10.4. Пўстлоқ гиперкинезлари
Пўстлоқ гиперкинезлари амалга ошиши пўстлоқнинг бевосита иштирокида рўй беради. Бу гуруҳ 3 та гиперкинезлар гуруҳидан иборат:
Кортикал (Жексон) эпилепсия, кожевников эпилепсияси, ва гемитония (Бехтерев бўйича). Гиперкинезларнинг умумий хусусияти клиник манзарада доимо фокал клоник талваса бўлишидир, улар пўстлоқнинг мотор зонаси таъсирланиши оқибатида пайдо бўлади.
Кортикал жексон эпилепсияси қўл, оёқлар ёки юздаги доимий, аритмик ёки ритмик клоник талвасалар бўлиб, улар вақти-вақти билан эпилептик тутқаноқлар билан алмашинади. Пўстлоқнинг мотор ва премотор зоналари зарарланганда кузатилади. Жексон эпилепсияси танани бирор қисмида ёки бир томонида мушаклардаги талвасали разрялар билан характерланадиган эпилепсиялардир. Ж.Жексон 1870 йилда тутқаноқларнинг нейрон разрядларнинг катта мия ярим шарларнинг марказий эгати соҳасида тегишли пўстлоқ соматотопик жойлашишини батафсил баён этди. Жексон эпилепсияси фокал эпилептик пароксизмларнинг умумлашган ниҳоятда аниқ мойиллик билан намоён бўлишидир. Жексон эпилепсиясининг клиник манзараси эс-ҳуш тиниқ бўлгани ҳолда талвасали пароксизмларнинг у ёки бу сегментнинг мушакларида ёки оёқ-қўллар мушакларининг чегараланган гуруҳида ёҳуд юз мушакларида пайдо бўлиб, кейинчалик бир томондаги оёқ-қўлларга ё бўлмаса юз мушакларига тарқалиши билан тавсифланади. Талвасалар одатда клоник табиатда бўлади, кўпинча қисқа тоник босқичдан кейин пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда талвасалар юз ёки оёқ-қўлларнинг, тананинг бирор сегментидаги мушакларда чегараланиши мумкин. Бошқа ҳолларда тутқаноқ тарқоқ бўлиши(генериализациялашган) мумкин - талвасалар тананинг бошқа томонига тарқалади, бемор ҳушидан кетиши эҳтимол. Талвасалар тескари тартибда тўхтайди. Тутқаноқлар бошланган оёқ-қўлларнинг тутқаноқдан кейин қисқа муддатли парези ҳарактерли. Асосий касаллик даволанади, шунингдек талвасага қарши препаратлар билан даволанади, дегидратацион терапия ўтказилади.
Кожевников эпилепсияси муқим ёки қисқа танаффусли клоник талвасалар билан тавсифланадиган синдром бўлиб, вақти-вақти билан зўрайиб, даврий тутқаноқлар билан тугайди. Эпилепсиянинг бу алоҳида клиник турини биринчи марта 1894 йилда А.Я.Кожевников баён этган. А.Я.Кожевников баён этилган клиник манзара асосида миянинг бошдан кечирилган менингоэнцефалит туфайли зарарланиши ётади, деб ҳисоблаган. Клиник манзара тананинг маълум жойларида интенсивлиги ўзгариб турадиган турғун миоклоник гиперкинез мавжудлиги билан тавсифланади. Жуда кучаядиган клоник локал талвасалар вақти-вақти билан тарқалиб кетган эпилептик тутқаноқларга айланади. Кожевников эпилепсияси аксари ёшлик даврида, шунда ҳам кўпроқ эркакларда кузатилади. Гиперкинез ташқи таъсиротларда, ҳис-ҳаяжонда, ухлаш олдидан ва уйқудан тургандан кейин, бирорта мақсадли ҳаракатлар қилганда зўраяди, эпилептик тутқаноқлар тутишидан олдин жуда зўраяди, тутқаноқ тутгандан кейин қисқа муддатга йўқолади. Вақти-вақти билан зўраядиган гиперкинез Жексон марши билан бошланиб, тарқоқ (тарқалган) эпилептик тутқаноққа айланиб кетиши мумкин. Кожевников эпилепсияси алоҳида гуруҳдаги мушакларда гемитип бўйича вақти-бевақт тарқаладиган клиник талвасалар билан таърифланади. Шуниси билан Кожевников эпилепсияси икки томонлама гиперкинез билан характерланадиган миоклонус-эпилепсиядан фарқ қилади. Турли хилдаги мушаклар гуруҳида тарқаладиган, тартибсиз равишда тўсатдан, яшин тезлигидаги турткилар билан ўтади, баъзан беморларнинг йиқилишига олиб боради.
Кожевников эпилепсиясида сўрилтирувчи терапия, талвасага қарши препаратлар буюрилади. Бош миянинг серологик тасдиқланган цистицеркозида, менингоэнцефалитда антибиотиклар, рентгенография қўллаган яхши.
Гемитония (Бехтерев бўйича) оёқ-қўлларнинг бир томонлама клоник, аритмик талвасалардир. Бош мия пўстлоғи ва пирамида йўллар зарарланганда кузатилади.
Экстрапирамидал патология доирасида синдромлар патогенези кам ўрганилган, юз гемиспазми, юз параспазми ва Рюльфнинг юз талвасаси синдроми билан кўриб чиқилади.
Юз гемиспазми юзнинг бир томон ярми мушакларининг хуружсимон талвасали қисқаришидир. Юзнинг гемиспазми юз бир томон ярмида вақти-вақти билан талвасали қисқаришлар рўёбга чиқади. Дастлаб талваса кўзнинг айлана мушагида пайдо бўлиб, аста-секин қолган мушакларга тарқалади. Хуруж бир неча секунддан бир неча минутгача чўзилади. Талвасалар бир нечта клоник қисқаришлардан иборат бўлиб, улар юз нервини электр токи билан таъсирлаганга ўхшаш тоник қисқаришларга қўшилиб кетади. Хуружларга ҳаяжонлашиш, ташвишланиш, толиқиб қолиш сабаб бўлади. Юзнинг иккинчи ярми мушаклари хам жараёнга тортилганда юз параспазми пайдо бўлади. Ташхис қўйишда юзнинг постпаралитик контрактурасидан қиёслаш керак, унда фалажлик симптомлари бўлади. Тикдан фарқи хуружли тоник босқичлар, оғриқли тикдан фарқи уч шохли нерв невралгиясида оғриқ бўлмайди. Даволаш седатив ва транкивилизаторлар, физиотерапия, игна санчиб даволаш билан олиб борилади.
Клоник блефароспазм ёки кўзнинг пирпираши беихтиёр, яшин тезлигидаги табиатда бўлади. Тоник блефароспазм симптоматик ва эсенциал бўлади. Симптоматик тоник блефороспазм одатда кўзнинг олдинги бўлимининг турли хилдаги касалликларида уч шохли нервнинг рефлектор таъсирланиши, кўпроқ кератоконюктивит ёки уч шохли нерв тармоқлари таъсирланиши оқибатида пайдо бўлади. Эссенциал блефароспазм функционал касаллик бўлиб, кекса одамларда ёшга алоқадор ўзгаришлар ёки анча ёш одамларда психоген сабаблар пайдо қилган функционал касаллик ҳисобланади. Истерик блефароспазм доимо икки томонлама бўлади ва асосан ёш жувонларда тўсатдан, ҳеч қандай сабабсиз пайдо бўлади. Бир неча соатдан кейин, баъзан эса бир неча хафта ўтгач, спазм қандай пайдо бўлган бўлса, худди шундай ўз-ўзидан йўқолади. Симпатик блефароспазмларни даволашда энг аввало таъсирлайдиган манбани бартараф этиш, эссенциал блефароспазмда эса неврозни даволаш керак.
Рюльф талвасаси оёқ-қўллар ёки юзнинг ҳар қандай мушагида хуружсимон бошланиб, аста-секин тана ярмининг ҳамма ерига тарқаладиган тоник ва клоник талвасалар билан намоён бўлади. Хуруж бирдан тез ва яъни ўз-ўзидан ҳаракат қилгандан кейин пайдо бўлади. Чалғитадиган усуллар (сиқиш, оғритиш) дан кейин талвасаларнинг тўхташи характерли. Болалик ва ёшлик даврида пайдо бўлади. Жексон эпилепсиясидан фарқи шуки, беморлар ҳушидан кетмайди, фалажликлар бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |