Август 2020 3-қисм
Тошкент
МАҲОСИН АСАРИНИНГ ОКСФОРД ҚўЛЁЗМАСИ: КОДИКОЛОГИК ТАҲЛИЛ
Нигора Хакимова
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
3-босқич таянч докторанти
Телефон: +998 90 932 00 82
nigora_24@yahoo.com
Аннотация:
Ушбу тезисда Қаффол Шоший қаламига мансуб Маҳосин асарининг
Бодлейн кутубхонасида сақланаётган қўлёзма нусхасининг қисқача кодикологик таҳлили
берилган.
Калит сўзлар:
кодикология, фиқҳ, қўлёзма, ислом
Биз бевосита тадқиқот олиб борган Қаффол Шошийнинг қаламига мансуб Маҳосин
асарининг қўлёзмаси Буюк Британиянинг Оксфорд Университети Бодлейн кутубхонасининг
Хантингтон тўпламида “Маҳосин ал-шариъа” номи билан, 259 рақам остида сақланади
1
.
Қўлёзманинг ўлчовларига келсак, китобнинг бўйи 26.5см, эни 18 см, қалинлиги эса,
5.5 смни ташкил этади. Ҳар бир бет 25 сатрдан иборат матнни ўз ичига олади, ҳар бир
бир сатрда эса, ўртача 17 тадан сўз ишлатилган. Саҳифалар хаттот томонидан рақамлар
билан эмас, балки ўша давр қўлёзмаларига хос тарзда пойгирлар билан тартибланган.
Қўлёзма саҳифаларининг ҳар ўнинчи бетида битта пойгир билан белги қўйилган. Оксфорд
қўлёзмасида колофон мавжуд бўлмагани сабабли уни кўчирган хаттонинг исми шарифи ва
қўлёзманинг кўчирилган аниқ санаси ва жойи, афсуски, маълум эмас.
Лекин қўлёзманинг сарлавҳаси ёзилган 3-б бетнинг пастки ўнг бурчагида, унга эгалик
қилинган сана ҳижрий 841
(милодий 1437)
йил деб қайд қилинган. Шундан келиб чиқиб,
қўлёзма ҳижрий 841 йилдан аввал ёзилган деган хулосага келдик.
Қўлёзманинг муқоваси теридан ишланган бўлиб, муқованинг ички қисми мато ва қоғоз
билан қопланган. Қўлёзманинг муқовасига ишланган нақшлар ва унинг боғичи, у яратилган
санани аниқлашга ёрдам бериши мумкин, лекин муқова йиллар ўтиб алмаштирилган бўлиши
эҳтимоли борлигини инобатга олсак, муқова қўлёзма ёзилган аниқ санани белгилаш учун
ишончли асос бўла олмайди.
Шунга қарамасдан, биз турли қўлёзмаларнинг муқовалари ва уларнинг безакларига
бағишланган бир қанча илмий ишларни кўриб чиқдик. Хусусан, Охта Алисоннинг
Мамлуклар даврида ёзилган қўлёзмалар жилдларини тадқиқ қилишга бағишланган
докторлик диссертацияси билан ҳам танишиб чиқдик. Қуйида келтирилган икки нақш XIII
асрда Марокашда ишлаб чиқарилган китоб жилдлари устида безак сифатида ишлатилган.
“А” билан белгиланган нақш тури Гроҳманнинг палеографик асосларига кўра XI ёки XII
асрларга мансуб китобларнинг муқоваларида ва сўнгги бетларида кузатилган. Нью Йоркнинг
Метрополитен музейида сақланаётган мато нусхаларига кўра, “А” билан белгиланган
нақш тури X асрларда тўқимачилик саноатида ҳам қўлланилган. Мазкур нақшларнинг
қўлёзмалар муқова ва хошияларида қўлланилиши Мамлуклар даврида ҳам давом этади
2
.
Оксфорд қўлёзмасининг жилдида ҳам ўша давр безакларига ўхшаш жиҳатлар мавжудлигига
гувоҳ бўлдик. Тахминимизча, қўлёзманинг жилди XIII - XIv асрлардан аввал араб мағриби
давлатлари ҳудудида тайёрланган.
1
Oxford University, Bodleian Library, Ms Huntington 259.
2
Ohta, Alison (2012), Covering the book: bindings of the Mamluk period, 1250-1516 CE. PhD Thesis. SOAS,
University of London. http://eprint.soas.ac.uk/16626
70
Do'stlaringiz bilan baham: |