ШЕЪРИЯТ
----------------------------------------------------------
Дилларга нур улашасан, ёғдулигинг рост,
Ғубори йўқ бирам маъсум эзгулигинг рост,
Қалбимдаги энг самимий туйғулигинг рост,
Ёзай десам поёни йўқ китобмисан айт!?
* * *
Кўнгил кўзи билан кўрди ёруғ оламни,
Суянчиғи, ҳасса бўлдинг енгмоққа ғамни,
Югнакийга ато қилган мазмунли дамни,
Кўзларга нур бахш этгувчи офтобмисан айт!?
* * *
О шеърият, севдим сени жон-у юракдан,
Менга худди танамдаги жондек кераксан,
Асир қилдинг мени бунча нозли малаксан,
Гўзаллигин чеки йўқ бир моҳтобмисан айт!?
* * *
Сен сулувсан илҳом пари кўзлари чарос,
Ҳар бир сўзи дурларга тенг, лаблари гилос,
Назм уммонидан дурлар бўлиб мен ғаввос,
Излай десам Огаҳийдек миробмисан айт!?
* * *
Шоирликни даъво қилмай эрмакка холос,
Ёзса ҳамки бўлди машҳур Хайёми ҳассос,
Асрлардан асрларга бебаҳо мерос,
Ё Хайёмга илҳом берган шаробмисан айт!?
* * *
О шеърият, бор-у ёғим сенга илиндим,
Баъзан сени илоҳ билиб ҳатто сиғиндим,
Бошга ташвиш тушган чоғлар сен-ла овундим,
Ё муқаддас саждагоҳми, меҳробмисан айт!?
-----------------------------------------------------------
САИДА САФО
И Л Т И Ж О
——————————————————————
Ижод-ла мен учун ёруғ бу олам,
Шеърларим жон дилдан суйганим болам,
Усиз қолсам эзар изтироб, алам,
Ё Раб, даргоҳингда қабул эт нолам,
Ўтинчим: қўлимдан тушмасин қалам.
* * *
Ато этдинг шундай гўзал туйғуни,
Тунлар ёзсам қўйиб ширин уйқуни,
Бир четга сураман бори қайғуни,
Чунки шеърдан топдим дардимга малҳам,
Ўтинчим: қўлимдан тушмасин қалам.
* * *
Ижод завқи билан, шеър ишқи билан,
Ёнаверай ёқиб энг катта гулхан,
Сенсиз оромим ёъқ, биргаман руҳан,
Ҳатто жисмимдаги ҳар бир соч толам,
Ўтинчим: қўлимдан тушмасин қалам.
* * *
Сенсиз яшолмасам нетай, ўзинг айт,
Ҳаловат топмадим сендан айро пайт,
Баъзан бўлиб илҳақ ёзмоққа бир байт,
Кутавериб сабрдан тўлар пиёлам,
Ўтинчим: қўлимдан тушмасин қалам.
* * *
Онамга қувончни этасан тортиқ,
Фарзандга бахт борми бунданам ортиқ,
Янги шеър кутади мендан-да интиқ,
Йиғлаб ўқиб берар, келсалар холам,
Ўтинчим: қўлимдан тушмасин қалам.
* * *
Шеърга меҳрим бўлак, бўлганман шайдо,
Бу бахтдан ҳеч қачон қилмагин жудо,
Онам ХОҲЛАГАНДАЙ қиз бўлай, Худо,
Десинлар: "Қувончдан кўздаги жолам",
Ўтинчим: қўлимдан тушмасин қалам.
07.02.2021-йил
САИДА САФО
УСТОЗ БЎЛМАСА...
Забт этди-ю илм-у урфон маррасин,
Тарҳин тузди Беруний ер куррасин,
Алжабрдан сабоқ олмай одамзод,
Кашф этарми фаннинг минг бир қиррасин,
Агар бу дунёда устоз бўлмаса.
* * *
Устоз юрар мудом сабоқ кўйида,
Оилада ҳам ўқувчиси ўйида,
Фарғонийнинг номи нечун довруқли,
Ёъқса ҳайкал қайда Нилнинг бўйида,
Агар бу дунёда устоз бўлмаса.
* * *
Нурли келажакни, эзгу амални,
Кўрагоний номли машҳур жадвални,
Туза олармидик робот одамлар,
Темирга қунт билан бериб сайқални,
Агар бу дунёда устоз бўлмаса.
* * *
Иймон бўлмас эди, виждон бўлмасди,
Ватан дея қалбда туғён бўлмасди,
Юртни ғанимлардан ҳимоя этган
Ўғлон Жалолиддин - Султон бўлмасди,
Агар бу дунёда устоз бўлмаса.
* * *
Ярқираб ҳукмдор тожи бошида,
Фатҳ этиб жаҳонни сурди нашида,
Нияти пирининг пойида ётмоқ,
Темур бош эгарми инсон қошида,
Агар бу дунёда устоз бўлмаса.
* * *
Мен ҳам муаллимман, этаман ғурур,
Ижодда устозим Навоий, Бобур,
Қодирий, Чўлпонга ёъл кўрсатган ким?
"Хамса", "Ўткан кунлар" бўлмасди машҳур,
Агар бу дунёда устоз бўлмаса.
САИДА САФО
М У В А Ш Ш А Ҳ
———————————————————
Ў злигинг қўлингга қайтардинг элим,
З амона зулмидан сарғайган гулим,
Б орлигинг бахтимдир, шод-хуррам дилим,
Э нди эркинг қўлда, онажон тилим.
К урашлар, урушлар, жанг-у жадаллар,
Т оптади суронли совуқ шамоллар,
И мконинг чеклади қилиб қамаллар,
Л эк барҳам топмадинг, билмадинг ўлим.
И лм-у урфон ичра тенги ёъқ бир шер,
М уҳташам "Хамса"ни тузди Алишер,
О лис мозийдаги буюк жаҳонгир—
Н авоий бобомдан мерос бу билим.
А срлар ўтса-да шоҳ Бобур номи,
Т иллардан тушмайди ширин каломи,
И кки улуғ зотнинг ўткир қалами,
Л афзи туркий била ёритди ёълим.
И жоддан чарчама, чекинма қўлим,
М ангулик тимсоли бўл, она тилим!
———————————————————
САИДА САФО – 12.10.2013
ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИГА...
——————————————————————
Шу кунлар қалбимга излайман малҳам,
Ҳисларим тўкмоққа ожиздир қалам,
Сургунлар дилида Сибирдан алам,
Армонга айлангач ўз Ватанлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Фарзандинг бор эди ноёб истеъдод,
Шердек боланг қўлдан кетдику, вой-дод!
Наҳот, Қодирий деб чекмадинг фарёд,
Ватаним, эркинг-чун фидо жонлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Чўлпоннинг айби не шоирлигими,
Ҳақ гапни айтишга қодирлигими,
Ёинки эрксевар, ботирлигими,
Ҳазонга айланди гул чаманлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Оҳ, бадавлат Фитрат бўлиб бечора,
Шу билан тириклай қолсайдинг зора,
Диллар оғринади, юраклар пора,
Не азоб кўрмади бу гарданлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Юракка шеърият ўтини қалаб,
Усмонинг сўнди бир юлдуздай порлаб,
Уни-да Сибир ўз бағрига чорлаб,
Ўрмонлар қаърида қолиб танлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Файзулло Хўжаев, Акмал Икромлар,
Эсласам бирма-бир адоқсиз номлар,
Бўғзимга тиқилар, келмай каломлар,
Сабаби сарғайиб сўлди ранглари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Аёл нозик ҳилқат, лекин барибир,
Чекламас уларни бу зулм, жабр,
Шуми аёлларга муносиб қадр,
Не дардлар чекмади гул баданлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Айбсиз эканин билишган эди,
Айби шумиканё, келишган эди,
Учқур тулпор каби елишган эди,
Бўлишди сал кейин той, саманлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Қалбим ўртанади ўтмиш деб бу кун,
Юртим, кўксинг тўла шаҳидлар учун,
Фарзандларинг ётар бўлиб бағри хун,
Насиб этмай ҳатто оқ кафанлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
Миллат фидойиси – миллат камоли,
Сароблар тарқади, ҳурлик шамоли,
Номингиз тилларда нашъ-у намоли,
Бўлди обод охират масканлари,
Гуноҳсиз гуноҳкор халқ душманлари.
——————————————————————
САИДА САФО – 2008.
ҚОДИРИЙ - ГЎЗАЛ ҚАЛБ ВА БУЮК ЖАСОРАТ СОҲИБИ
1926-йил Абдулла Қодирий "Муштум" журналида "Йиғинди гаплар" ҳажвий мақоласини эълон қилди ва шўро ҳукумати раҳбарларини обрўсизлантиришда айбланиб қамоққа олинди.Асоссиз айбловлардан сўнг суд залидан озод этилди.
1926-йил 15-июн
Кимлар билди,кимлар билмади
Кимлар ҳатто парво қилмади
Менинг эса юрагим вайрон
Кўзларимга уйқу келмади
Эслолмайман кулганим чиндан
Қисматингдан хабардор кундан.
Борар қалбим кемириб ўйлар
Юрагимга сиғмайди тўйлар
Самарқандда тушимда адиб
Судда қилган нутқидан сўйлар:
Чекинмайман ҳақ деб ўлимдан
Ҳиссам қўшай,келса қўлимдан
Бу туҳматлар асос бўлмади
Хайриятки,адиб ўлмади
Шижоати ортиб қайтанга,
Назарига судни илмади.
Бўлишганди ёълларига ғов
Бекор кетди бари айблов
Адиб доимо қатағон сиёсати раҳнамоларининг диққат марказида бўлди.1937-йил оммавий авж олган қатағон сиёсати ёзувчи билан бир даврда ижод майдонига кириб келган Фитрат ва Чўлпон каби истеъдодларни ўз домига тортди-ю,Қодирийни бундай "сийлов"дан бебаҳра қолдирди.1937-йил 31-декабр:адиб рўй бераётган жараённи ўзича таҳлил қилди:"Менинг сафдошларим бўлган Фитрат ва Чўлпонлар аллақачон қамоққа олинди,мен эса озодликдаман. Шукрки,Янги йилни оилам даврасида кутиб олиш насиб этмоқда.Балки шу билан 37-йилнинг қатағон бўрони тинар,38-йил бундай талотўп тугар".Ана шундай хаёллар қуршовида адиб янги йилни оиласи бағрида,фарзандлар қучоғида кутиб олаётганига азбаройи хурсандлигидан байрам дастурхони учун ўз қўллари билан норин тўғраётган пайтда эшик тақиллаб қолади.Очса, НКВД ходимлариБайрам куни бутун уй адибни фарёд билан кузатиб қолишди.
Афсус, Қодирий Янги йил тонгини ўзи хаёл қилганидек оила даврасида эмас,авахта турмахонада кутиб олди.Кўп ўтмай ўғли Ҳабибулла Қодирий олийгоҳдан ҳайдалди.Адибнинг файзли хонадони тортиб олиниб,"Ўткан кунлар" ёзилган табаррук ижодхонаси ферма(чўчқахона)га айлантирилди.
Айби бўлса эди майлига
Зўр беришиб замон зайлига
Эга чиқиб олишди ҳатто
Қодирийни қамаб,ҳовлига
Доҳий ғазаб отига минди
Ижодхонанг авахта энди
Етмай шундоқ инсон қадрига
Тиғ санчдилар маъсум қалбига
Адабиёт ларзага келди
Учраб нокасларнинг зарбига
Бошга тушди қайғули ташвиш
Бир ҳодиса рўй берди мудҳиш
* * *
Тарих шундай хато қилди кечирилмас
Бу айбини энди ҳеч ким ўчиролмас
Жаннатлардан қўним топган бўлсалар бас
Дея дилга ахтараман далда,юпанч
Лек барибир бу хатоси ўта жирканч
Маърифатга қадамларин қўйди илдам
ШОҲ асари ўрин олди ҳар бир дилдан
Кумушбиби нафис эди ғунча гулдан
Ҳаёт бердинг хонадонда яралган қиз
Уйларида нафисликдан қолмади из
Юрак-бағрим куйиб кетар э воҳ,эсиз
Ижодхонанг ҳувуллаблар қолди сенсиз
Бунда манфур тўнғизларинг боқди тўнғиз
Инсофданми ижодкорга шунча зулм
Бу ортиқча етмасмиди ахир ўлим?!
Қодир бобо,кечиролсанг кечир агар
Қалб доғини ўчиролсанг ўчир агар
Тилло боланг тақдим қилиб халқига зар
Миллат учун елкасига хавф-у хатар
Юкин ортиб мангуликка қилди сафар
* * *
Турналар,кўкка бўй чўзган турналар
Яна кимнинг мендай қалби тирналар
Сиз каби юксакка талпинган чоғда
Маконлари бўлди тўрсим турмалар
Балки бу қисматни сезиб кетдилар
Тарихга номларин ёзиб кетдилар
Хаёлида не ўй,не тилак эди
Бир зотки оловқалб,шерюрак эди
Маърифат дарғаси,зўр тиргак эди
Англасак ҳаммадан энг керак эди
Дилга ҳақ расмини чизиб кетдилар
Тарихга номларин ёзиб кетдилар
Кетдингиз қалбларга ўтларни қалаб
Бу кунги бахтимиз Худодан тилаб
Биз учун ўзлари кетдилар нураб
Қолдирмоққа халққа нурафшон мактаб
Саводсизлик томирин эзиб кетдилар
Тарихга номларин ёзиб кетдилар
Ишингиз–жасорат,улуғвор кучдир
То тирик эканман дил шеърга ўчдир
Шеърият,сен менга дунёни қучдир
Сиз боис зиммамда шарафли бурчдир
Гўзал дурдоналар тизиб кетдилар
Тарихга номларин ёзиб кетдилар
Қатли ом сабабин кимлардан сўрай
Сизга "лойиқ" ҳукмни не кўз-ла кўрай
Бошларимни қайси деворга урай
Ётган тупроғингиз кўзимга сурай
Билсам,ўзига гўр қазиб кетдилар
Тарихга номларин ёзиб кетдилар
САИДА САФО
ДАХЛДОРЛИК
————————————————————
Юртим, олдингдаги қарзимни узай,
Ахир тузингни еб етдим вояга.
Сенга дахлдорлик режасин тузай,
Сўз бердим Ўзбекой момом дояга.
Таърифингга гўзал ташбеҳлар безай,
Байроғинг тикиб бек пиллапояга.
Қаламим-ла етти иқлимни кезай,–
Дея талпинарман юксак қояга.
Етмиш йиллик саробга юрагим эзай,
Эътиқод қўйишди манфур ғояга.
Бутун вужудимда меҳрингни сезай,
Кечирма!
Қайғунгда
қочсам сояга!
———————————————–———–
САИДА САФО – 12.08.2017
АЛЛИТЕРАЦИЯ (ТАВЗЕъ)
Салқин саҳарларда соғинчли салом,
Сизга садоқатли Саидангиздан.
Севгиси сабабли савдойи санам,
Сўзсиз саодатли Саидангиздан.
Сўнгсиз сажда сизга сарҳади сероб,
Сурма сурган сулув, сочи сунбулдан.
Севгимни синанг сиз: сохтами сароб,
Сувларин симирган сўлим соҳилдан.
Сарҳадга сиғмаган саргашта севгим,
Соҳилда саргардон, сарсон сузмоқда.
Севги сиртмоғини солгандай сезгим,
Сурурланиб сизга содиқ сезмоқда.
Сарин саболарга сўзладим сарҳуш,
Сир сақлаган севгим сал сўнгра секин.
Сукунат синди-ю саҳар серташвиш,
Саъвалар сайрашар самода сокин.
Самимий сўзлардан сарадан сара,
Созладим сарбоним субҳидам совға.
Сўзларим саралаб, сайқаллаб сўнгра,
Серсавлат султоним, сиз-чун саҳифа.
Сизга саралаган сатрим саноқли,
Саксон саккиз сўзда севгим сийловдир,
Соғинч синаётган сабрим салмоқли,
Севгим синаштадир, сабрим синовдир.
Сеҳрланар соатда сўзин соғиниб,
Сидқидилдан саҳий, серзавқ суҳбатлим,
Севгиси сўнмагай, сўзи синмагай,
Сервиқор суръатлим, сершавқ сийратлим.
САИДА САФО – 2017-йил
ТУЮҚ
Ишқингдан ёндику, юрак, бағир, ўт,
Фақат менинг кўнглим кўчасидан ўт,
Ёъқса дунёларга қўйгайдирман ўт,
Кейин унда унмас на гиёҳ, на ўт.
Бўлмоқлик истасанг самимий ўта,
Бурчингни ҳис қил-у чин дилдан ўта,
Кўнглингда боғ ярат, фақат гул унсин,
Сўнг ундан бегона ўтларни ўта.
Маълумдир бир ҳикмат кекса-ю ёшга,
Ақл бошда дерлар қарамас ёшга,
Хато қилинган сўнг пушаймонликка
Ва энди на ҳожат кўздаги ёшга.
САИДА САФО
МУКАРРАР (ТАКРИР)
Шоира Шамсга...
Ғазалнинг завқига нима татийди,
Ноёб-у ноёб-у ноёб-у ноёб.
Қалам аҳли ани яхши танийди,
Офтоб-у офтоб-у офтоб-у офтоб.
Сиз каби ёзолсам фақир қанийди,
Сароб-у сароб-у сароб-у сароб.
Ғазал истар кўнгил қачон қарийди,
Шабоб-у шабоб-у шабоб-у шабоб.
Илдизинг мустаҳкам нечун қурийди,
Мироб-у мироб-у мироб-у мироб.
Ичмасак Хайём-у Машраб ранжийди,
Шароб-у шароб-у шароб-у шароб.
Шамсим, шаънингиза битса арзийди,
Китоб-у китоб-у китоб-у китоб.
САИДА САФО
ЗУЛҚОФИЯТАЙН
----------------------------------------------------
Майли, ёлғон айтгин: Суйдим,
суюклигим жанонам бўл,
Лайли бўлиб ишқдан куйдим,
мажнунсифат девонам бўл.
Хуммор қадаҳ олдим қўлга,
ичмоқликка майхонам бўл,
Дийдор сари чиқдим ёълга,
қучмоқликка кошонам бўл.
Фурқатингдан айла фориғ,
ёъқса менга ғамхонам бўл,
Талъатингдан тутма дариғ,
бошим қўяй остонам бўл.
САИДА САФО
МУСАЛЛАС (УЧЛИК)
‐------------------------------------‐-----------------
Онажон! Дунёга келиб,
Озор бердим неча бор
Гулдан нозик қалбингизга...
Онажон! Хатолар қилиб,
Теккиздимми совуқ қор,
Чўғдан иссиқ қалбингизга...
Онажон! Билмай ё билиб,
Қўндирдимми чанг, ғубор,
Сувдан тиниқ қалбингизга...
Онажон! Мен фарзанд бўлиб,
Далда бўлмадим зинҳор,
Ғамдан синиқ қалбингизга...
Онажон! Бахтингиз юлиб,
Ғанимлар берди озор,
Мунис, мушфиқ қалбингизга...
Онажон! Юргайсиз кулиб,
Тангри бўлиб мададкор,
Бахтга интиқ қалбингизга...
САИДА САФО
ИШҚ
Ўқ тортилган камонимдур ишқ,
Олис манзил, карвонимдур ишқ,
Кўнглинг уйи томон элтгувчи–
Ёъл кўрсатар, сарбонимдур ишқ.
Борки чорам, имконимдур ишқ,
Эътиқод-у иймонимдур ишқ,
Исминг дилга жойланди абад,
Фурқатингда исёнимдур ишқ,
Менинг руҳи-равонимдур ишқ,
Бошдан токи товонимдур ишқ,
Маҳшаргача тиладим сени,
Баски, икки жаҳонимдур ишқ.
САИДА САФО
Бу беш кунлик ажиб замонда,
Йиллар ўтиб, улғайса ёшим.
Бир пайтлари бўлган камонда,
Ажин тушиб, чимрилса қошим,
Ҳаёт номли қора қозонда,
Тугар бўлса насиба ошим.
Истар эдим фақат шу онда,
Елкангга жим қўёлсам бошим.
Муҳаббатнинг иши шу экан,
Оғушингда бўлмоқ истайман.
Сендан минг-минг розиман,- деган,
Товушингда бўлмоқ истайман.
Сўнгги нафас, жоним, сен билан,
Қалбим ишққа тўлмоқ истайман.
Етса видо оним сен билан,
Бахтли ҳолда ўлмоқ истайман.
САИДА САФО – 28.07.2022
ЭРК ҚЎШИҒИ
——————————————————————
Тақдир ёзмагайдир фарзанд доғини,
Ҳеч банда бошига, ҳатто ёғийни,
Ҳис қилса кимда-ким билгай оҳини,
Кайхусрав етказган зулм-зўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Менсимай рақибин қўйган чоҳини,
Эл деб қурбон қилди кўз қароғини,
Баландроқ кўтариб жанг яроғини,
Тан олмай Тўмарис танглик, хўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Доро ёв бу юртга қилганда қаҳр,
Широқ жасорати мозийга муҳр,
Тинчлик деб ишлатди ҳийла-ю макр,
Қай жазога маҳкум этган шўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Чингизхон лутф қилиб берганда имкон,
Чиқиб кетмоқликка юртидан омон,
Таклифин рад этиб эли учун жон-
Беролган Кубродан ўрган шерликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Томирингда оқар Жалолнинг қони,
Тан берди фотиҳи-мўғиллар хони,
Ватан десанг кўзга кўринмас жони,
Панага қочмади, билмас ғўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Аждодлардан мерос бизга бу Ватан,
Эрк дея не зотлар кетди бекафан,
Қодирийга сохта ҳужжатлар расман
Тўплашди тан олмай, танлаб ўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Тонг юлдузинг кўкда бемаврид балқди,
Қора кунлар қанча кўзда ёш қалқди,
Эрксевар Чўлпонинг куйлади халқни,
Бузилган ўлкада мавжуд кирликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Юрт қайғусин дилга туйганда Фитрат,
Дуч келди бу ёълда унга кўп заҳмат,
Руҳин шод этайлик қилиб зиёрат,
Сўнгги маконини ҳандақ, гўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Қайинлар япроғи эмас бу ҳазон,
Бу–Усмон қалбида занг босган армон,
Доҳийни алқаган , эй машъум замон,
Хатоси билмади сенга жўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Миллат равнақи-чун қилган иштирок,
Зиёлига ҳукм: Қилинсин ҳалок!
Оналар фарёдда, ёқалари чок,
Қонли ёшлар "ҳадя этди" кўрликни,
Қадрига етайлик бундай ҳурликни!
Тарихда энг мудҳиш,енг жирканч онлар
Бегуноҳ тўкилди қирмизи қонлар,
Бемаврид узилди минглаган жонлар,
Шулар эвазига келган НУРЛИКНИ,
Қадрига етайлик бундай ҲУРЛИКНИ!
САИДА САФО.
О Н А Т И Л И М Г А...
Сўз бойлигинг жилоланар пардоз билан,
Тилим, сени ардоқлайман эъзоз билан,
Зиммамдаги масъулиятни дилдан англаб,
Ҳиссам қўшай, юксакларга парвоз билан.
Дилим шодон сен-ла ўтган оним билан,
Кирай сенинг ҳимоянгга жоним билан,
Сарҳадингни чизиб олгин, ўтинчим шу -
Керак бўлса, жўшиб турган қоним билан.
(Телевидение илҳомларидан...)
САИДА САФО - 21.10.2021
Янгиариқ туманидаги 29-сон умумий ўрта таълим мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Do'stlaringiz bilan baham: |