6.1.1.2.Ўткир сероз менингит.
Ўткир сероз (лимфоцитар) менингитларни асосан Коксаки ва ЕСНО энтеровируслари келтириб чиқаради. Энтеровирус инфекцияси жуда юқумли бўлганлиги сабабли у пайдо қилган касалликлар эпидемия кўринишида бўлади.
Лимфоцитар менингитнинг инкубацион даври 7 кунгача давом этади.
К л и н и к а. Энтеровирусли сероз менингит бирдан тана ҳароратининг кўтарилиши, қаттиқ бош оғриши, қусиш билан бошланади. Одатда беморнинг лабларида ва бурун соҳасида герпетик тошмалар тошади ёки герпетик ангина бўлади. Клиник неврологик текширувда менингеал синдром яққол аниқланади. Орқа мия суюқлиги тиниқ, юқори босим остида чиқади, унда лимфоцитар плеоцитоз топилади, оқсил ва глюкоза миқдори ўзгармайди.
Энтеровирус менингитлар хавфсиз кечади. Бироқ 30% ҳолларда улар қайталашга мойил бўлади.
Т а ш х и с л а ш. Ташхисни ўзига хос клиник манзара ва орқа мия суюқлиги текшируви натижалари асосида қўйилади.
Д а в о с и. Энтеровирус менингитлар асосан симптоматик даволанади. Даво муолажалари бош оғриғини камайтириш ва бош мия шишини олдини олишга қаратилади.
6.1.2.Сурункали менингитлар.
Сурункали менингитлар сурункали инфекцияларда: сил, бруцеллёз, захм, лептоспироз, ОИТС, паразитар зарарланишлар (цистицеркоз) ва бошқаларда ривожланади.
С и л м е н и н г и т и. Сил менингити силнинг гематоген - диссеминирланган турида ривожланади. Инфекция бош мия пардаларига гематоген йўл билан қоринчалар қон-томир чигаллари орқали тушади.
П а т о м о р ф о л о г и я. Одатда бош мия асосида сил дўмбоқчалари тошмалари кўринишидаги ўзига хос яллиғланиш юзага келади. Пардалар хиралашади, паутин парда ости соҳасида экссудат йиғилади. Сил дўмбоқчалари казеоз емирилиши мумкин, бош мия қоринчалари кенгаяди.
К л и н и к а в а т а ш х и с л а ш Касаллик аста-секин ривожланади. Беморнинг ҳоли қурийди, иштаҳаси йўқолади, кундузи уйқу босади, субфебрилитет пайдо бўлади. Бу белгилар тобора кучайиб, уларга бош оғриғи ва қусиш қўшилади. Рухий бузилишлар кузатилиши мумкин. 2-3 ҳафтадан сўнг менингеал синдром: Керниг ва Брудзинский синдроми, энса мушаклари ригидлиги, умумий гиперестезия ривожланади. Кейин калла суяги нервлари - кўзларни ҳаракатлантирувчи, юз ва бошқа нервларнинг зарарланиш белгилари пайдо бўлади.
Орқа мия суюқлиги тиниқ, плеоцитоз 1 мм3да 100-300 ҳужайра, асосан лимфоцитлар ҳисобига, оқсил миқдори анча ошади 1-5 г/л гача, глюкоза миқдори камаяди.
Д а в о л а ш. Даволашни махсус воситалар билан ўтказилади: изониазид, рифампицин ва пиразинамид билан 3 ой давомида, сўнг изониазид ва рифампицин билан 7 ой даволанади. Изониазид кунига 15 мг/кг миқдорида, пиразинамид 30 мг/кг, рифампицин 600 мг дан кунига 1 махал тайинланади. Изониазид организмда пиридоксин танқислигини келтириб чиқаради. Шунинг учун изониазид билан даволаганда пиридоксин кунига 30 мг миқдорида тайинлаши шарт. Силга қарши воситалар яхши таъсир қилмаганда, уларга стрептомицин қўшилади.
Сил менингити билан касалланганларнинг 10%и вафот этади. Касаллик болалар ва қарияларда айниқса оғир кечади. Сил менингитини бошидан ўтказгандан сўнг тутқаноқ ҳуружлари, руҳий бузилишлар, кўз ҳаракатлари бузилишлари каби резидуал симптомлар сақланиб қолиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |