Рицарлик тарбияси. Ғарбий Европада ҳам дунёвий феодаллар муҳитида рицарь фазилатларига эга бўлган тажрибали, моҳир ва мард жангчи, шунингдек, олижаноб, назокатли, одобли, хушмуомалали, виждонли, фидокор ва содиқ инсон — тарбияси билан боғлиқ алоҳида тарбия тизими, яъни рицарь тарбияси майдонга келди.
Ғарбий Европа мамлакатларида рицарь тарбияси XII асрга келиб тўла таркиб топди ва ривожланди. Рицарь тарбиясининг мазмуни, «рицарларга оид етти фазилат»дан ташкил топди. Бу фазилатлар қуйидагилардан иборат эди: от миниб юришни, қиличбозликни, найзабозликни, суза олиш, ов қила билиш, шашка (кейинчалик шахмат) ўйнашни билиш, шеър тўқиш ва қўшиқ айта олиш. Бу фазилатлардан биринчи ўринда турган учтаси рицарга берилмоғи зарур ҳарбий тарбияга тааллуқлидир: рицарь отлиқ аскар, қилич ва найза эса ўша замон жангчисининг асосий қуроли эди. Сузиш ва ов қилишни билиш жисмоний чиниқиш, чаққонлик ва бардошлиликни ўстириш учун талаб қилинарди. Бундан ташқари, ов қилиш, шунингдек, ўзининг қаердалигини аниқлай билиш (ориентация қобилияти), топқирлик, ҳушёрлик, душманнинг изини топиш ва шу каби сифатларни ўстириш воситаси ҳисобланарди. Шашка ва шахмат ўйини, бир томондан, бекорчи вақтини банд қилиш, яъни ҳужум ва мудофаа режасини туза билиш қобилиятини ўстириш воситаларидан ҳисобланарди. Шеър тўқиш ва қўшиқ айта билиш эса ўзининг сюзеренига (кичик феодаллар устидан турган ҳоким, бошлиқ ва рицарнинг ҳомийси) мадҳия ўқиш ва ўзининг содиқлигини изҳор қилиш, унинг мардлигини, зафарларини, қаҳрамонлигини мақташ ва шу орқали унинг илтифотига сазовор бўлиш ҳамда ўзи учун маҳбуба қилиб белгиланган феодал хоним-бегимга мадҳиялар ўқиш учун талаб қилинар эди. (Ўрта асрларда Ғарбий Европа дворянлар жамиятида шундай расм бор эдики, бунга мувофиқ ҳар бир рицарь биронта аслзода феодал хонимнинг ҳомийлигида бўлмоғи лозим эди, рицарь ўзининг ҳомийси бўлган хонимни («дама сердца») дилига жо қилиб, унинг олдида тиз чўкар ва ўзини унга бағишлар эди).
Рицарга оид ана шу еттита фазилатни эгаллаш билан бирга, ўша даврларда дворянлар жамиятида қабул қилинган одоб ва назокат қоидаларини ўргатиш ҳам рицарь тарбиясининг мазмунига кирар эди.
Рицарь тарбиясининг амалий йўллари қуйидагилардан иборат эди: феодал ўз ўғилни 7 ёшданоқ сюзереннинг саройига жойлаштирар эди; бу ерда унинг ўғли 14 ёшгача паж вазифасини бажарар эди, яъни овқат вақтида хизмат қилар, сюзерен хони, феодал бегимнинг ва бошқа хонимларнинг юмушларини қилар, улар билан бирга сайрга чиқар, саройдаги қабул маросимларида ҳозир бўлар, ҳар қандай сарой байрамида ва томошаларида иштирок қилар ва шу туфайли феодал дворянлар жамиятидаги расм ва қоидаларни эгаллаб олар эди, сўнгра 14 ёшдан 21 ёшгача сюзереннинг қурол-яроғини кўтариб юриш вазифасини бажарар эди. У сюзереннинг қурол-яроғини тартибда сақлар, сюзерен билан бирга жанг ва урушларда иштирок қилар, у билан овга чиқар, ҳарбий мусобақа ва ўйинларда, турнирларда (рицарларнинг куч синаш мусобақаларида) иштирок қилар ва шу туфайли ҳарбий билим ва ҳарбий санъатни эгаллаб олар эди. 21 ёшга кирганда унга катта тантана билан рицарлик унвони берилар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |