Тупроқ ҳимояга муҳтож
Тупроқнинг бузилиши ва ифлосланишининг асосий сабабларидан бири инсоннинг ишлаб чиқариш хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлиб, кўпинча тупроқни регионал ва эколого –географик ҳусусиятлари эътиборга олинмайди. Натижада юзага келадиган салбий оқибатлардан бири- юқорида қайд этилганидек тупроқнинг сув ва шамол эрозияси жараёнларидир . Чунки, эрозия инсон учун катта офат, ҳосилдорлик душманидир.
Суғорилиб деҳқончилик қилинадиган районларда тупроқнинг қайта шўрланиши ва шўрланишга мойиллиги ортиб бормоқда.
Суньий сув ҳавзаларининг сони орта бориши оқибатида табиий ўтлоқ ва яйловлар маҳсулдорлиги камаяиб кетди. Кейинги йилларда Ер юзасида саҳроланиш жараёни кучаймоқда.
Фойдали қазилмаларни очиқ ҳолда қазиб олши натижасида тупроқ қопламининг бузилиб йўқолиши кучайиб ерларни рекультивацияга муҳтожлиги яққол сезилмоқда.
Тупроқнинг ҳолати ниҳоятда ёмонлашуви (дегумуфикация-гумумсизланиш)натижасида тупроқ чириндиси деярли 30-40 фоизга камайди. Таркибида гумус миқдори 1,5-2,0 фоиз бўлган суғориладиган бўз тупроқларда 0,7-0,8 фоиз чиринди қолди ҳолос. Натижада тупроқларнинг физик ҳоссалари ёмонлашиб ерга солинган минерал ва органик ўғитларнинг самарадорлиги камайиб кетди.
Азотли ўғитларнинг нитратли формалари тез минераллашиб (карбонатли бирикмалар билан) ер ости сувлари ва сув ҳавзаларига бориб тушиши натижасида одамлар ва ҳайвонларнинг заҳарланишига олиб келмоқда. Чунки қуруқ моддаси таркибида 0,2-0,5 фоиз азот нитрати бўлган ўсимлик ва унинг мевалари истьемол учун жуда хавфли ҳисобланади.
Фосфорли ўғитлардан ҳам самарали фойдаланмаслик оғир оқибатларга олиб келмоқда. Фосфорли ўғитлардан самарали фойдаланмаслик оқибатида фосфор ангидриднинг тез ўзлаштириладиган формаси сувга қийин эрийдиган приципитат Са3РО4 формасига ўтиб қолмоқда. Чунки бу ўғитларнинг олиниш манбаъларига қараб таркибида фтор аралашмалари, радиактив элементлардан эса уран, радий, стронцийларнинг борлиги аниқланган.
Иложи борича юқори ҳосил олишни таъминлайдиган ўғит нормаларини аниқлаш, шу мақсадда тупроқдан кўчиб юрувчи озиқ моддалар миқдорини, ҳамда ўсимликларнинг ривожланиш ҳусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўғитлар дозаси ва кўлланиш муддатларини аниқлаб олиш зарур. Бунинг учун эса ўғитлардан оқилона фойдаланиш мақсадида тупроқларни агрокимёвий диагностикадан ўтказишни ташкил этиш лозим.
Кейинги йилларда ўсимликларни ҳимоя қилиш мақсадида ҳилма –хил кимёвий воситалар- пестицидлардан пала-партиш фойдаланилмоқла. Чунки ҳали республикамизда бу дориларнинг энг самара берадиганлари, ишлатиш муддатлари, нормаси ва усули мукаммал ишлаб чиқилмаган.
Пестицидларнинг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш мақсадида унинг турлари такомиллаштирилмоқда, мутаген элементлар иложи борича модда таркибидан чиқариб ташланмоқда, тез парчаланадиганларини яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Кейинги йилларда атроф муҳитни оғир металлар билан ифлосланишдан муҳофаза қилишга катта эътибор берилмоқда. Кўпгина пестицидлар таркибида оғир металлар мавжуд. Агар уларнинг миқдори биосферада кўпаяверса тирик организмларда мутаносиблик бузила бошлайди, тупроқдаги микробиологик жараёнлар кескин ёмонлашади, тупроқдаги ферментация жараёни сустлашиб нафас олиш издан чиқади.
Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, тупроқ кундан -кун муҳофазага муҳтож бўлиб бормоқда. Юқори ҳосил олиш мақсадида тупроққа киритилаётган ҳар хил кимёвий бирикмалар таъсирида тупроқнинг ўз-ўзини тозалаш қобиляти, ҳимояланиш қобилияти издан чиқмоқда, чидамлилик қобилияти эса йилан-йилга сўниб бормоқда. Бундай зарарли оқибатларни бартараф қилишда биотехнология фанининг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланилган ҳолда тупроқ микрофлорасини яхшилаш, бунинг учун тупроқда беминнат “ошпазлик” ва “санитарлик” вазифасини бажарувчи фойдали микроорганизмларнинг фаолиятидан кенг фойдаланиш ҳозирги даврнинг энг муҳим масалаларидан биридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |