5-модда. Адвокатнинг мустақиллигини таъминлаш
Адвокатнинг мустақиллиги:
унга қонунда белгиланган тартибда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ижозат бериш, бу фаолиятни тўхтатиб туриш ва тугатиш;
адвокатнинг дахлсизлиги;
адвокатлик сирини ошкор этишни талаб қилишни ман этиш;
адвокат олиб бораётган ишларга аралашганлик ёхуд адвокатнинг дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;
давлат томонидан унга адвокатлик фаолияти кафолатлари берилиши ҳамда ижтимоий ҳимояланиши орқали таъминланади.
6-модда. Адвокатнинг дахлсизлиги
Адвокатнинг шахси дахлсиз. Адвокатнинг дахлсизлиги унинг уй-жойига, хизмат хонасига, фойдаланишидаги транспорти ва алоқа воситаларига, унинг хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга ҳам тааллуқлидир.
Адвокатга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Адвокатнинг уй-жойи ёки хизмат хонасига, шахсий ёки фойдаланишидаги транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, тинтув ўтказиш ёки олиб қўйиш, унинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, адвокатни кўздан кечириш ва шахсий тинтувдан ўтказиш, худди шунингдек унинг почта-телеграф жўнатмаларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш ёки олиб қўйиш, адвокатни мажбурий келтириш, ушлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг санкцияси билан амалга оширилиши мумкин.
(6-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 ноябрдаги ЎРҚ-651-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2020 й., 03/20/651/1577-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси адвокатга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят прокурорлари, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига кўра жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилиши мумкин.
(6-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 23 сентябрдаги ЎРҚ-411-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 39-сон, 457-модда)
Адвокатнинг иш бўйича ҳуқуқий нуқтаи назарига нисбатан суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас.
Адвокатни юридик ва жисмоний шахсларга қонунга мувофиқ юридик ёрдам кўрсатганлиги муносабати билан жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки унга шундай жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилиш мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |