Амир Темур ва темурийлар даврида маънавий ҳаёт ҳамда меъморчилик
Режа:
Маънавий ҳаёт
Меъморчилик.
Ўрта Осиёда мўғул ҳукмдорларининг эгалик қила бошлашлари оқибатида қадимий маданият таназзулга юз тутди. Зотан бу даврга келиб расмий ҳисобланган ислом дини ўз мақомидан бутунлай маҳрум бўлган эди. Фақат XIV асрга келибгина у ўзининг расмий дин сифатидаги вазифасини тиклаб олди. Чунки, кубравия тариқати шайхлари таҳсирида аввал мўгул хони Қозонхон (1295-1304), сўнгра чиғатой Тормаширин (1326-1334) исломни қабул қилишди. Зеро шунга қадар мазкур минтақада ислом руҳоний-диний тафаккурида аста-секин ўзгаришлар юз бериб, ўзгача йўналишга ўтган эди. XIV асрда "сўфийлар мўгуллар олдида обрўси кетган уламолардан устун келиб ўз мавқеини кўтардилар ва мазкур диннинг илгор вакиллари сифатида обрў-эҳтибор топдилар".
XIV асрнинг 70-йилларида мазкур минтақанинг Темур байроғи остида бирлашиши билан эса босқинчилар томонидан вайрон қилинган савдо ва ҳунармандчилик марказлари, сув иншоотлари, ҳосилдор боғ ва далаларга қайта жон бағишланади ва ишлаб чиқариш кучлари ривожлантирилади. Сиёсий барқарорликнинг кучайиши ва хўжалик-иқтисодий фаолиятининг жонланиши айни вақтда руҳоний-диний ҳаётнинг кўтарилишига сабаб бўлгандир. Бу Ўрта Осиё сўфийлигининг тараққий топиши ҳодисаси эди.
Бу ўринда шуни кўрсатиб ўтиш керакки, сўфийлик хусусида гап борганда ислом тарихидан унчалик воқиф бўлмаган айрим тадқиқотчилар мистик-аскетик, интеллектуал жиҳатидан ўз қобиғига ўралиб қолган, ҳадсиз равишда ирим-сиримга мукка тушган, реал ҳаётдан айрилиб қолган таҳлимотни тушунардилар. Бироқ сўфийликнинг вужудга келиш ва ривожланиши тарихи худди унинг сўфийлик тариқатлари (сулуклар)нинг фаолиятлари каби одамнинг руҳий жиҳатидан тўғридан-тўғри худо билан алоқада бўлиши асосий гоясини сақлагани ҳолда турли даврларда уларнинг аҳамияти ва ижтимоий мақомини ўзгартириб турган. Шунинг учун ҳам айрим сулуклар, И.П. Петрушевский таъкидлаганидек "жамиятда фойдали хизмат кўрсатишдан воз кечиб, зоҳидона хаёлотга чўмган ҳолда пассив ҳаёт кечиришни" тарғиб қилса, бошқа бир тариқат намоёндалари у ёки бу даражада ҳаётда ҳаракатчанликка чақиришган ва фақат фойдали меҳнат қилишни шиор қилиб чиқишган.
Ҳатто баҳзан жамиятни ижтимоий жиҳатдан ўзгартириш масаласини ўртага ташлашган. XIV аср 30-80-йилларидаги сарбадорларнинг оммавий тус олган харакатлари бунга яққол мисол бўла олади.
Ана шунинг учун ҳам Ўрта Осиёда XIV-XV асрлардаги диний шарт-шароит масаласини тадқиқ этилаётганда, бу давр учун "ислом", "сўфийлик" сўзлари бир қатор омилларни ифодалаган. Булар, энг аввало ўша давр жамиятининг ғоявий, маҳнавий, ижтимоий, ҳукуқий нормаларидир. Бу ўринда ислом нафақат муайян диний таҳлимот сифатидагана эмас, балки "муайян дунёқараш, ислом ижтимоий-маданий ўзига хос омил, сиёсий подшопарастлик" сифатида намоён бўлади. Шу боисдан Мовароуннаҳрдаги сўфийликни ижтимоий-ташкилотчи тизим сифатида қараб, унинг "инсонларнинг хатти-ҳаракатлари, шахсий ва ижтимоий хулқини ифодаловчи омил" эканлигига эҳтибор қилиш лозим.
То ҳозирги кунга қадар Темур ва темурийлар даври мазкур нуқтаи назардан тадқиқ этилмади. Темур ва темурий шаҳзодаларнинг ҳаёт ва фаолиятини ёритишга бағишланган илмий тадқиқот асарларида ислом дини омили ёхуд унутиб қолдирилар ёхуд жуда сийқа, юзаки қараб чиқиларди холос. Бу эса ўша катта даврдаги ижтимоий-сиёсий аҳволга баҳо беришда мутлақо хатоларга олиб келди. Шу тариқа айрим дин арбобларига ва ҳатто нақшбандийлик каби алоҳида ижтимоий оқимга нисбатан ҳам бир томонлама қараш ва уни нотўғри англашга олиб келди.
Маълумки, Амир Темур ҳукмдорлик чоғида ўз тасарруфидаги ерларни ҳокимликларга ажратиб, суюргол тариқасида ўз фарзандлари ва набираларига улашиб берганди. Натижада Темур фарзандларидан айримлари мустақилликка интила бошлашди ва ўз ерларидан келган солиқ фойдаларидан ҳам ўз хазиналарини бойитишди. Амир Темур ворисларининг ортиб бориши эса унинг тасарруфидаги ерларнинг янада парчаланишига олиб келди. Ўз навбатида темурий шаҳзодаларнинг ўзлари ҳам суюргол тариқасида ўз лашкарбошилари, руҳонийлар ва бошқа атрофларга ер бўлишиб бердилар. Булар бари феодал тарқоқликка олиб келди ва марказий ҳокимият заифлашди.
Бундай шароитда маънавий-ғоявий бирлаштирувчи кучга бўлган интилиш яққол намоён бўлиб қолди. Турли-туман ва ниҳоятда ранг-баранг бир жамиятда шундай бирлаштирувчи куч сифатида эса ислом дини юзага чиқди. Зеро, ўрта аср одамлари учун оллох-таоло ўзи юборган хақиқатдан бошқа бир ҳақиқат бўлиши мумкин эмасди. Мовароуннаҳрда бу куч сўфийлик тариқатлари сифатида юзага келди. Ана шу даврда ислом мистикаси нафақат диний, балки сиёсий ижтимоий-иқтисодий ҳаётда ҳам мустаҳкам ўрин эгаллай боради. Нақшбандий тариқати сифатида намоён бўлган сўфийлик эса муайян бир таҳлимот сифатидагина эмас, балки ғоявий, маҳнавий-ҳуқуқий дунёқараш сифатида қарор топди.
Сўфийлик, албатта исломга қарама-қарши нарса эмасди. Бироқ айни вақтда у ислом динининг алоҳида ҳар бир шахс учун аҳамиятини юқори кўтарарди. Таассуфчилар ислом асосларини ўзгартирмаган ҳолда, уни биринчи каторга қўйиб, шариат қоидаларига, ҳар бир мусулмоннинг оллоҳ-таоло олдида тенглигига, имонли, инсофли, диёнатли, раҳм-шафқатли бўлишга даҳват этдилар. Таассуфчиларнинг бундай ҳаётий даҳватлари улар атрофида халқ оммасининг тўпланишига олиб келди. XIV асрда сўфийлар сарбадорлар ҳаракатида қатнашишлари ҳам бежиз эмасди. Шу тариқа сўфийлик намоёндалари Темур ва темурийлар замонасида сиёсий ҳаётда катта мавқе ва эҳтибор топдилар.
Қурҳон, Ҳадис, Тафсир билимдонлари бўлган диншунос олимлар барчаси ислом динига хос бўлган гуруҳбозлик туфайли кенг халқ оммасини ўзларига эргаштира олмадилар. Ўрта Осиёда эса бу даврда мазкур вазифани сўфийлик ўз зиммасига олди, айниқса нақшбандийлик тариқатининг бу борада қўли баланд эди. Албатта бу даврда расмий ислом намоёндалари мутлақо ўз мавқеларини бой бердилар деб бўлмайди. Улар ҳануз феодал ҳокимлари саройларида юксак лавозимларда хизмат қилишар, давлат ишларига аралашишар, ижтимоий ҳаётда ўз таҳсирларининг ортиб бориши учун курашишар эдилар.
Ҳаёт шуни тақозо этдики, уламо секин-аста ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрнини сўфийликка бўшатиб бергунга қадар маҳаллий жамиятни шайхул-исломлар бошқаришди. Заҳиридцин Муҳаммад Бобурнинг таҳкидлашича булар "Ҳидоя" асари муаллифи аждодлари (унда мусулмон ҳуқуқи шархдари битилган), эди. Ислом зоҳидчилиги вакиллари ва "фақихлар" ўртасидаги қарама-қаршилик узоқ давом этиб, шу билан тугайдики, ўша давр мафкурасида сўфийлик асосий мавқени эгаллай бошлайди.
Шайхулисломлар асосан йиғилган жой темурийлар пойтахти Самарқанд эди. Темур замонида шайхулислом Абу ал-Малик, "Ҳидоя" муаллифи Бурҳониддин Марғиноний авлодидан эди. Абу ал-Малик Суҳравардий сўфийлик мактабининг таниқли вакили эди. Бу шайхулислом 1383 йил воқеаларига бағишланган ҳикоятларда ёдга олинадики, шунда у, "Зафарнома" муаллифининг айтишича, руҳонийлар бошқа вакиллари хусусан, Бурҳониддин Сағаржийнинг ўғли Абу Саид билан бирга, синглиси Қутлуғ Туркон оға вафоти муносабати билан Темурни дард-қайгудан юпатишга ҳаракат қилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |