Авлиёлар, даҳоларнинг бешигисан,
Нақшбандлар топган жаннат эшигисан.
Тирикликнинг навоси ҳам қўшиғисан –
Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!
Дарёларнинг изларида дарё бўлгай,
Даҳоларнинг авлоди ҳам даҳо бўлгай!
Фидо бўлса, шу Ватанга фидо бўлгай,
Фидо бўлса, шу Ватанга фидо бўлгай:
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ! (И.М)
Иқбол Мирзо 1967 йилнинг 1 май куни Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги Қўштегирмон қишлоғида туғилган.
1984 йили ўрта мактабни тугатгач, Фарғона Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кириб, уни 1991 йили муваффақиятли якунлаган. Талабалик йилларида ҳарбий ҳизматни ўтаб қайтган.
Иқбол Мирзо «Ўзбекистон табиати», «Ватан» каби газеталарда бўлим бошлиғи, масъул котиб вазифаларида ишлаган.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзо Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ассалом Ўзбекистон» студиясининг бош муҳаррири ва айни дамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари вазифасида ишламоқда.
Дастлабки шеърлари 1980 йилдан бошлаб пойтахт матбуотида чоп этила бошлаган. 1993 йили “Юракнинг шакли” тўплами “Кўнгил”, кейинчалик “Сени соғинаман” “Танланган шеърлар”, “Қўшиқларим”, “Сени бугун кўрмасам бўлмас”, “Сизни куйлайман”, “Агар жаннат кўкда бўлса” китоблари нашрдан чиққан.
Шоир шеърияти инсон руҳи, қалб ҳарорати силсилали туйғуларини ўзгача ифодалаши билан ажралиб туради.
Шоир Иқбол Мирзо ўз болалиги ҳақида шундай эслайди:
Болалигим пахтанинг қора меҳнатида кечган. Бугун ўйласам, нақадар шафқатсиз, адолатсиз кунлар бўлган экан. Ўша рангсиз кунларда ҳам шеър билан овуниб, китоб билан андармон бўлиб кулфатларни сезмаган эканман…
Илк машқларимни 7-8 ёшларда тоғам Ғулом Абдулла таъсирида ёза бошлаганман. Лекин улар шунчаки машқлар эди, холос. Ростакамига, кейинроқ, 20 ёшларимда шеър ёзадиган бўлдим. Бу жисмоний балоғат билан ҳам боғлиқ экан-да…
Менга муҳаббат қалам тутқазган. Кейинроқ бу туйғу юрт ишқига, Ватан севгисига айланди.
Тушундимки, шоир миллат тақдири учун энг масъул шахс экан. Шоир ўз халқисиз ҳеч ким эмас, ҳеч нарса эмас. Шоир ўз ихтиёри билан ўзига дард юқтирадиган табибга ўхшайди, дейди шоир.
Шоир Иқбол Мирзо ўзига Эркин Воҳидов, Абдулло Орипов, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф ва ёшидан қатъи назар ҳамма яхши шоир-адибларни устоз деб билади.
Иқбол Мирзо замонавий ўзбек адабиётининг забардаст вакилидир. Унинг шеърлари ўзига хос нозик туйғулар, миллий бўёқлар, ўзбекона оҳанг ва фалсафа билан йўғрилган:
Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг шеърияти табиат билан уйғун, муҳаббатга лиммо-лим, юракда илдиз отиб, Ватан тупроғида кўкарган, юрт осмонига томон бўй чўзаётган мевали дарахт, эҳтимол ўрик: меваси баҳордаги довуччадай ёшларни тортади, зардолудай саратонда дилларга ором беради, данаги ақлимизни пешлайди.
|