I.1. Иқтисодиётда моделлаштириш асослари
Замонавий иқтисодиёт фани ва амалиёти амалий математика ютуқларидан тобора кенгроқ фойдаланмоқда, уларни илмий тадқиқотлар қуролидан мураккаб хўжалик масалаларини самарали ҳал килишнинг муҳим воситасига айлантирмоқда.
Замонавий иқтисодиёт назарияси ҳам микро-, ҳам макродаражада табиий, зарурий элемент сифатида математик моделлар ва усулларни ўз ичига олади. Математикадан иқтисодиётда фойдаланиш иқтисодий ўзгарувчилар ва объектларнинг энг муҳим, аҳамиятли боғланишларини ажратишга ва формал тасвирлашга, иқтисодиёт назариясининг қоидалари, тушунчалари ва хулосаларини аниқ ва лўнда баён қилишга имкон беради. Бунда моделлар ва моделлаштириш муҳим ўрин тутади.
Модель — бу шундай моддий ёки хаёлан тасаввур қилинадиган объектки, қайсики тадқиқот жараёнида ҳақиқий объектнинг ўрнини шундай босадики, уни бевосита ўрганиш ҳақиқий объект ҳақида янги билимлар беради. Моделларни қуришда тадқиқ қилинаётган ҳодисани белгиловчи муҳим омиллар аниқланади ва қўйилган масалани ечиш учун муҳим бўлмаган қисмлар чиқариб ташланади.
Бир томондан, моделлар осон ўрганиладиган бўлиши керак, шунинг учун улар жуда мураккаб бўлмаслиги керак — бинобарин, улар албатта фақат соддалаштирилган нусхалар бўлади. Бироқ, иккинчи томондан, моделларни ўрганишдан олинган хулосаларни ҳақиқий объектларга ҳам қўллаш лозим, демак, модель ўрганилаётган ҳақиқий объектнинг муҳим томонларини акс эттириши керак.
Моделлаштириш деганда моделларни қуриш, ўрганиш ва қўллаш жараёни тушунилади. Моделлаштириш жараёни қуйидаги уч элементни ўз ичига олади:
субъект (тадқиқотчи);
тадқиқот объекти;
ўрганувчи субъект билан ўрганилаётган объектнинг муносабатларини воситаловчи модель.
Илмий изланишларда моделлаштириш қадимги замонлардаёқ қўлланила бошланди ва аста-секин илмий билимларнинг қурилиш ва архитектура, астрономия, физика, химия, биология ва ниҳоят, ижтимоий фанлар каби тобора янги соҳаларини қамраб ола бошлади. Биринчи математик моделлар Ф.Кенэ (1758 й., иқтисодий жадвал), А.Смит (классик макроиқтисодий модель), Д.Рикардо (халқаро савдо модели) томонидан ишлатилган. XX аср замонавий фаннинг амалда барча соҳаларида моделлаштириш усулига катта муваффақиятлар ва обрў-эътибор келтирди.
Турли иқтисодий ҳодисаларни ўрганиш учун уларнинг иқтисодий моделлар деб аталувчи соддалаштирилган формал тасвирларидан фойдаланилади. Истеъмол танлови моделлари, фирма моделлари, иқтисодий ўсиш моделлари, товар ва молия бозорларидаги мувозанат моделлари ва бошқа кўп моделлар иқтисодий моделларга мисол бўлади.
Иқтисодиётда математик модель — бу иқтисодий объектлар ёки жараёнларни таҳлил қилиш ёки бошқариш мақсадида уларнинг математик тасвирланиши, яъни иқтисодий масаланинг математик ёзуви. Иқтисодий объектнинг математик модели — бу унинг функциялар, тенгламалар, тенгсизликлар, мантиқий муносабатлар, графиклар мажмуаси кўринишидаги акс эттирилиши. Бундай акс эттириш ўрганилаётган объект элементларининг муносабатлари тўпламини модель элементларининг шунга ўхшаш муносабатларига бирлаштиради.
Иқтисодий-математик моделлларни амалиётда қўллаш усуллари иқтисодий-математик усуллар деб аталади. Иқтисодий-математик усуллар (ИМУ) иқтисодиётни ўрганиш учун бирлаштирилган иқтисодий ва математик фанларнинг уюшмасидир. Бу тушунча фанга ХХ асрнинг 60- йилларида академик В.С.Немчинов томонидан киритилган бўлиб ИМУ иқтисодиёт, математика ва кибернетиканинг туташишида ҳосил бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |