Ёдгорлик жойлашган ҳудуднинг табиий шароитлари, табиий бойликлари, иқтисодий ресурслари табиий ва иқтисодий география фани мисолида ечиб берилади. Қадимги инсонлар яшаш жойини танлашда географик омилларга жуда катта эътибор беришган. Табиий ресурслар инсонларнинг яшаши учун қулайлик туғдиради. Масалан, Тиллабулоқ ёдгорлиги шу номдаги булоқ бўйида бунёд этилган. Натижада, аҳолининг ичимлик суви ва деҳқончилик учун суғориладиган майдони муаммоси ҳал этилган.
Сополлитепа эса Кўҳитанг тоғидан тушиб келаётган Уланбулоқсой бўйида жйлашган. Уланбулоқсой сувини деҳқончилик майдонларига ариқлар ёрдамида бемолол олиб бориши мумкин бўлган, чунки сувнинг оқиш тезлиги баланд бўлган. Жарқўтонда эса Бўстонсойнинг қайири кенг бўлган.
Энг асосий табиий омил эса Хўжаикон туз конининг Кўҳитангда жойлашишидир. Сополли маданияти аҳолиси туз савдоси билан шуғулланган.
Энеолит ва бронза даврининг яна бир ёдгорлиги Саразм эса Зарафшон бўйида жойлашган. Зарафшон олтин конини кашф этган энг қадимги аҳоли Саразмликлар бўлади. Улар Қадимги Шарқ шаҳарларини олтин билан таъминлиган ва олтин савдосини йўлга қўйган.
Бир қатор географик фанлар борки уларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш зарур бўлади. Бу фан тармоқларисиз археологияни тасаввур қилиш мумкин эмас.
Археология ва тарихий география.
Қадимги қишлоқ ва шаҳарларларни археология фани аниқлаб берса, тарихий география эса қайси шаҳар ёки қишлоқ эканлигини аниқлайди. Бу илмий йўналишда Ўзбекистонда катта ишлар амалга оширилмоқда. Шамсиддин Камолиддиновнинг Қадимги Бақтрия-Тохаристон, Сўғд, Фарғона ва Шош шаҳар ва қишлоқларининг локализацияси масаласидаги тадқиқотлари мавжуд бўлиб, асосан археологик ёдгорликлар ва уларни форс ва араб манбаларига таққослаб тарихий хулосалар чиқарган.
Археология ва минерология.
Минерология фани тошлар ҳақидаги фан бўлиб, тошларнинг таркибини аниқлайди. Тошлар асосан уч турга бўлинади: 1. Қимматбаҳо (зумрад, олмос, оникс); 2. Ярим қимматбаҳо (стеатит, хлорит, серпантин, мармар) ва 3. Оддий тошлар (оҳак, гипс, дарё тошлари). Таркиби жиҳатдан ҳам тошлар турли хилдир. Юмшоқ, қаттиқ таркибли тошларга ҳам бўлинади. Тошларнинг юмшоқ ёки қаттиқлик даражаси шиша билан аниқланади. Шиша билан тошга чизилганда тирналса юмшоқ, изи қолмаса қаттиқ таркибли дейилади. Масалан, мармар юзасига чизилганда из қолади. Қадимги аждодларимиз деярли барча тошлардан фойдаланган.
Минерология асосида халқларнинг маданий алоқалари жуда яхши кузатилади. Жумладан, Лазурит тоши асосида Бадахшон лазуритининг тарқалиш йўли аниқланган ва тарих фанага энг қадимги йўл – Лазурит йўли тушунчаси киритилган.
Эрон минерологиясига хос бўлган хлорит тошининг тарқалиши бўйича Элам маданиятининг маъданий таъсири аниқланмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |