Гул сайиллари. Ўзбекистонда жумладан жанубий вилоятларда гул сайиллари жамоатчиликнинг энг қизиқарли байрами ҳисобланган. Наврўздан сўнг табиат уйгониши билан тоғлар бағрида, қир адирларда турли гуллар қийғос очилгач, ҳар хил сайиллар ўтказилган. Этнографик манбаларга кўра Хоразмда «Қизил гул байрами» ва Бухорода «Қизил гул сайли», («Сайли гули турк») Фарғона водийси Тошкент воҳасида «Лола сайли», Чуст, Денов туманларида «Сумбула сайли», яна бошқа ҳудудларда «Бойчечак», «Чучмома» сайиллари ўтказилган70.
Нурота тумани қир адирларида «Қизил гул сайли», Фарғона водийсида «Лола сайли», Самарқандда беҳи гуллаганда «Беҳи гули сайли», («Сайил гули беҳи»), Зарафшон водийсида «Бойчечак гулгардони», Бухорода гуллар очилиб, булбуллар сайраганда «Гул гардони булбулхон» («Булбул қўшиғи») каби байрам ва сайиллар ташкил этилган. Шунингдек жанубий Ўзбекистонинг тоғ олди туманларида ҳам «Бойчечак», паст текисликлардаги ҳудудларда эса гул сайилларини ўтказиш расм бўлган71.
Бойчечакка бағишланган тантаналар эрта кўкламда қир-адирларда, далаларда қор эриши, қиш тугаши билан ўзига хос байрам сифатида нишонланган. Бойчечак очилганлигини эшитган болалар қир-адирлар томонларга ошиққанлар.Улар тўда-тўда бўлишиб, қувалашиб, талашиб бойчечаклар терганлар. Сунгра «Бойчечак» ашуласини айтишиб, уйма-уй юришган. Баҳор даракчиси бойчечак пайдо бўлганлиги ҳақида хонадонма–хонадон юришиб суюнчи ҳам олганлар. Болалар бойчечакларни ковлаб, қарияларга беришга интилганлар, чунки уларгина бойчечакни нихоятда кадрига етганлар. Бойчечак қарияларни қишдан омон-эсон чиққанлигидан, яна баҳор келганидан ҳамда янги ҳаёт бошланганлигидан дарак берган. Шунинг учун қариялар бойчечакни кўзларига суртишиб «Эсонлик - омонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик, янаги ойларга ва янаги йилга ҳам омон - эсон етайлик» деб яхши ниятлар қилганлар72.
Қашқадарё воҳасининг Ҳисор тоғ ён бағирларида уюштирилган «Лола сайли» байрамини халқ томонидан сайланган «лолачи» лар ташкил этганлар. Булар ўзига хос маросим махсус айтиладиган қўшиқлар, томошалар, ўйинларга бой бўлиб, бутун аҳолини сайилгоҳ томон йуллаган пайтда бошланган. Табиат билан боғлик бундай сайиллар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ўзига хос тарзда ўтказилган.
Қадимги Бухорода гул сайиллари жуда қизиқарли тарзда ўтказилган «Қизил гул сайли» («Сайли гули сурҳ») тахминан бир ҳафтадан бир ойгача давом этган. Унинг иштирокчилари бир жойдан иккинчи жойга кўчишиб сайил қилганлар: бир жойда кун бўйи ашулалар айтишиб, рақсларга тушишган73.Иккинчи махсус белгиланган жойда масхарабозлар ва дарвозлар томоша кўсатганлар; учинчи жойда хўроз, қўчқор, туялар уриштирилган, пойга, кўпкари ( улоқ) лар ташкил қилинган; тўртинчи жойда катта бозор уюштирилган; бешинчи жойда эса лаззатли таомлар пиширилган ва ҳакозо74.
Қадимдан мавжуд бу байрамларда энг эзгу фазилатлар мужассам бўлиб, хотин - қизлар ҳам эркин қатнашганлар. Байрам бошланган кундан то якунигача бўлган даврда йигитлар ва қизлар дуппиларига қизил гул ғунчасидан қадаб юрганлар.
Далаларда қизғалдоқлар қийғос очилганда теварак атрофидаги қишлоқлар қизлари баланд тепаликка чиққанлар, сўнгра лолазор сайлига йул олганлар. Қизлар дойра жўрлигида ашулалар айтганлар, рақсларга тушганлар, ўйин-кулги қилганлар ҳамда қизғалдоқларни теришиб, турли кўкат ва гуллардан гулчамбарлар ясаганлар. Уларни сочларига тақишганлар, уйларига шод-хуррамлик ва қувонч билан қайтганлар.
Доривор ёввойи ўсимликларнинг мева ва илдиз меваларини теришга ошиққанлар. Болалар ўзлари терган табиат неъматларини қишлоққа олиб келишиб кексалар, қиз-жувонларга совға тариқасида берганлар. Улар эса гулларни кўзларига суртишиб, яна шундай эсонлик-омонлик кунларига етайлик деб ният қилганлар.
Хуллас қадимий этнологик маълумотларнинг тасдиқлашича гуллар сайиллари Ўзбекситонда, жумладан жанубий вилоятларда энг қадимдан кенг тарқалган севимли, шод - хуррамликларга бой байрамлардан бири бўлиб, кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |