Ҳайвонларга нисбатан патогенлиги. Табиий шароитда ҳайвонлар қорин тифи ва паратиф А билан касалланмайди. Шунинг учун бу касалликлар антропоноз инфекция ҳисобланади. Паратиф В ҳайвонларда касаллик пайдо қилиши мумкин. Қорин тифи ва паратиф А сальмонеллаларини тажриба ҳайвонларига парентерал йўл билан юборилса, септицемия ва заҳарланиш юзага келади, оғиз орқали юборилганида касаллик ривожланмайди.
Касалликнинг одамлардаги патогенези. Бемор, бактерия ташувчи ва реконвалесцентлар инфекция манбаи ҳисобланади. Касаллик оғиз орқали юқади. Касалликнинг яширин (инкубацион) даври ўртача 10–14 кун. Инфекция патогенезида 7 давр тафовут қилинади: 1) организмга тушиш даври қўзғатувчи оғиз орқали одам организмига кириб меъдага тушади, сўнг 12 бармоқ ичакка, кейин ингичка ичакнинг пастки бўлимига етиб боради ва эпителий ҳужайраларига бирикади. Бу ерда микроб учун қулай шароит бўлганлиги сабабли улар ичак деворидаги лимфа безларига, сўнгра лимфа фолликулаларига кириб тезда кўпая бошлайди. 2) инвазия даври (кириб олиш даври). Бу даврда (7–28 кун) ингичка ичакнинг пастки қисмидаги солитар фолликула ва Пейер пилакчаларида яллиғланиш жараёни ривожланади. Бу икки давр касалликнинг инкубацион даврини ташкил қилиб, бу даврнинг охирида микроб ингичка ичакнинг лимфа системасидан қонга ўтади. Бунда беморда касалликнинг клиник белгилари пайдо бўла бошлайди. Бу даврда қонда жуда кўп миқдорда бактерия бўлади, шунинг учун бу босқични бактеремия даври (3-давр) дейилади.
Қондаги сальмонеллалар қон билан бутун организмга тарқалади. Улар кўп аъзо ва ретикулоэндотелиал тўқималарда лимфа безлари, талоқ, жигар, илик, буйрак ва бошқа аъзоларда кўпаяди. Бу давр 7 кун давом этиб, касалликнинг биринчи ҳафтасига тўғри келади ва бу давр аъзоларга тарқалиш даври (4-давр) дейилади.
Тиф ва паратиф сальмонеллалари қонда кўпаяди ва қоннинг бактериоцид таъсирида бактериялар парчаланади, натижада қонга кўп миқдорда эндотоксин тушади, у ўз навбатида бемор организмини зарарлайди, шунинг учун буни заҳарланиш (интоксикация) даври (5-давр) дейилади. Бу касал-ликнинг иккинчи ҳафтасига тўғри келиб, ҳарорат кўтарилади, юрак, қон, марказий нерв системасининг фаолияти бузилади, шунингдек, бошқа ўзгаришлар ҳам бўлиши мумкин. Бу даврда бемор организмида саль-монеллаларга қарши иммун жавоб ривожланади, фагоцитоз кучаяди ва қонда деярли микроб қолмайди. Паренхиматоз органлар ҳам сальмонеллалардан аста-секин тозаланади. Лекин улар баъзи одамларнинг ўт пуфагида сақланиб қолади. Бу жойда қорин тифи ва паратиф сальмонеллалари жуда яхши кўпаяди, шунинг учун тиф бактериялари сафро йўллари орқали жуда кўп миқдорда қайтадан ичакка тушади. Тиф бактерияларининг бир қисми нажас орқали ташқарига чиқарилади, қолган қисми ингичка ичак деворидаги биринчи бор сальмонелла таъсирида сезгир (сенсибилизация) бўлиб қолган Пейер пилакчалари ва солитар фолликулаларга иккинчи марта киради, яъни инвазия рўй беради. Натижада пилакчалар ва Солитар фолликулалар яллиғланади, шишади, сўнгра чирийди, яралар пайдо бўлиб, унинг усти парда билан қопланади. Баъзан бу яралар ёрилиб ичакдан қорин бўшлиғига “оқмалар” чиқиши ва перитонитга олиб келиши мумкин, бунда беморга зудлик билан жаррохлик ёрдами кўрсатилмаса у нобуд бўлиши мумкин. Бу – касалликнинг энг зўрайган даври ҳисобланади. Бу даврда тиф, паратиф бактериялари буйрак орқали пешоб билан бемор организмидан ташқи муҳитга чиқади, бу ҳолатни бактериурия дейилади. Касаллик патогенезидаги бу давр микробнинг ташқарига чиқарилиш ва аллергик даври (6-давр) деб аталади. Агар организмнинг ҳимоя фаолияти патоген омилларни енгса, унда соғайиш даври (7-реконвалесценция даври) бошланади. Бу даврда беморнинг ҳарорати нормаллашади, умумий аҳволи яхшиланади, зарарланган аъзо ва тўқималар тиклана бошлайди. Бу дарддан соғайганларнинг 80% и икки ҳафтагача, 3–5% и бир неча ой ва йилларгача, ҳатто умрининг охиригача бактерия ташувчи бўлиб қолади.
Бактерия ташувчилик беморлар соғайгандан сўнг қоладиган иммунитетнинг кучсизлиги, ўт пуфаги ва жигарда яллиғланиш жараёни пайдо бўлиши натижасида рўй беради.
Қорин тифи ҳар хил: жуда енгил ёки оғир – ўлим билан тугайдиган шаклда кечиши мумкин. Шунинг учун айрим ҳолларда клиник жиҳатдан қорин тифини паратиф ва бошқа касалликлардан ажратиб олиш қийин. Бунда лаборатория текшируви ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда қорин тифи ва паратифлар спорадик ҳолда учрайди, енгил кечади, асоратлар ва леталлик кам.
Do'stlaringiz bilan baham: |