Миллатлараро тотувликнинг таъминланиши. Бугунги кунда мамлакатимизда 136 миллат ва элат, 17 диний конфессия вакиллари ягона оила фарзандларидек яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Шунингдек, улар орасида ҳар хил миллатларга мансуб аҳоли мавжуд бўлиб, улар ҳам мамлакатимизнинг барча фуқаролари қатори бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Ўзбекистон қонунларида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари тўлиқ таъминланган. Таълим олишлари, меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жамиятни маънавий янгилашдан кўзланган бош мақсад – юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ эркинлиги ва фаровонлиги, комил инсонни тарбиялаш, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик масалаларидан иборат.
Республикада ҳозирги пайтда 27 миллат вакиллари томонидан тузилган 130 дан ортиқ миллий маданий марказ (МММ) фаолият олиб бормоқда.14 МММ республика мақомига эга. 31 МММ корейслар, 23 МММ руслар, 10 МММ тожиклар, 9 МММ қозоқлар, 9 МММ татарлар (3 таси татар-бошқирд МММ) томонидан тузилган.Озарбайжонлар 8, туркманлар 7 та МММга эга. Украинлар ва қирғизларда 6, туркларда ва Европа яҳудийларида 5 тадан МММ бор.Немислар, поляклар ва арманлар 4 тадан МММ тузишган.Уйғурлар ва Бухоро яҳудийлари 3 тадан МММга эга. Белоруслар ва қрим татарлар 2 тадан МММ га эга.Араблар, болгарлар, бошқирдлар, греклар, грузинлар, литваликлар, қорақалпоқгар, хитойлар ва дунганлар 1 тадан МММ тузишган.Республика байналмилал маданият маркази эса ушбу миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга ташкилий ва услубий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида Республика байналмилал маданият маркази томонидан 20 дан зиёд илмий рисола ва тўпламлар, шунингдек, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик, бу борада истиқлол йилларидаги ютуқларимизни акс эттирувчи “Ўзбекистон – умумий уйимиз” альбом китоби, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр”, “Ўзбекистон Конституцияси – буюк келажагимиз кафолати”, “Мустақил Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ривожи” каби мақолалар тўпламлари чоп этилди.
Ўзбекистонда таълим 7 тилда олиб борилади. Булар сирасига ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, қозоқ, туркман, тожик ва қирғиз тилларини киритиш мумкин. Телевидение ва радиода 10 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, татар, уйғур, озар-байжон) кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилади.
Газеталар 10 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, корейс, тожик, туркман, украин, инглиз), журналлар эса 8 тилда (ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) босилади.
Марказ томонидан ҳар йили икки марта тил байрами ўтказилади. Булар – ЮНЕСКО Бош конференцияси 30-сессиясида (1999 йил) 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган ва 2000 йилдан 195 та аъзо давлатларда нишонланиб келинаётган “Халқаро она тили куни” ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун ҳисобланади. Шу муносабат билан ҳар йили анъанавий тарзда ўзбек тили бўйича нотиқлик санъати танлови ташкил этилади. Унда, асосан, русийзабон ўқувчи-ёшлар иштирок этишади.
Ўзбекистон – бағрикенг диёр. Бу иборани ҳамиша ифтихор билан тилга оламиз. Бунга тўла асосимиз бор. Тарихдан маълумки, халқимиз бошидан кечирган оғир қатағон ва Иккинчи жаҳон уруши йиллари кўп ситамларга юзма-юз бўлган корейслар, немислар, турклар, поляклар, греклар, қрим-татар ва бошқа миллат вакиллари Ўзбекистонни Ватан тутдилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари учун эса Ўзбекистон она-Ватанга айланди. Чунки улар шу ерда туғилиб, камолга етди, ҳаётда ўз ўрнини топди.
Do'stlaringiz bilan baham: |