Учинчи боб бўйича хулоса
Бадиий асарда бадиий хронотоп ҳам бадиий асардаги воқелик орасида кечувчи тафсилотлар гўзаллигини кашф қилишга қаратилганлиги билан характерлидир. Бадиий хронотоп шакли замон ва маконда кечувчи воқеалар силсиласида такомиллашади. Дарҳақиқат, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” номли муҳташам тарихий эпопеяси Соҳибқирон даври ўтмишининг маълум чегараларда “юлиб олинган” воқеликнинг поэтик ифода маҳсулидир. Унда иштирок этувчи тарихий шахслар руҳиятида кечувчи психик ўзгаришлар давомийлиги матн таркибида ёзувчи ғоясини ёритишга қаратилганлиги билан ўлчанади. Айниқса, сарой ва салтанат довруғини кўкларга чиқарган адолат тантанаси, ислом дини пешволарининг гўзал ҳамда ибратли ҳаёт йўли, илм-у маърифат ҳомийси Соҳибқирон тимсолида, Мир Саййид Барака тимсолида авлиёлар, муқаддас қадамжоларнинг обод бўлиши негизида янада ёрқин саҳифалар намоён бўлади. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, бадиий замон ва макон шакли асарнинг бутун бошли архитектоникасида композицион бутунликни таъминлашнинг энг мақбул шартларидан бири сифатида кўзга ташланади. 1370-1405 йилларда қарийб ўттиз беш йиллик хронологик йўллар мундарижаси аслида ҳар бири алоҳида роман, достон, қиссага арзигулик воқелар бўлиб, улар бадиий хронотопни юзага чиқишида муҳим объект вазифасини ўтайди. Чунончи ҳар бир аслзоданинг ҳаёт ва фаолият йўли тарихда жуда кўплаб муаррихлар томонидан ёзиб қолдирилган. Шунга
қарамай, “Улуғ салтанат”даги тасвир ва меъёр масаласи ҳам ниҳоятда
кенглиги билан тубдан фарқланади. Мазкур ўринда тарих ва ҳаётий ҳақиқат, бадиий тўқима ва ёзувчи ижодий нияти учрашуви – зукко ўқувчини ҳайратга солмасдан қолмайди. Шуларни эътиборга олиб боб бўйича қуйидаги хулосаларни келтирамиз:
Етмиш бир йил умр кўрган ҳукмдор, азм-у шижоатда қатъий Амир Темур доимо салтанат ишларида тадбир, машварат, кенгаш билан иш тутади. Буларнинг барчаси “Улуғ салтанат”дек асарда ўзига хос тарзда бадиийлик жиҳатидан ёрқин бўёқларда акс этганлигини эътироф этиш жоиз.
Тетралогияда бадиий замон категорияси ва ифода усулида йўл, мактуб, хотира, диалог хронотоплари ёзувчи ижодий изланишлари маҳсули саналиб, Амир Темур олиб борган ислоҳотни, даврнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини, фарзандларнинг бир-бирига муносабатини ёрқин бўёқларда акс эттиришга хизмат қилганлигини кузатиш мумкин.
Йўл хронотопида ёзувчи Амир Темурнинг ҳарбий юришларида қўллаган стратегияси, ободонлаштиришга қўшган ҳиссаси, муқаддас қадамжоларни қайта таъмирлаши яққол бунинг исботидир. Айнан, ёзувчи Амир Темур шахсини бунёдкорлик ишларини бажарувчи улкан шахс сифатида тасвирларининг ўзиёқ бунга мисолдир. Амир Темур ботинидаги улкан ғоялар унинг сафарлари давомида аста-секинлик билан баркамоллашиб, амалий ҳаётга кўчганини маҳорат билан тасвирлай олган.
Диалог, мактуб хронотоплари майда давлатларни бирлаштиришда, кенг бунёдкорлик ислоҳотларининг қарор топишида ўзига хос ўрин эгаллайди. Асарда Соҳибқироннинг мактуб шаклидаги муносабатида чуқур фикр ва тадбир ҳомийси эканлигини биламиз. Негаки, мактубларнинг аксарият қисми Амир Темурнинг ўзи тайинлаган давлатлар, вилоятларнинг ҳокимлари билан кечган ўзаро келишув қарорлари бўлганлиги эътиборга лойиқдир.
Умуман олганда, бадиий хронотоп масаласи бадиий асар сюжетида рўй бераётган воқеликнинг ўқувчига қизиқарли бўлишида ҳамда характернинг зоҳирий ва ботиний қирраларини кашф қилишда вазифавий аҳамияти катта.
Шунингдек, нутқ шакллари, овозлилик, рамзий ишораларни аниқлашда ёзувчи содда тилда тушунтиришга эришган. Асардаги архаик сўзлар баъзи тасвирларда бугунги кунимизда истеъмолда бўлган атамаларнинг синонимлари тарзида берилган. Зеро, ёзувчининг энг асосий мақсади Амир Темур салтанатининг улуғлигини, куч-қудратини, ҳам ота, ҳам подшоҳ, ҳам маънавият фидойиси эканлигини бугунги кун ўқувчисига янада яқиндан таништиришдан иборат. Бу жиҳати билан ҳар бир замондош инсон тарих саҳифаларидаги ўткир ҳақиқатларни тушуниб олишда амалий қўлланма тарзида ҳам фойдаланиши мумкин. Бадиий асардаги тарихий ҳақиқат ва замон масаласи ёзувчининг узоқ йиллик изланишлари маҳсули эканлигини унутмаслик лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |