АНТИДЕПРИССАНТЛАР
Бу гуруҳ моддалари асосан депрессияларга қарши таъсир кўрсатади, яъни сустлашган кайфиятни яхшилайди, руҳий тушкунликни бартараф этади. Бунда ғам-ғусса, сиқилиш камаяди, ишончсизлик, руҳий эзилиш йўқолади.
Таъсир механизми бўйича антидеприссантлар 2 гуруҳга бўлинади:
I. Моноаминларнинг нейронал ушланилишини блокловчи воситалар
1. Серотонин ва норадреналиннинг нейронал ушланилишини блокловчи танламасдан таъсир кўрсатадиган воситалар
Имизин Амитриптилин
2. Танлаб таъсир кўрсатувчи воситалар
А. Серотониннинг нейронал ушланилишини блокловчи воситалар
Флуоксетин
Б. Норадреналиннинг нейронал ушланилишини блокловчи воситалар
Мапротилин
II. Моноаминоксидаза (МАО) ингибиторлари
1. Танламасдан таъсир кўрсатадиган воситалар (МАО-А ва МАО-В ларнинг ингибиторлари)
Ниаламид Трансамин
2. Танлаб таъсир кўрсатувчи воситалар (МАО-А нинг ингибиторлари)
Моклобемид
Тиббиёт амалиётида учциклик бирикмаларга мансуб бўлган биринчи гуруҳ воситалари кенг қўлланилади.
Имизин (имипрамин). Унинг кучли антидепрессантлик хоссаси кучсиз седатив самара билан мужассамланган. Баъзан унинг таъсирида психостимуляторлик хосса ҳам намоён бўлади (яъни қўзғалиш, кайф қилиш, уйқусизлик). Таъсир механизми – норадреналин ва серотониннинг қайта нейронал ушланилишининг камайиши ва шу туфайли тегишли рецепторлар атрофида моноаминларнинг тўпланиши ва улар таъсирининг кучайши билан боғлиқ деб ҳисобланади. Бунда серотониннинг лимбик тизимга сусайтирувчи таъсирининг кучайиши имизиннинг таъсир механизмида катта аҳамиятга эга. Булардан ташқари, препарат пресинаптик α2-адренорецепторларни, серотонин ҳамда гистамин рецепторларини ҳам блоклайди. Шунингдек, у маълум миқдорда периферик м-холиноблокаторлик, α1-адреноблокаторлик, папаверинсимон ва кучли гистаминга қарши фаолликларга ҳам эга.
МИЙдан яхши сўрилади. Катта қисми жигарда парчаланади. Метаболитларидан бири – дезметилимипрамин (дезипрамин) кучли антидепрессив фаолликка эга бўлганлиги сабабли тиббиёт амалиётида кенг қўлланилади. Метаболитлари, коньюгатлари ва ўзгармаган қисми асосан буйраклар орқали (1-суткада 40%), қисман ичак орқали ажратилади.
Депрессияларда имизиннинг даволовчи самараси аста-секинлик билан 2-3 ҳафтадан кейин юзага чиқади. Ножўя таъсирлари асосан периферик м-холинаблокаторлик хоссаси туфайли келиб чиқади: оғиз қуриши, аккомодациянинг бузилиши, тахикардия, қабзият, пешоб ажралишининг қийинлаши-ши. Терапевтик дозаларида қон босимини тушириши мумкин, ҳатто баъзида ортостатик коллапс пайдо бўлиши мумкин. Беморнинг руҳияти томонидан юзага чиқадиган ножўя таъсирлар икки хил кўринишда бўлади: – кучли ривожланган седатив таъсир ёки аксинча, қўзғалиш, галлюцинация, уйқусизлик. Имизин таъсирида бош оғриши, тремор, тери аллергик реакциялари, сариқлик, баъзан лейкопения ва агранулоцитоз кузатилади. Шунингдек, тана вазнининг ортиши пайдо бўлиши мумкин.
Глаукомада, простата бези гипертрофияси натижасида келиб чиқадиган сийишнинг қийинлашишида имизинни қўллаш мумкин эмас. Уни МАО ингибиторлари билан биргаликда қўлланганда оғир даражадаги заҳарланиш пайдо бўлади, шунинг учун уни МАО ингибиторлари қўлланилганидан 1,5-2 ой ўтганидан кейингина қўллаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |