Adabiyotshunoslikka oid kurslar bo'yicha mashg'ulotlarda dars o'tish shakllari Олий таълимда машғулотлар маъруза, амалий машғулот, семинар, мустақил иш бўлимларга бўлинади. Машғулотларнинг барча турлари ҳар бир бўлимга оид хусусиятларнинг ички ва ташқи омилларига боғлиқ ҳолда ташкил қилинади. Олий таълимда маъруза машғулотлари айрича аҳамият касб этади. Маърузани режалаштираётганда биринчи навбатда унинг мазмунига аҳамият берилади. Ўқув дастурларида талабанинг ҳозиргача олган билимлари ва унинг бундан кейин эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакларини назарга олган ҳолда тегишли кўрсатмалар берилади. Бу кўрсатмалар маърузанинг мазмунига ҳам, уни ташкил этиш методикасига ҳам алоқадор бўлиши мумкин. Таълимнинг қайси босқичида бўлмасин, маъруза ва суҳбатлар жараёнида ўқитувчи асар мазмунини айтиб беришдан тийилиши керак. Машҳур рус методисти А.Д.Алферов айтганидай: «Биз дарсликларда адабий асарларнинг мазмунини баён этишни нопедагогик иш деб ҳисоблаймиз; … бундай баён ҳеч қачон ёзувчининг ўзи чеккан дардларни туйишга мажбур қила олмайди, бунинг устига у ўқувчидан асл манбага мурожаат қилиш эҳтиёжини тортиб олади (ахир у асар мазмунини билади-да!) Бундай баён ёшларни адабиётнинг руҳи бўлган жонли, ижодий таъсирни ўз танида ҳис этиш имконидан маҳрум қилади». Бу фикрлар фақат дарслик ва қўлланмалар учун эмас, балки маъруза ва суҳбатлар учун ҳам тўлалигича тааллуқлидир. Маърузаларнинг янги, замонавий ахборот ва педагогик технологиялар асосида ташкил этилиши бугуннинг энг муҳим талабларидан биридир. Маъруза бошида, унинг ўртасида ёки охирида талабаларга тарқатма материалларни бериш ҳам яхши самара берадиган воситалардан бири бўла олади. Бунда маърузадаги материал-ларнинг талабаларга тўлиқ етиб бориши таъминланади. Мазкур мавзуда тарқатма материаллар сифатида айрим лирик асарларнинг таҳлили намунаси, лирик асарлар ҳақида адабиётшуносликдаги мавжуд фикрлар, шунингдек, методик адабиётлардан олинган кўчирмалар хизмат қилиши мумкин. Имкони бўлса, бундай тарқат-ма материалларнинг ҳар бир талабага етказилиши мақсадга муво-фиқ бўлади. Эндиликда бунинг энг қулай шаклларидан бири сифатида уларнинг электрон вариантларини тавсия этиш ўринли бўлади. Улардан бир неча мақсадлар йўлида фойдаланиш мумкин. Тарқатмалар фақат ҳозир эшитилган маъруза моҳиятини теранроқ англаш учунгина эмас, балки талабанинг бундан кейинги фаолия-тида, жумладан, айрим мустақил ишларни бажаришида ҳам ёрдам бериши мумкин. Маъруза машғулотининг жиҳозланиши. Ҳар бир маъруза учун керак бўладиган материаллар, асосан, адабий асарлар, уларнинг муаллифи ҳақидаги тадқиқотлар, расм ва портретлар, аудио ва видеоматериаллар бўлиши мумкин. Адабиёт дарсларида баъзан ижодкорларнинг ўзларини ҳам таклиф қилиш имконияти мавжуд бўлади. Низомий номидаги ТДПУда Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Муҳаммад Али, Ҳалима Хужойбердиева, Умида Абдуазимова, Улуғбек Ҳамдам сингари ижодкорлар билан учрашувлар ва уларга алоқадор тарзда бевосита дарс жараёнларини ташкил этиш анъана тусига кирган. Компьютер технологиялари ҳам ҳозирги замон дарсларининг таркибий қисмига айланиб бормоқда. Амалий машғулотлар мазмуни Амалий машғулотлар талабаларнинг тегишли фан соҳасидаги билимларни ўзлаштиришлари, шу соҳадаги кўникма ва малакаларни шакллантиришлари учун катта имкониятларни беради. Амалий машғулотлар талабанинг мустақил ишларини йўлга қўйиш воситаси ҳамдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |