ИККИНЧИ ҚАБРНИНГ ОЧИЛИШИ
Навбатдаги — иккинчи қабр устига қўйилгандош оғирлиги туфайли уни кўтариш учун маҳаллий аҳоли ҳам ёрдамга чақирилди. Усталар занжирларни ричаглар билан тортиб, қабр устидаги тошни кўтариб олишди. Бу қабр ичидаги кишининг бош суяги тана суякларининг ёнида турарди. Бош чаноғида ўткир тиғдан қолган излар ҳам бор эди. Гуруҳ аъзоларида Темурнинг севимли набираси Мирзо Улуғбекнинг қабри очилганлигига шубҳа қолмаганди. Упуғбек қабри билан икки ҳафта шуғулла-нишди. Суяклар, кийим қолдиқлари ҳам сақланиб қолган эди.
ЭНГ ҚИЙИН ИШ КУНИ
Навбат Амир Темур қабрига етиб келганини кўпчилик сезаётган эди. Олимларнинг эътибори биринчи бўлиб қабр устидаги тошга ўйиб ёзилган ёзувларга тушди. Унда "Вақти келиб ҳаммамиз бу дунёни тарк этамиз. Бизгача ҳам буюклар бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Агарда кимда-ким бу нарсани тан олмаса, қабрни қўзгаб ёки ўтганлар руҳини безовта қилса, энг даҳшатли балога йўлиқсин" деган мазмун акс этарди. Ёзувнинг охирги сўзлари экспедиция аъзоларини сергаклантириб, қўрқувга солди. Ишни тўхтатмоқчи ҳам бўлишди. Аммо "юқорининг буйруғи" бўйича қилинаётган ишни ҳеч бир қўрқув тўхтата олмасди.
21 июн куни эрталаб соат 7:00да ишчи гуруҳ аъзолари йиғилишди. Лекин иш ҳадёганда юришаверма-ди. Иш бошланганидан ярим соат ўтар-ўтмас кўтариш крани бузилиб қолди. Қабр устида ётқизилган плитани: секин-аста қўлда сура бошлашди. Унинг тагида тупрокдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Куннинг ярмига келганда плитани очишга муваффақ бўлишди. Олимлар қўллари билан ерни ковлай бошлашди. Соат 13:00 гача учта мармар плитани олиб ташлашга улгуришди. Ниҳоят, тобутнинг қора қопқоғи кўринди. Кутилмаганда барча ёритиш ускуналари ўчиб қолди. Ҳар хил овозлар эшитилиб, нафас олиш қийинлаша бошлади. Танаффус эълон қилинди.
БАШОРАТЧИ ЧОЛЛАР ВА АРАБ ЁЗУВИДАГИ КИТОБ
Танаффус пайтида Малик Қаюмов чой ичмоқчи бўлиб ҳовлига чикди. Унинг кўзи қўлларида бир китобни ушлаб ўтирган учта чолга тушди. Малик Қаюмов отахонлар билан салом-алик қилар экан, чоллар ундан:
"Ўғлим, сенинг ҳам қазишма ишларига алоқанг борми?" — деб сўрашди.
Оператор ҳазиллашиб:
"Мен асосий одамман, менсиз булар ишлай олишмайди", — деб жавоб берди.
Чоллар эса:
"Темурнинг қабрини очиш мумкин змас, уруш бошланади", — деб айтишди.
Малик Қаюмов:
"Буни сизлар қаердан биласизлар?" — деб сўраганида, унинг қўлига қариялар араб ёзувидаги катта бир китобни тутқазишди. Араб ёзувини ўқий оладиган оператор диққат билан саҳифада-ги жумлаларни ўқий бошлади, унда:
"Буюк лашкарбоши қабрини қўзғаш мумкин эмас. Акс ҳолда уруш бошланади", — дейилганди.
Малик Қаюмов тезда Қори Ниёзов, С.Айний ва А.Семёновларни чақириб келди. Улар ҳам кексалар билан саломлашиб, китобни ўқишга киришиб кетишди. С. Айний чолларни койиб, уларни ҳассаси билан ҳайдай бошлади. Отахонлар ортига қайтишди.
Малик Қаюмов ўйчан ҳолда анчагача чолларнинг орқасидан кузатиб қолди. Қариялар муюлишга етар-етмас ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолишди. Оператор кўзларига ишонмади ва тезда ўзига келиб, уларнинг кетидан югурди. Аммо чолларни топа олмади. Маҳаллий аҳолидан суриштирганида ҳам ҳеч ким у чолларни кўрмаганлигини ва фақат улар ҳақида турли гап-сўзлар эшитишганини айтишди. Балки бу отахонлар инсониятни олдинда турган фожиадан огоҳлантириш учун одам қиёфасида келган фаришталармикин?..
Do'stlaringiz bilan baham: |