Сиднокарб (мезокарб) – сиднониминлар гуруҳига киради. Психостимуляторлик самараси секинлик билан ривожланади, лекин узоқ давом этади, бунда эйфория ва ҳаракат қўзғалувчанлиги кузатилмайди. Психостимулловчи таъсирининг механизми норадренергик тизимнинг фаоллашуви билан боғлиқ бўлса керак. Феноминга нисбатан кучли периферик симпатомиметик фаолликка эга эмас.
Сиднокарб беморлар томонидан яхши кўтарилади. Дозаси ошиб кетганда қўзғалиш, беҳаловатлик, уйқусизлик, АҚБнинг озроқ миқдорда ортиши кузатилади. Сиднокарбни кечки вақтларда қабул қилиш мумкин эмас, чунки бунда уйқунинг бузилиши келиб чиқади.
Кофеин – метилксантинлар гуруҳига киради. Чой, кофе, какао таркибида бўладиган алкалоид (тахминан 2%). Синтетик йўл билан ҳам олинган. Кофеиннинг психостимулловчи хоссаси аналептиклик самараси билан мужассамланган. Унда бош мия пўстлоғини бевосита кучли қўзғатади. У руҳий фаолиятни стимуллайди, ақлий ва жисмоний меҳнат қобилиятини ҳамда ҳаракат фаоллигини оширади, таъсиротларга организмнинг жавоб реакцияси вақтини қисқартиради. Кофеин таъсирида тетиклик юзага чиқади, уйқучанлик ва чарчоқ йўқолади.
Кофеиннинг олий нерв фаолиятига таъсири унинг дозасига ва асаб тизимининг турига боғлиқ. Кичик дозаларда асосан уни кучайтиради, катта дозаларда эса аксинча – сусайтиради.
Кофеиннинг аналептиклик фаоллиги унинг узунчоқ миядаги марказларга таъсири билан боғлиқ. Нафас ва томир ҳаракатлантирувчи марказларни бевосита қўзғатади. Бундан ташқари, n.vagus марказини қўзғатади. Орқа мияга фақат катта дозалардагина таъсир қилади. Қўзғалишларнинг нейронлараро ўтказилишини енгиллаштириши ҳисобига орқа мия рефлексларини кучайтиради.
Кофеиннинг фармакодинамикасида унинг юрак-қон томир тизимига таъсири алоҳида ўрин эгаллайди. У марказий ҳамда периферик самаралардан иборат: кофеин юракка бевосита кучайтирувчи таъсир кўрсатади. Аммо, адашган нерв марказларининг қўзғалиши туфайли охирги самара қайси таъсирнинг устун эканлигига боғлиқ бўлади. Одатда юрак фаолиятидаги ўзгаришлар кучли эмас. Лекин, катта дозаларда тахикардия, баъзан аритмиялар кузатилади. Томир ҳаракатлантирувчи марказ фаолиятини ошириши туфайли томирлар таранглигини оширади, аммо силлиқ мушакларга бевосита таъсири натижасида уларнинг таранглигини пасайтиради. Коронар томирлар кўпинча кенгаяди, мия томирлари эса бирмунча таранглашади. Шунинг учун ҳам у мигренда яхши самара беради. Бошқа силлиқ мушакли аъзоларга (бронхлар, ўт йўллари) кофеин кучсиз миотроп спазмолитик, скелет мушакларига эса кучайтирувчи самара кўрсатади.
Кофеиннинг АҚБга таъсири унинг кардиотроп ва томирли таъсирлари билан боғлиқ. Агар дастлабки АҚБ меъёрда бўлса, кофеин уни ўзгартирмайди ёки салгина ошириши мумкин. Агар гипотонияларда қўлланилса, АҚБни меъёргача миқдорга кўтаради.
Кофеин таъсирида асосий алмашинув ошади. Бунда гликогенолизни оширади ва гипергликемия чақиради. Липолизни ошириши туфайли қондаги эркин ёғ кислоталари миқдорини оширади. Катта дозаларда буйрак усти безининг мия қисмидан адреналин ажралишини кучайтиради.
Кофеин таъсирида кузатиладиган марказий самараларнинг, силлиқ ва кўндаланг-тарғил мушакларга таъсирининг, модда алмашинувидаги ўзгаришларнинг кузатилишини кўпчилик муаллифлар цАМФни тўпланиб қолиши билан боғлашади. Бунда фосфодиэетеразанинг сусайиши ва цАМФ парчаланишининг камайиши келиб чиқади. Кейинги йиллардаги маълумотларга қараганда, метилксантинлар (кофеин, теофиллин) аденозин билан рақобатлашади (чунки улар қарама-қарши бўлган ўзгаришлар чақирадилар). Кофеин аденозиннинг таъсирини йўқотади, унинг рецепторларини блоклайди.
Кофеин таъсирида ошқозон безлари секрецияси ошади, ва бундан диагностика мақсадларида фойдаланилади (органик касалликларни функционалларидан фарқ қилиш учун). камроқ даражада диурезни камайтиради. Бундан ташқари, кофеин буйрак томирларини кенгайтиради ва коптокчаларда фильтрацияни кучайтиради.
МИЙда яхши сўрилади. Асосий қисми жигарда парчаланади. Тахминан 10 %и буйраклар орқали ўзгармаган ҳолда ажратилади.
Давомли қўлланилганда кичсиз ривожланган ўрганиб қолиш ва руҳий қарамлик (теизм) келиб чиқади.
Қўлланилиши: руҳий фаолиятни стимуллаш учун, чарчоқликда, мигренда, гипотонияда. Кофеин жуда кўп комбинирланган таблеткалар таркибига киради: “Цитрамон-П”, “Кофетамин” ва б.
Ножўя таъсирлари: кўнгил айниши, қусиш, ҳаяжонланиш, қўзғалиш, уйқусизлик, тахикардия, аритмиялар ва б.
Ҳафақонликда, атеросклерозда, уйқусизликда, глаукомада, қарияларда ишлатиш мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |