қонунлар ва Ва-зирлар Маҳкамасининг ушбу масалаларга оид қарорлари ташкил қилади.
Корхона ўз фаолиятини тўла-тўкис истеъмолчиларнинг талабини қондиришга йўналтириши шарт ва зарурдир. Бу борада уларнинг масъулияти ҳам қонунларда белгилаб қўйилган. Масалан: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 27 моддасида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларни бузганлик учун ишлаб чиқарувчи жавобгар бўлади деб белгилаб қўйилган.
Ушбу қонуннинг 5 моддасида ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шартлиги, 6 моддасида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақидаги зарур, тўғри ва тушунарли маълумотларни ўз вақтида бериши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.
Товар (иш, хизмат) ҳақидаги маълумотда уларни мажбурий талабларга мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи, товар (иш, хизмат)нинг асосий истеъмол хусусиятлари, баҳоси, сотиб олиш тартиби, ишлаб чиқарган санаси, ишлаб чиқарувчининг кафиллик мажбуриятлари, улардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари кабилар келтирилади. Буларни мазмунидан шундай хулоса қилиш мумкинки, ишлаб чиқарувчи истеъмолчи учун хизмат қилишга мажбур.
Маҳсулотларни стандартлаш, метрология ва сертификациялаш ҳам корхоналарни ўз фаолиятини истеъмолчи талабларига маслаштиришга мажбурлаштирадиган омиллардан биридир.
Стандартлашнинг асосий вазифаси маҳсулотнинг атроф-муҳит, аҳолининг ҳаёти, соглиги, мол-мулкига хавфсизликни таъминлаш учун, техникавий ва ахборот жиҳатидан маҳсулотнинг бир-бирига мос келиши ва ўзаро алмашувчанлигини, уларни назорат қилиш усуллар бирлиги ва тамгалаш бирлигини таъминлаш кабилардир.
Республикада халқаро иқтисодий алоқаларнинг кучайиши, савдо-сотиқнинг ривожланиши, ички ва ташқи бозорга товар чиқаришдаги рақобатнинг кучайиши, илмий-техник тараққиётни жадаллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва маҳсулот сифатини яхшилашнинг барча имкониятларини излаб топиш ва улардан амалда фойдаланиш бўйича бир қатор муҳим вазифаларни кўндаланг қўяди. Бундай шароитда маҳсулот сифатини бошқариш тизимидаги муҳим восита сифатида, унинг ҳаётий циклининг барча босқичларида стандартлаш, метрология ва сертификатлаштиришнинг роли бениҳоя ортади.
Жаҳон биржаларида кондицион, яъни стандарт талабларига мувофиқ келадиган товарлар учун юқори нарх ва ҳар қандай ностандарт товар учун яроқсиз мол сифатида жуда паст нарх белгиланади.
Стандартлаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири - сифат устидан давлат назоратини ўрнатиш бўлиб, унинг асосини ҳақиқий олинган маҳсулот билан стандарт талаблари кўрсаткичларини қиёслашни ташкил этади. Шунга кўра ишлаб чиқариш билан бошқарув ўртасида жавоб алоқаси ўрнатилади. Стандартлар халқ истеъмол товарлари асосий хусусиятларини нафақат ишонарли аниқлаш, балки тезкорлик билан аниқлаш ва унинг истеъмол қиймати тўғрисида кенг тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Натижада ҳар бир муайян ҳолатда сифатнинг энг мақбул даражаси билан ишлаб чиқаришни ташкил этиш мумкин бўлади.
Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш истеъмолчиларни ҳимоя қилиш асосий меъёрий ҳужжати ҳисобланиб, мувофиқлик сертификати ёки мувофиқлик белгиси воситасида маҳсулотлар ёки хизматнинг муайян стандарт ёки бошқа меъёрий техник ҳужжатга жавоб беришини тасдиқлайдиган далилдир. Маҳсулотларни ва хизматларни сертификатлаштириш орқали юксак сифатга эришиш ҳамда уларни жаҳон бозорида рақобат қила олиши таъминланади.
Сертификатлаштиришнинг асосий мақсадларидан яна бири шундаки, сертификатлаштириш асосидагина мамлакат корхоналари, қўшма корхоналар ва тадбиркорлар халқаро миқиёсдаги иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкор-ликда ва халқаро савдо-сотиқда иштирок этишлари учун шароит яратилади.
Корхона фаолиятини истеъмолчилар талабига йўналтиришнинг ижти-моий асоси товар (хизмат) ишлаб чиқаришни азалдан ижтимоий характерга эга эканлигидан келиб чиқади. Ишлаб чиқарувчилар ўз манфаатларига жамиятни, истеъмолчиларни талабини қондириш орқали эришади. Бунинг учун корхонани бошқарувчилари жамият олдидаги социал жавобгарликнинг моҳиятини тўғри тушиниши ва уни жиддийлаштириш зарур.
Япониядаги “Мацусита Электрик Индустриал” компаниясининг раҳ-барларидан бири К.Мацуситанинг фикрича бошқаришнинг янги фалса-фаси асосида социал жавобгарликни тан олиш ётади. У шундай дейди: “... ҳар бир компания, ўз масштабидан қатъий назар, фойда олишдан ўзга, унинг фаолият кўрсатишини оқлайдиган мақсадни кўзлаши керак...”1 .
Корхоналар жамият манфаати учун фаолият юритиши ва аҳолининг моддий фаровонлигини оширишга хизмат қилиши зарурлиги бутун жаҳонда тан олинган.
ХХ асрда саноатни ривожлантиришда юқорида келтирилган бошқарув фалсафасини амалиётда қўллаб, Япония давлати корхоналари сифатсиз ва арзон маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан, истеъмолчи талабига йўналтирилган олий сифатли товарлар ишлаб чиқиш орқали ўзларини ҳам, жамиятни ҳам ривожланиш даражасини юқори погонага олиб чиққан.
Do'stlaringiz bilan baham: |