Темурийларнинг Марказий ва Ғарбий Эрондаги мулкларидаги вазият
1. Амир Темур вафот этиши билан унинг фарзандлари ва набиралари ўртасида тахт учун кураш бошланиб кетди. Валиаҳд этиб тайинланган Кобул, Ғазни, Балх ва Қундуз ерларинг ҳокими Пирмуҳаммад мирзонинг ҳуқуқини ҳеч ким тан олишни истамади. Амир Темур дастлаб катта ўғли Жаҳонгир мирзони, у вафот этгач Жаҳонгир мирзонинг катта ўғли Муҳаммад Султонни валиаҳд этиб тайинлаган эди. Лекин 1403 йили севимли набираси Муҳаммад Султон ҳам вафот этгач, Соҳибқирон валиаҳдлик масаласини очиқ қолдирган эди. Фақат вафоти арафасида юқорида таъкидланган Муҳаммад Султоннинг укаси Пир Муҳаммадни валиаҳд деб эълон қилди. Бу вақтда Амир Темурнинг 2 ўғли ҳаёт бўлиб, Мироншоҳ мирзо 1399 йили давлат ишларидан четлаштирилган бўлса, Шоҳруҳ мирзо Хуросон ҳокими эди. Амир Темур Шоҳруҳ мирзонинг мулоҳазали, узоқни кўра олувчи эканлигини эътиборга олган бўлса-да, ўта қатиятли эмаслиги, кескин қарорлар қабул қилишда иккиланиши, шунинг учун ҳам измини амирлар ва амалдорларга бериб қўйиши мумкинлигини ҳис қилган бўлса керак-ки (унинг сиёсий фаолиятида малика Гавҳаршодбегимнинг таъсири кучли бўлганлигини ҳам маълум), валиаҳд этиб тайинламади. Лекин йирик амирлар орасида Шоҳруҳ мирзонинг тарафдорлари кўпчиликни ташкил этарди.
Дастлаб тахт учун очиқ ҳаракатни Халил Султон бошлаб юборди. Хитой юришига чиққан қўшиннинг унинг раҳбарлигида қисми ва бир неча йирик амирлар қўллаши билан Халил Султон Самарқандга етиб келди ва 1405 йили 18 март куни Самарқанд тахтига ўтирди. Ҳолбуки, ундан бир неча кун олдин Амир Темурнинг энг йирик саркардалари Шайх Нуриддин ва Амир Шоҳмаликлар ҳам Самарқанд шаҳрига кира олмаган. Шаҳар ҳокими фақат валиаҳд Пир Муҳаммад мирзогина келиб шаҳарга кириши мумкинлигини билдирган эди. Бундан кўринадики, Соҳибқирон вафот этиши билан Халил Султон Самарқанд ҳокими билан тил бириктириб улгурган эди. Бирин кетин бутун Мовароуннаҳр Халил Султон қўлига ўтди. Фарғона водийси Халил Султоннинг узтози Амир Худойдод измида бўлса, Туркистон ва Сирдарё бўйи шаҳарлари Шайх Нуриддин ҳукмига кирди. Бу икки амир Халил султон ҳукмронлигини тан олишмади.
2. Амир Темур вафот этганлиги ҳақида хабар етиб келиши билан унинг набираси Халил Султонни ҳукмдор деб эълон қилган амирлар қаторида Худайдод Ҳусайний ҳам бор эди. Аммо у Халил Султон билан Самарқандга кетмасдан, ўз қўл остидаги қўшин билан Паркат томонга кетади ва кўп ўтмай Фарғона водийси ҳамда Ўратепани эгаллайди.
Амир Худайдод 1376 йили Амир Темурнинг Мўғулистонга қилган навбатдаги юриши вақтида ҳалок бўлган Соҳибқироннинг йирик саркардаларидан бири Амир Ҳусайннинг ўғли бўлиб, отаси вафотидан сўнг амирлик мансабига эришган эди. Низомиддин Шомий Амир Ҳусайнни Амир Темурнинг энг ишончли ва садоқатли баҳодирлари сифатида санаб ўтади. Амир Ҳудайдод ҳам Соҳибқироннинг деярли барча ҳарбий юришларида қатнашиб, кўп бора баҳодирлиги билан тилга тушган, саройда каттагина мавқега эга бўлган амирлардан бири эди. Тарихчи ибн Арабшоҳ Амир Худайдод Ҳусайний ўз вақтида шаҳзода Халил Султонга оталиқлик вазифасини ўтаганлигини таъкидлаб, унинг шахси ҳақида ҳам бир қатор фикрлар билдиради: “ ... Халил Султон илгари шу ерларда Худойдодга қўшни эди. Бобоси (Темур) уни Худойдод устига нозир қилиб қўйиб, унинг тарбияти ишларини Худойдодга топширган эди. Худойдод эса совуқ, ғализ, жоҳил ва қўпол одам эди. У Халил Султонга қўполлик билан муомала қилиб, уни дағаллик ва қўрслик билан қарши оларди” .
Фарғона ҳукмдорига айланган Амир Худойдод Ҳусайний доимий равишда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашга, қўли остидаги ҳудудларни кенгайтиришга интилган. У Мовароуннаҳр тахтини эгаллаган Халил Султонни ўз ҳукмдори сифатида тан олмайди. Ибн Арабшоҳнинг таъкидлашича, Худойдод Ҳусайний Сирдарё бўйидаги Туркистон, Сиғноқ каби қатор шаҳарларни ўз тасарруфига киритган Шайх Нуриддин билан биргаликда Самарқанд атрофларига бир неча бор босқинлар уюштиради. Абдураззоқ Самарқандий 1409 йили Халил Султоннинг асир олиниши воқеасини баён этар экан, унинг Самарқанд яқинидаги Шероз қишлоғининг вайрона ҳисорига яширинганлигини қайд этади. Бизнингча, бу маълумот Худойдод Ҳусайний қўшинларининг ҳужумлари кўплаб вайроналиклар келтирганлигини тасдиқлайди, чунки тарихий манбаларда 1409 йилгача Самарқанд атрофларига бошқа ҳарбий кучларнинг босқин уюштирганлиги хусусида маълумотлар учрамайди.
3. Амир Темурнинг вафот этганлиги ҳақидаги хабар Ҳиротга етиб келиши билан Шоҳруҳ мирзо ҳам ўзини ҳукмдор деб эълон қилди. Ўз қўшинларини йиғиб Самарқанд томон йўлга чиқди. Лекин Самарқандан келган хабарлардан хулоса чиқариб, Ҳирот шаҳри қалъасини қайта тиклаш тўғрисида фармон берди. Амир Ферузшоҳ раҳбарлигида 1381 йили вайрон қилинган Ҳирот қалъасининг деворлари 1405 йили қайта тикланди. Лекин кўп ўтмай Хуросонда бирин кетин Шоҳруҳ мирзонинг ўзига қарши исёнлар бошланиб кетди. Дастлаб Хожа Али Сабзаворий Сабзаворда исён кўтарди. Бу исён Амир Сайидхожа бошчилигидаги кучлар томонидан бостирилди. 1405 йилнинг октябрида эса Калот қалъасини эгаллаб олган яна бир йирик амир Сулаймоншоҳнинг исёни бостирилди. Сулаймоншоҳ Самарқандга қочиб кетишга мажбур бўлди. Шундан сўнг Андхуд ва Шибирғон вилоятларини Мирзо Улуғбекка ҳадя этиб, Амир Шоҳмаликни унинг оталиғи қилиб юборди.
Тахт меросхўри Мирзо Пир Муҳаммад Мовароуннаҳрни Шоҳруҳ мирзо ёрдамида забт этмоқчи бўлди. 1406 йилнинг қишида Пирмуҳаммад Мирзо ва мирзо Улуғбеклар Мовароуннаҳрга бостириб кирдилар. Шоҳруҳ мирзонинг розилиги билан Амир Шоҳмалик 1406 йилнинг февралида Пир Муҳаммад мирзо билан биргаликда Самарқанд томон юриш қилдилар. Бу воқеалар тарихий манбаларда қуйидагича ҳикоя қилинади: “Улар мирзо Халил Султонга элчи йўллаб: «Ҳазрат соҳибқирон тахту мамлакат Халил Султонга қолади, деб қачон васият қилган?» — деган мазмунда хат-хабар юборди. Мирзо Халил Султон эса: «Амир Темур соҳибқирон ҳазратларига тахту мамлакатни берған у қодир эгам менга ҳам иноят қилди», — деб жавоб юборди. Мирзо Пир Муҳаммад ва амир Шоҳмаликлар бу жавобдан дарғазаб бўлдилар ва унинг сўзларига қарши ихтилофли калималар ҳар чеккадан ўртага ташланди. Насаф атрофида икки шерсифат жанговар сипоҳ юзма-юз учрашиб, жангга киришди.
Ғолибу мағлуб аралашиб, зарб урувчию зарб еганлар бир-бирига қўшилишиб кетган эди, мирзо Халил Султон ҳар бири тиғ булутидан чақмоқдек олов сочувчи ва жанг тўзонини қон ёмғирига қўндирувчи бўлган Мовароуннаҳр диловарларининг билак қуввати, хуросонлик паҳлавонлар ва ироқлик баҳодирларнинг ғайрати билан мирзо Пир Муҳаммаднинг қулига ҳамла қилиб, ўрнидан қўзғатди. Аввал арлот жамоаси қочиб, жувонғор ва буронғорлар тарқалиб кетди. Қул ўз еридан қўзғалиб жўнаганлигини кўрган мирзо Улуғбек ва амир Шоҳмаликлар ҳам жиловни тортдилар. Балхликларнинг аслаҳа-юклари самарқандликлар қўлига тушди ва Хоника асирликка гирифтор бўлди. Мирзо Халил Султон асирлар борасида лутф кўрсатиб ҳаммасига омонлик ҳарамию эҳсон ҳузурхонасидан жой берди. Бу жанг рамазон ойининг иккинчисида (21 февраль, 1406) душанба куни воқе бўлди.”
Бу мағлубият бироз бўлса-да, Шоҳруҳ мирзонинг обрўйига салбий таъсир этди. Энди унинг энг яқин амирларидан бири Амир Саййидхожа исён кўтарди. Шоҳруҳ минзонинг амир-ул-умаросига айланган Саййидхожа Тус ва Жом вилоятларини эгаллаб олди ва Умаршайх мизонинг авлодларини Хуросон тахтига чиқармоқчи бўлди. Бу Шоҳруҳ мирзо учун катта йўқотиш эди. Шунинг учун унинг ўзи бу ҳарбий юришга бошчилик қилди. 1406 йилнинг ёзи Амир Саййидхожа ва унга ёрдамлашган Мазондарон ҳукмдори Пир подшоҳга қарши кураш билан ўтди. 1406 йилнинг 29 сетябрида итифоқчи амирлар қўшини Шоҳруҳ мирзо билан жанга кирди. Бу вақтда Халил Султон ва Пир Муҳаммад мирзолар ўртасида низонинг кучайганлигидан фойдаланган Амир Шоҳмалик ҳам ўз қўшинлари билан Шоҳруҳ мирзога ёрдамга етиб келган эди. Жанг Шоҳруҳ мирзонинг тўла ғалабаси билан якунланди. Натижада Шоҳруҳ мирзо қўшинлари Гургон, Деҳистон, Астробод ва Дамғон вилоятлари қўлга киритдилар. Бу вилоятлар Мироншоҳ мирзонинг ўғли Мирзо Умарга топширилди. Хабушон, Калот, Боард, Нисо, Ёзир, Сабзавор ва Нишопур вилоятларини бошқариш эса Мирзо Улуғбек орвали Амир Шоҳмаликка тақдим этилди. Айнан шу ғалаба Шоҳруҳнинг Хуросондаги ҳокимятини анча мустаҳкамлади.
Лекин тез орада Шоҳруҳ мирзо худудларини кенгайишига сабаб бўлган кутилмаган воқеалар юз берди.
1407 йили 22 феврал куни Пир Муҳамад мирзо ўз амири Пир Али Тоз томонидан ўлдирилди. Пир Муҳаммад мирзонинг ўғли Мизо Саййид Аҳмад Мирак Шибирғон вилоятидан Шоҳруҳ мрзо олдига қочиб келди ва ёрдам сўради. Шоҳруҳ мирзо ўз амирларининг бир гуруҳини ёрдамга юборди. Лекин Пир Муҳаммад Мирзо ерларини тезда, тўлиқ қўшиб олиш учун бир неча воқеалар ҳалақит берди. Дастлаб Испанди Ғурий исён кўтарди ва унинг исёни Шоҳруҳ мирзонинг амирлари томониданг бостирилди. Энг асосийси эса яқиндаги Мозондорон ҳокими этиб тайинланган Мирзо Умарнинг Шоҳруҳ мирзога қарши юриш бошлаганлиги эди.1407 йилнинг 17 апрелида Жомнинг Бардавия қишлоғи яқинида Шоҳруҳ мирзо Мирзо умар қўшинларини тўла тор-мор этди. Унга берилган ерларни ҳам Мирзо Улуғбекнинг мулкларига қўшиб беришга қарор қилди.
Шундан сўнггина Шоҳруҳ мирзо барча кучлари билан Пир Али Тоз устига юриш бошлади. 1407 йилнинг ёзида Пир Муҳамад мирзога тегиш барча мулклар бўйсундирилди ва унинг ўғилларига бўлиб берилди. Натижада Амир Темурнинг икки улуси Хуросон ва Балх, Кобул, Ғазни, Қундуз вилоятлари Шоҳруҳ мирзо қўли остида бирлаштирилди. 1408 йили эса Сейистон вилояти ҳам Шоҳруҳ мирзонинг ҳукмронлигини тан олди.
1407 йили Пир Муҳамад мирзо мулкида бўлиб ўтган юқорида таъкидланган воқеалар натижасида Халил Султон Амударё бўйларида ўз давлатининг жанубий сарҳадларини мустаҳкамлаш билан банд бўлганлигидан фойдаланган Амир Худойдод Ҳусайний Шайх Нуриддин билан биргаликда Самарқанд шаҳрига юриш қилади. Гарчи амирлар бошчилигидаги Фарғона ва Туркистон қўшини шаҳарни эгаллай олмаган бўлса-да, улар катта ўлжага эга бўлишади. Шундан сўнг Халил Султон ҳам уларни жазолашга қатъий бел боғлайди. У Шоҳруҳия ва Хўжанд шаҳарларини ўзига бўйсундириб, Тошкент шаҳрини қамал қилади. Лекин Тошкентни эгаллай олмаган Халил султон шаҳар ҳимоячилари билан сулҳ тузиб, ортга қайтишга мажбур бўлади. Шу вақтда Амир Худойдод Ҳусайний ва Шайх Нуриддин қўшинлари Самарқандга қайтаётган Халил Султон лашкарига тўсатдан ҳужум қиладилар, лекин жанг амирларнинг мағлубияти билан тугайди .
Ушбу мағлубиятдан сўнг Шайх Нуриддин Халил Султон билан сулҳ тузишга мажбур бўлди. Лекин ўз иттифоқчисидан, шунингдек, Фарғона водийсининг муҳим шаҳарларидан бири Хўжанддан маҳрум бўлган амир Худойдод Ҳусайний унга қарши курашни давом эттирди.
4. Худойдод Ҳусайнийнинг Халил Султонга қарши навбатдаги юриши 1409 йилда бошланди. Бу вақтда Шоҳруҳ Мирзонинг ҳужум қилиш хавфидан чўчиб, ўз қўшинлари билан Кешда турган Халил Султон Фарғона қўшинига қарши Амир Оллоҳдод ва Амир Арғуншоҳларни 3 минг кишилик лашкар билан жўнатди. Ушбу юришга қадар Амир Худойдод Ҳусайний Хўжанд, Ўратепа ва Шоҳруҳия шаҳарларини қўлга киритиб олган бўлса керак-ки, тарихий манбаларда ҳар икки томон қўшинлари Жиззах яқинида тўқнашганликлари таъкидланади. Халил Султон юборган амирлар жанг қилишга журъат этмай ундан ёрдам сўрайдилар. Халил Султон 4 минг аскар билан Кешдан Жиззах томон йўлга чиқади. Ибн Арабшоҳнинг берган маълумотига кўра, айнан Оллоҳдод ва Арғуншоҳларнинг хоинлиги натижасида Халил Султоннинг ёрдам учун йўлга чиққанлигидан хабар топган Худойдод Ҳусайний Жиззахдан зудлик билан йўлга чиқиб, тўсатдан Халил Султонга ҳужум қилади. Абдураззоқ Самарқандий Халил Султон Самарқанд яқинидаги Шероз қўрғонида асир олинганлигини таъкидайди, Ибн Арабшоҳ эса бу воқеа Султония қўрғонида юз берганлигини қайд этади.
Амир Худойдод Ҳусайний Халил Султон номидан фармон бериш йўли билан тезда бутун Мовароуннаҳрни ўзига бўйсундирди. Гарчи Халил Султонни номигагина ҳукмдор сифатида сақлаб турган бўлса-да, амир Худойдод Ҳусайний Шоҳруҳ Мирзога мактуб жўнатиб, унга бўйсунишга тайёр эканлигини маълум қилади. Бу билан Худойдод Ҳусайний Шоҳруҳнинг ноиби сифатида Мовароуннаҳрни бошқаришга умид қилган эди. Аммо Шоҳруҳ мирзога унинг бу режалари маъқул келмайди. У Туркистон ҳокими амир Шайх Нуриддинга Худойдод Ҳусайнийга қарши юриш қилишини буюрди. Ўзи ҳам секин аста Мовароуннаҳр томон юриш бошлади. Лекин Бухоро ёнидаги жангда Шайх Нуриддин қўшинлари Худойдод Ҳусайний томонидан тор-мор келтирилди. Аммо Ҳисор вилоятини эгаллаш учун юборилган амир Худойдод Ҳусайнийнинг лашкарбошилари Мирзо Амирак Аҳмад ва Мирзо Сайди Аҳмадларнинг Шоҳруҳ мирзо томонига ўтиб кетиши вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Шоҳруҳ мирзога бас кела олмаслигини яхши тушунган Худойдод Ҳусайнийни чекинишга мажбур бўлди.
Асир олинган Халил Султонни ўзи билан Андижонга олиб кетган Худойдод Ҳусайний ҳеч бўлмаганда Фарғона водийсини ўз қўлида сақлаб қолиш мақсадида Мўғулистон хонларидан ёрдам сўрайди. Мовароуннаҳрда ягона давлатнинг қайта тикланишидан манфаатдор бўлмаган Мўғулистон ҳукмдорлари унга ёрдам беришлари мумкин эди. Бундан хавфсираган Шоҳруҳ Мирзо Худойдод Ҳусайнийни ўз томонига оғдиришга ҳаракат қилди. У шу мақсадда Ладуниё тархон орқали амир Ҳудойдод Ҳусайнийга қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди: “Илгарироқ “сиз учун бир иш қилиб қўйдим”, - деб арз қилган эдинг, энди биз ўша ишингдан миннатдормиз”, (деб билдирди) ва: агар у (Худойдод Ҳусайний) бизнинг сабот қадамимизни вафодорлигу софдиллик йўлида деб тушунган бўлса, ҳамда йироқу яқинга кўрсатаётган тарбиятимизу турку-тозикни қўллаб-қувватлаётганимиз ҳақида эшитган бўлса, биздан ўзини тортиши учун бирор сабаб содир бўлмай туриб нега бизга келиб қўшилмади ва биздан юз ўгириб юрибди?”.
Лекин Худойдод Ҳусайний Шоҳруҳга бажарилиши мумкин бўлмаган шарт қўйди. У Шайх Нуриддинни банди этишни талаб қилган эди. Шундан сўнг Шоҳруҳ мирзо Мўғулистонга қарши юриш бошлашга қарор қилади.
Юзага келган қалтис сиёсий вазиятда амир Худойдод Ҳусайний Мўғулистон қўшини етиб келгунча вақтдан ютиш мақсадида Шоҳруҳ мирзога “агар Амир Шайх Нуриддин бу тарафга келса, ҳар нимаики маслаҳатдан кўрилса, шунга келишамиз”, деб хабар юборади. Бу билан Худойдод Ҳусайний Шайх Нуриддинни ўз томонига оғдириб олишни мақсад қилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Шайх Нуриддинга тегишли бўлган мулклар, яьни Туркистон вилояти Мўғулистон билан чегарадош бўлиб, у Мўғулистон билан урушдан ҳам, шунингдек, Мовароуннаҳрда Шоҳруҳ ҳукмронлигини тўла ўрнатилишидан ҳам манфаатдор эмас эди. Кейинчалик Шайх Нуриддиннинг Шоҳруҳ ҳукмронлигига қарши бир неча бор исён кўтарганлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди. Лекин кутилмаганда Тошкентга етиб келган мўғул шаҳзодаси Шамъи Жаҳон Темурийлар давлати билан вазиятни кескинлаштиришни истамай Худойдод Ҳусайнийни қатл этади ва ортга қайтиб кетади.
Бу вақтда Андижонда бўлган Халил Султонда Фарғона водийсини ўз тасарруфига олиш учун ҳеч қандай куч йўқ эди. Натижада кўп ўтмай у Шоҳруҳ мирзога таслим бўлади. Шу тариқа 1405 йилдан буён алоҳида мулк сифатида мавжуд бўлган Фарғона водийсида Шоҳруҳ мирзо ҳукмронлиги ўрнатилади. Лекин Шоҳруҳ мирзо ҳам Фарғонани Мовароуннаҳр улуси таркибига қўшиб юбормайди. Бу ўлка Амир Темур томонидан 1375 йили Фарғона мулкининг ҳукмдори этиб тайинланган Умаршайх мирзонинг ўғли Мирзо Амирак Аҳмадга суюрғол қилиб берилади. 1404 йили Амир Темур томонидан янги улус шакллантирилганда Фарғона водийси Тароз, Қошғар ва Хўтан шаҳарлари билан бирга ягона улусга бирлаштирилганлигига тақлид қилиб бўлса керак, Шоҳруҳ мирзо Фарғона мулкига Қошғар шаҳрини ҳам қўшиб беради. Гарчи манбаларда фақат Ўзжанд вилояти Мирзо Амирак Аҳмадга суюрғол этиб берилганлиги қайд этилса-да, 1414-1415 йилларда Қошғар вилояти ҳам Фарғона мулкига бўйсунганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.
Шундай қилиб 1409 йили бутун Хуросон, Кобул ва Ғазни, Мовароуннаҳр Шоҳруҳ мирзо қўли остида бирлаштирилди. Мовароуннаҳрни бошқариш Мирзо улуғбек зиммасига юклатилди. Ҳисори Шадмон вилояти мирзо Муҳаммад Жаҳонгирга, Қандаҳор, Кобул ва Ғазни Мирзо қайдуга, Балх ва Қундуз вилояти эса Мирзо Иброҳим Султонга топширилди.
5. Шу ўринда Соҳибқирон давлатининг бошқа худудларида юз берган воқеаларга ҳам озгина тўхталиб ўтсак.
1405-1406 йилнинг қишида Хоразм Олтин Ўрда амир ул-умароси Амир Идику томонидан забт этилиши натижасида темурийлар қўлидан кетди.
Ғарбий Эронда эса Мироншоҳ мирзонинг ўғиллари Мирзо умар ва Абубакр мирзолар ўртасида шиддатли кураш бошланди. Охир оқибатда Мирзо Умар енгилиб Хуросонга келди ва Шоҳруҳ мирзо томонидан Мозондорон ҳокими этиб тайинланиб, унга ҳам вафо қилмади. Ака-укаларнинг ўзаро урушидан фойдаланган Султон Аҳмад Жалойир Боғдодни, Қора Юсуф эса Озарбайжонни эгаллаб олди. 1408 йилнинг 21 апрел куни Мирзо Абубакр ва Мироншоҳ мирзо қўшинлари Қора Юсуф томонидан тўла тор-мор келтирилди. Натижада эса бутун Ғарбий Эрон темурийлар давлати таркибидан чиқди.
Амир Темур Форс вилоятини Мирзо Умаршайхнинг фарзандларига бўлиб берган эди. Мирзо Пир Муҳаммад Шерозда, Мирзо Рустам эса Исфаҳонда, Мирзо Искандар эса Ҳамадонда ҳоким эдилар. Бу ердаги ўзаро урушлар натижасида ҳокимят кейинчалик Мирзо Искандар қўли остида бирлаштирилди.