Соғлиқни сақлаш. Мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш бўйича мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб амалга оширилаётган дастурларнинг натижалари дунёда кенг эътироф этилмоқда. Яқинда шу масалаларга бағишлаб Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро конференциялар биз учун инсон омили, инсоннинг бахти ва камолоти энг буюк мақсад эканини яна бир бор тасдиқлади.
Бу конференцияларда БМТ, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва намояндалари, дунёнинг қарийб 50 та давлатидан, тараққий топган мамлакатлардан кўзга кўринган давлат ва жамоат арбоблари, йирик олимлар ва мутахассислар келиб, бу борадаги ютуқларимизни тан олгани бунинг яққол далилидир.
Мустақиллик йилларида қишлоқ жойларида замонавий асосда жиҳозланган 3 минг 200 дан ортиқ қишлоқ врачлик пункти барпо этилиши билан юртимизнинг ҳатто энг олис ҳудудларида ҳам аҳолининг замонавий ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланишига эришилмоқда.
Бугунги кунда бир қатор халқаро институтларнинг баҳосига кўра, аёлларга қулай шароитлар яратиш ва оналикни ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон жаҳоннинг 125 та давлати орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳозирга келиб ушбу кўрсаткич МДҲ ва Осиёда эса энг юқори саналади. “Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида мамлакатимиз болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатаётган энг илғор етакчи 10 та мамлакат қаторига киритилгани бу борадаги изчил ва мантиқий ислоҳотлар самараси ҳақида ортиқча изоҳга ўрин қолдирмайди. 2011 йил 26 ноябрда Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: соғлом она – соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиум мамлакатимизда соҳада эришилаётган ютуқларни дунё жамоатчилиги тан олаётганини яна бир бор кўрсатди. Зотан, юртимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели “Минг йиллик ривожланиш мақсадлари”га эришишнинг самарали стратегияларидан бири сифатида эътироф этилди.
Истиқлол йилларида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар самарасини оналар ва болалар ўлими кўрсаткичларининг 3 бараварга камайгани, мамлакатимиз фуқароларининг ўртача яшаш умри эркакларда 67 ёшдан 73 ёшгача, аёлларда эса 75 ёшгача кўтарилгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Спорт. Президентимизнинг “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига кўра, бюджет, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани ва унинг фаолияти йилдан-йилга тобора такомиллашиб бораётгани ҳам мамлакатимиз спорти ўзига хос ривожланиш босқичига кўтарилганидан далолатдир. Ўтган давр мобайнида ушбу жамғарма ҳисобидан қарийб 1500 та замонавий, қулай болалар спорти объектлари қурилди. Шу билан бирга, фаолият олиб бораётган деярли ҳар бир умумий ўрта таълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейда очиқ ҳамда замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган ёпиқ спорт заллари, сузиш ҳавзалари барпо этилди. Ўтган 5 йилда мамлакатимизнинг барча вилоятларида намунавий лойиҳалар асосида 14 та янги, замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилиб, 13 та сузиш ҳавзаси қайтадан қурилди, 83 таси капитал таъмирланди. Шу даврда 110 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди, уларнинг умумий сони бугунги кунда юртимиз бўйича 203 тага етди.
Ушбу спорт объектларида спортчи сифатида шаклланиб, камолга етган ёшлар дунёнинг 34 та мамлакатида спортнинг 30 тури бўйича мусобақаларда фаол иштирок этгани бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар мевасини бераётгани тасдиғидир. Ана шундай ёш спортчиларимиз ўтган даврда ўз маҳорати, азму шижоатини намоён этиб, 922 та медал, жумладан, 363 та олтин, 282 та кумуш ва 277 та бронза медаллар қўлга киритгани алоҳида таҳсинга сазовордир. Биргина 2012 йилнинг ўзида спортчи йигит-қизларимиз 204 та медаль соҳиби бўлди. Уларнинг 81 таси олтин, 61 таси кумуш ва 62 таси бронза медалларидир.
Мамлакатимизда катта теннис ва стол тенниси, бадиий ва спорт гимнастикаси, сузиш, енгил атлетика, баскетбол, гандбол, волейбол, футбол, дзюдо, кураш ва дунё бўйлаб кенг тарқалган бошқа спорт турлари жадал ривожланиб, тобора оммавийлашиб бормоқда. Айни пайтда юртимизда 2 миллионга яқин бола 30 дан зиёд спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келаётгани фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Бу рақам, 2003 йилга нисбатан олганда, 1,4 баробар кўпдир. Шу даврда мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш 20,4 %дан 40,5 %га, жумладан, қизлар орасида 16,4 %дан 32,5 %га ўсган.
1991 йилда ўсмирларимиз Мексикани харитадан зўрға топарди. 2011 йилда ўсмирларимиз Мексикани ҳайратга солиб қайтишди. 15 ёшли болаларга “Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги” кўкрак нишони, ўзимизда ишлаб чиқарилган “Спарк” енгил автомобили совға қилинди.
Ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг ижодкорлигини қўллаб-қувватлаш йўлида “Fond Forum” жамғармаси томонидан ҳам “Келажак овози”, “Янги авлод”, “Меҳр нури”, “Art week style”, “Асрлар садоси” каби кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мустақилликнинг ўтган қисқа даврида мамлакатимиз барча жабҳаларида изчил суръатлар билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилаётгани бугунги кундаги ўзгаришлар моҳияти ислоҳот – ислоҳот учун эмас, балки инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун деган гуманистик тамойил жамиятимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда. Бугун юртимизда 30 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг бирортасида ўтган асрнинг 90-йилларидаги кайфият йўқ. Халқимиз бунёдкорлик иштиёқи билан яшамоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |