3.4. Масъулияти чекланган жамиятларда пул маблағлари ҳаракати таҳлили
МЧЖ фаолиятини бир маромда амалга ошириш учун маълум миқдордаги пул маблағларига эга бўлишлари лозим. Пул маблағлари бу кассадаги нақд пул ва талаб бўйича бериладиган депозитлар, шунингдек, ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа счётлардаги маблағлардир. Пул маблағлари фермер ўзига хизмат кўрсатадиган банкда очган ҳисоб-китоб счётида сақланади. МЧЖнинг барча пул маблағлари банк орқали ҳаракатланади. Хўжалик юритувчи субъектлар ўзига зарур бўлган ишлаб чиқариш ресурсларини банк орқали пулини тўлаб сотиб олади. Пул эквивалентлари бу пул маблағларига эркин алмаштириладиган қисқа муддатли ликвидланадиган, қиймати ўзгариши хатарига камроқ мойил бўлган инвестициялар.
Бугунги кунда бошқа корхоналар каби МЧЖларнинг муаммоларидан бири зарур миқдордаги пул маблағларига эга эмаслиги ҳамда пул оқимлари ҳаракатини ўз вақтида таҳлил қилмаслиги ва бошқара олмаслигидир. МЧЖнинг ҳисоб рақамида етарли миқдорда маблағи бўлмаса, ишлаб чиқаришни амалга ошириши қийин кечади ва инқирозга юз тутиши мумкин. Шундай экан, МЧЖлар пул маблағларининг манбаларини излаб топишлари, маблағлардан самарали фойдаланишлари, пул маблағлари ҳаракатини кузатиб боришлари, таҳлил қилишлари ва умуман тўғри бошқаришлари лозим.
Пул маблағларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, кўп жиҳатдан МЧЖда пул маблағларининг ҳаракатини оптимал бошқаришни ташкил этиш ва улар устидан назоратни яхшилашга боғлиқ. Пул маблағлари назоратини ташкил этишнинг асосий элементларидан бири эса, МЧЖнинг ҳисоб-китоб счётидан самарали фойдаланишни таъминлашдир, яъни барча кирим қилинаётган маблағлар ва барча тўловларни банкдаги ҳисоб рақами орқали амалга оширишдир.
МЧЖнинг молиявий аҳволи кўп жиҳатдан реал пул айланмасига боғлиқ. МЧЖнинг ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамлари орқали ўтадиган пул маблағларининг келиб тушиши ва уларнинг сарфланишига пул маблағлари оқими дейилади. МЧЖ ишининг самарадорлигига, барқарор молиявий ҳолатга МЧЖнинг ҳисоб-китоб счёти ва бошқа счётларига пул маблағлари ўз вақтида ва тўла ҳажмда келиб тушиши ва тўланиши натижасида эришиш мумкин. Пул маблағлари оқимини таҳлил қилиш учун молиявий ҳисоботнинг 4-шакл «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот» ва «Корхона (ташкилот) молиявий фаолиятининг асосий кўрсаткичлари тўғрисида» ги статистик ҳисобот шакллари асосий маълумот манбаи ҳисобланади.
Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот молиявий ҳисобот ҳужжати бўлиб, унда жорий асосий (операция) фаолияти жараёнида пул маблағлари келиб тушиши, сарфланиши ва уларнинг йил боши ва охиридаги қолдиғи, шунингдек, инвестиция ва молиявий фаолиятга йўналтирилган пул маблағлари акс эттирилади. Операция фаолияти бу инвестиция ва молиявий фаолиятни истисно қилганда, корхонанинг даромад келтирадиган асосий ва бошқа фаолияти. Инвестиция фаолияти пул эквивалентларига киритилмаган узоқ муддатли активлар ва бошқа инвестицияларни сотиб олиш ва сотиш. Молиявий фаолият МЧЖнинг фаолияти бўлиб, у натижада ўз сармояси ва қарз олинган маблағлар ҳажми ва таркибининг ўзгаришига олиб келади.
Бугунги кунда корхоналарда пул оқимлари асосан тўртта жараён бўйича содир бўлади. Булар:
- операцион фаолиятда пул маблағларининг кирими ва чиқими;
- инвестиция фаолиятидаги соф пул оқимларининг кирими ёки чиқими;
- молиявий фаолиятдаги пул маблағларининг соф кирими ва чиқими;
- тўланган солиқлар.
Пул маблағлари ҳаракати таҳлилини МЧЖ мисолида ўрганганимизда қуйидаги маълумотларга эга бўлдик (3.4.1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |