Мақоланинг тадқиқот объекти. Ушбу мақолада ҳам тадқиқот объекти сифатида олтой тили олингани учун биз фақат олтойча номларга тўхталамиз ва уларни бошқа туркий номлар, жумладан ўзбек тилининг қипчоқ лаҳжасидаги талаффуз билан қиёсий таҳлил қиламиз.
Маълумки топонимлар ўз ўрнида гидронимлар, дромонимлар, оронимлар, урбанонимлар, ойконимлар каби онамастик таснифларни ўз ичига олади. Олтой тоғли ўлка ҳисоблангани учун бу ерда асосан оронимлар, гидронимлар ва ойконимларда ишлатилган лексемалар муҳим аҳамият касб этади.
- Мавзуга оид адабиётларнинг таҳлили (Literature review). Асосий қисм. Топоним ва ороним сифатида Олтой сўзининг ўзи жуда катта баҳсларга сабаб бўлиб келган. Рус этимологлари талқин қилишича олтой(алтай) сўзини мўғул тилидаги “алтан” - олтин сўзидан олинган, дея таъкидлашади. Жумладан О. Т. Молчанова ўзининг “Тоғли Олтойнинг топономик луғати” да А. Гумбольд, В. В. Бартольд, В. В. Радлов, Г. К. Конкашпаевларнинг фикрларини келтириб ўтади2:
А. Гумбольднинг фикрича3 Алтай сўзи хитой ва мўғул тилида олтин тоғ (Алтаун оола) маъносини билдиради. В. В. Бартольд фикрича4 эса Олтой Алтын-йыш “олтин қора ёки қоронғулик” маъносини билдиради. Шунингдек у юнон сайёҳларининг ёзувларида Олтой Ақтағ-Оқ тоғ деб аталгани келтириб ўтилади. В. В. Радлов эса “ал” ўзагидан келиб чиқиб “Ал + тай”, ал -“олтин” ва “тай” тоғ сўзлари бирикмасида ҳосил бўлганлигини ва эҳтимол ала + тау яъни “олтов” бўлиши мумкинлигини билдиради.
Г. К. Конкашпаев эса ҳамма версияларни умумлаштирган ҳолда бутунлай бошқача фикр билдиради. Унинг фикрига5 кўра А. Гумбольд, В. В. Бартольд ва В. В. Радловлар айтганидек “тай” сўзи ҳеч қайси туркий тилда, жумладан маҳаллий олтой ва хакас тилида ҳам “тоғ” маъносини билдирмайди. Шунингдек, у Олтой азалдан туркий халқлар ери бўлганлиги, туркийлар эса ўз жойларини бошқа тилда номлайдиган ёки ўзлари номлаган жойларни унутиб қўядиган халқ эмаслигини таъкидлайди. Г. К. Конкашпаев ўз версиясида “тай” бўғини нисбий сифат ясовчи қўшимча эканини таъкидлаб, “олтин тоғ”, “баланд тоғ” каби версиялар ўрнига Алтан+тай ва Алт+тай яъни “Олтинли”, “олтинга бой” маъносини билдиришини айтади. О. Т. Молчанова ҳам ўз қиёсий таҳлилларига кўра Г. К. Конкашпаев версиясини ишончли деб топади.6
“Олтой” сўзининг этимологияси хусусида Ўзбек халқининг қипчоқ уруғлари ривоятлари ва маталларида ҳам айрим ҳақиқатга яқин версиялар учрайди. Сурхондарё ва Қашқадарё этник ўзбекларида “Олтой олти ойлиқ жўлда” деган ибора сақланади. Шунингдек маҳаллий аҳоли оғзаки ижодиётида сақланган термаларда қўйидаги жумлалар учрайди: “Олти ойлиқ жўлимов, адоғи жўқ чўлимов, бориб-қойтар жойловим, ойналайин Олтойим, бир ойналиб қойтайин”. Бунда “бориб-қойтар жойлов” човадорларнинг йиллик циклда чорваларни ўтлатиш ҳудудларини англатади.
“Алпомиш” достонида рўй берган воқеларнинг даври ва географияси таҳлилига кўра ҳам Тойчахон юрти саналган Қалмоқ мамлакати ўша даврда Олтойда бўлган. Достоннинг ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқ версияларида Алпомиш Қалмоқ юртига олти ой йўл юриб борганлиги айтилади. Бундан кўринадики, “Олтой” – “олти” + “ой” сўзлари бирикмасидан ҳосил бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Олтой томонимлари орасида энг эътиборга молик яна иккити “Бий” ва “Хотин(Катун)” дарёлари номлари сақланган бўлиб, туркийлар этник тарихи ва фольклорида ушбу номлар муҳим аҳамият касб этади. Ривоят қилишларича Олтойхоннинг гўзалликда тенги йўқ Хотин(Қатун) исмли қизи бўлган экан. Қиз Уч Сумер7 тоғининг у томонида яшайдиган Бий исмли йигитни яхши кўрар экан. Аммо Олтойхон қизини Бийга беришни хоҳламабди. Аксинча ўз юртидан, ўзи хоҳлаган ботирга беришини айтибди. Буни эшитган Хотин тунда тоғ тепасидан пастга қараб қочибди. Жаҳлга минган хон унинг ортидан лашкарларини жўнатибди. Хотин эса тоғу тошларни ёриб ўзига йўл очиб бораверибди. Тоғнинг у томонида туриб бундан хабар топган Бий ҳам пастга қараб югурибди. Иккиси тоғдан водийга тушиб, битта дарё Об8га бирлашиб кетишибди. Шундан буён икки дарё қирғоқларида яшайдиган туркий халқлар ўзларини Бий(эркак) ва Хотиннинг болалари, деб билишади.
Катун (хотин дарёси) Уч Сумер тоғи музликларидан бошланади. Дарёнинг 254 та ирмоқлари бўлиб улар асосан туркий ёки русча номлар билан аталади. Ирмоқлар орасида Чуй, Қоракўл, Кўкча, Алғайир, Майма, Соузға, Қамишла, Усттўба, Шашқулар, Қуюм, Чемал, Титкескен, Аюли, Айлуғаш, Сарали, Аққам, Кўраган, Тунгур каби туркий номлар сақланиб қолган.
Катун (хотин дарёси) асосан машҳур Чуя тракти бўйлаб оқади. Дарё бўйида жойлашган Усть-Кокса, Уймон, Ақ-Қоба, Қатанда, Тюнгур, Чемал, Сарағаш, Қатун, Майма, Қарасуқ, Чуя каби 70 фоиз аҳоли яшаш пунктлари номлари туркий номлардир.
“Бий” дарёси атрофида ҳам асосан туркий халқлар истиқомат қилади. Олтойлар гидронимларни номлашда “дарё” топоформантидан фойдаланмайди. Барча гидрономлар сай, су, ўзен, ариқ, ирмақ, кўл, тенгиз, булақ каби соф туркий топоформантлар орқали ҳосил қилинади. Бий дарёсини ҳам айни сабаб билан “Бийсу” деб аташади. Бийсу олтойликлар учун муқаддас жойларидан саналган Олтинкўл(Телес) кўлидан бошланади. Олтинкўлни биринчи бор бу ерларни тадқиқ қилган рус сайёҳлари кўл атрофида яшовчи телес(телеут) уруғи вакиллари номи билан “Телес” кўли деб номлашган. Телес кўлининг ён атрофидаги Артибаш, Жайлов, Йоғоч каби ўнлаб аҳоли пунктлари жойлашган бўлиб, улар Тоғли Олтой республикасининг Тўрачақ ва Улаған туманлари таркибига киради.
Олтой халқи, Олтой Республикаси ҳудудларидан ташқарида, жумладан қўшни туркий тилли республикалар ва Кемерево вилоятида ҳам яшаса-да, олтойча жой номлари унчалик кўп учрамайди. Чунки Собиқ Совет даврида кўплаб номлар русча ёки шўро тузумининг атоқли шахслари номига ўзгартирилган бўлиб, 1991 йилдан кейин ҳам кўпчилик ҳолларда сақланиб қолган. Аммо олиб борилган миллий тикланиш тадбирлари натижасида кўплаб қадимий номлар тикланган.
Туркий тилнинг қипчоқ лаҳжаси таъсирида шаклланган топонимлар Марказий Осиёнинг ҳамма ҳудудларида учрайди. Жумладан, қипчоқ тилида сўзлашувчи ўзбеклар яшайдиган ҳудудларда ҳам қипчоқ лаҳжаси таъсирида шаклланган топонимлар кўп учрайди ва улар орасида маълум фарқлар ҳамда умумийликлар кўзга ташланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |