Шаҳар мактабларининг вужудга келиши. Ғарбий Европада XII—XIII асрларда ҳунармандчилик ва савдонинг ривожланиши шаҳарларнинг ўсишига ва шаҳар маданиятининг вужудга келишига сабаб бўлди. Шаҳарнинг асосий аҳолисини ташкил қилувчи ҳунарманд ва савдогарлар ўз болаларига амалий фаолият учун зарур бўлган билим беришни истар эдилар. Улар ўша даврларда черков мактабларидан қаноатланмадилар. Ҳунармандлар цехларга уюшиб, ўзларининг цех мактабларини оча бошладилар, бундай мактабларда ҳунармандларнинг болаларига ўз она тилларида ўқиш ва ёзиш, ҳисоб ва дин ўргатилар эди: ҳунар эса уйда — оталарининг устахонасида ўргатилар эди. Гильдияларга уюшган савдогарлар ҳам ўзларининг гильдия мактабларини оча бошладилар ва ўз болаларига дастур асосида билим бера бошладилар. Кейинроқ бориб цех ва гильдия мактаблари магистрат мактабларига, яъни шаҳар бошқармаси (магистрат) ҳаражатидаги мактабларга айланди.
Бу мактабларнинг мудир ва ўқитувчилари тегишли цех, гильдия ва магистратура томонидан тайинланардилар ва улар черковга қарам эмас эдилар. Бу мактабларда пул тўлаб ўқиларди.
Черковга қарашли диний мактабларга нисбатан, бу мактабларда диний расмлар билан бир қаторда амалий иш учун зарур бўлган хат, савод ва ҳисоб малакаларини эгаллашга кўпроқ эътибор бериларди. Баъзи мактабларда эса грамматика, риторика ва геометрия ўқитилар эди.
Бир талай цех, гильдия ва магистрат мактабларида ўқиш лотин тилидан она тилига кўчирилди ва лотин тили эса айрим ўқув фани бўлиб қолди.
Мазкур мактаблар билан бир қаторда хусусий мактаблар очила бошлади. Хусусий мактабларда ўқиш она тилида олиб борилар эди ва ўқиш учун пул тўланар эди.
Цех, гильдия ва магистрат мактабларининг вужудга келиши, Ғарбий Европа мамлакатларидаги мактаб ишининг тараққиётида катта ютуқ эди. Ҳаёт талабларига жавоб берадиган шаҳар мактаблари аста-секин ривожланиб борди. XV асрга келиб бундай мактаблар Ғарбий Европа мамлакатларининг деярли ҳамма йирик шаҳарларида мавжуд эди.
Европада дастлабки университетлар ҳамда Академияларнинг ташкил топиши ва улардаги таълим тизими. Европада биринчи университетлар XII асрнинг иккинчи ярмида Италияда (Болонья шаҳрида), Англияда (Оксфорд шаҳрида), Францияда (Парижда) ташкил қилинди. Бу университетлар дастлаб профессор ва студентларнинг мустақил идора қилинадиган уюшмаси (корпорацияси)дан иборат эди. Кейинчалик XIII асрда бу корпорациялар ўз-ўзини идора қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда давлат томонидан расмий тасдиқланди. Черков эса университетни тамомлаган студентларга илмий даража ва ўқитувчилик ҳуқуқини беришни ўз ихтиёрига олди. Ана шу тариқа университетлар расмий ўқув муассасасига айланиб қолди. XIV—XV асрларга келиб университетлар Европа мамлкатларининг ҳаммасида очилган эди.
Ўрта аср университетларида тўрт факультет бўлар эди. Тайёрлов факультетида «етти эркин санъат» (травиум ва квадрилиум) фанлари ўқитилар эди. Бу факультет ўрта мактаб вазифасини бажарарди. Бу факультетда 6—7 йил ўқиб, «санъат магистри» даражасини олар эди. Шундан сўнг улар асосий уч факультетдан бирида: илоҳиёт, медицина ёки юридик факультетида ўқишни давом эттириш имконятига эга бўлар эди. Бу фаультетларда ўқиш муддати 5—6 йил бўлиб, уни тамомлаганлар доктор, ёки олим унвонини олар эди.
Ўрта аср университетлари черков назорати остида ишлаганликлари оқибатида схолистика руҳидаги мактабга айланиб қолган эдилар. Бунда атроф-теваракда реал факт ва ҳодисаларни ўрганиш билан эмас, балки черков руҳонийлари томонидан маъқулланган ва тавсия қилинган китобларни ёдлаб олиш билан шуғулланардилар. Шу сабабдан бунда ўқиш қуруқ қироатхонликдан иборат бўлиб қолди. Университетларда ўқитиш методлари лекция, черков томонидан тасдиқланган дарслик ва асарларни ёдлаш ва диспут (мунозара)лардан иборат эди. Университетларда ўқиш фақат лотин тилида олиб борилар эди.
Университет таълимининг ва ундаги методларнинг схоластик мазмунидан қатъи назар, Ўрта аср университетлари Европа маданиятининг ривожланишида катта роль ўйнайди. Улар маърифат тарқатиш ва ўша даврдаги маълумотли кишиларни етиштиришда катта хизмат қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |