13.5. Маҳсулот таннархини таркиби ва турлари.
Харажатлар маркази - бу фақат харажатларнинг мақсадли сарфланишига масъул бўлган корхонанинг бўлинмасидир (ишлаб чиқариш цехи, конструкторлик бюроси ва ҳ.к.).
Корхонани бундай марказ доирасида бошқариш мақсадида ишлаб чиқариш харажатларини режалаштириш, меъёрлаштириш ва ҳисобини ташкил этиш амалга оширилади.
Юқорида келтирилган чизма харажатларни алоҳида бўлинмалар ичида режалаштириш имконини беради. Унга асосланиб, корхонада харажатлар ҳисобини оқилона ташкил этиш мумкин.
Харажатлар марказини, ўз навбатида, бошқариладиган ва эркин харажатлар марказларига бўлиш мумкин.
Бошқариладиган харажатлар марказининг раҳбари, аввало, маҳсулот бирлигига сарфланадиган харажатларни энг кам миқдорга келтиришга жавоб беради ва унинг фаолияти маҳсулот бирлигини ишлаб чиқаришга сарфланган меъёрий ва ҳақиқий харажатларни таққослаш йўли билан баҳоланади.
Эркин харажатлар маркази фаолиятини баҳолаш учун аниқ мезонни белгилаш мураккаб, чунки корхона раҳбарияти бундай марказлар харажатлари ҳажмига таъсир қила олмайди. Конструкторлик бюроси, кимёвий-техник назорат лабораторияси ва ҳ.к.лар эркин харажатлар марказларига мисол бўла олади.
Бошқариладиган харажатлар марказида маҳсулот ишлаб чиқариш харажатлари ва бошқа бўлимлар ўртасида самарали муносабат ўрнатилади. Ушбу марказларнинг харажатларини бошқариш олдиндан тузилган мослашувчан бюджетлар ёрдамида амалга оширилади.
Жавобгарлик маркази раҳбари вазифаларни бажариш бўйича белгиланган мажбуриятлар билан бирга молиявий жавобгарликни ҳам ўз зиммасига олиши шарт.
Бунда ҳар бир марказ ўзига тайинланган турли функцияларни бажариши мумкин (ишлаб чиқариш, маркетинг, техник хизматлар, ҳисоб, назорат ва ҳ.к.). Мазкур ҳолатда, муайян функциялар Ёки воситалар эмас, балки ходим ёки маъмурият жавобгарлик маркази объекти бўлиб ҳисобланади.
13.6. Жараёнли, буюртмали, босқичли таннарх ҳисоблаш усуллари.
Ташкилотнинг ўзи томонидан ишлаб чиқариладиган (тайёрланадиган) маҳсулотнинг таннархи деб уларнинг ишлаб чиқариш таннархи тан олинади. Маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига уларни ишлаб чиқариш билан бевосита боғлиқ бўлган, ишлаб чиқариш технологияси ва уни ташкил этиш билан шартланган харажатлар киритилади. Уларга қуйидагилар тегишли бўлади: бевосита ва билвосита моддий харажатлар, бевосита ва билвосита меҳнат харажатлари, ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган бошқа бевосита ва билвосита харажатлар.
Маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини аниқлашнинг асосий усуллари бўлиб: оддий, меъёрий, буюртма, босқичли усуллар ҳисобланади, савдо ташкилотларида эса харажатларни инвентарь баҳолаш усули ҳам қўлланилади.
Таннархни аниқлашнинг буюртма усули ишлаб чиқариш харажатлари маҳсулот (иш, хизмат) (бир хилдаги маҳсулотлар гуруҳи)га доир алоҳида буюртмалар бўйича идентификацияланадиган ва ҳисобга олинадиган якка тартибда ги ва майда туркумли ишлаб чиқаришга эга бўлган ташкилотларда қўлланади. Буюртманинг объекти бўлиб маҳсулот (иш, хизмат), бир хилдаги маҳсулот (иш, хизмат)нинг майда туркумлари ёки таъмирлаш, монтаж ва экспериментал ишлар ҳисобланади. Ишлаб чиқариш жараёни узоқ давом этадиган йирик маҳсулотларни тайёрлашда буюртмалар яхлит маҳсулотга эмас, балки унинг тугалланган конструкцияларга эга бўлган алоҳида агрегатлари, узелларига берилиши мумкин.
Таннархни аниқлашнинг ушбу усулида барча харажатлар буюртманинг якунланишига қадар тўлалигича тугалланмаган ишлаб чиқариш деб ҳисобланади.
Таннархни аниқлашнинг босқичли усули бошланғич хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш жараёнида бир қатор босқич, фаза, поғоналардан ўтадиган ташкилотларда қўлланади. Ушбу усулда аввал барча маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг таннархи, сўнгра унинг бирлиги таннархи аниқланади.
Босқичли усул ташкилотнинг тармоққа мансублигига боғлиқ ҳолда икки вариантда амалга оширилиши мумкин: ярим тайёр маҳсулотли ва ярим тайёр маҳсулотсиз вариантларда.
Ярим тайёр маҳсулотли вариантда ҳар бир босқич бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳисоблаб чиқарилади қамда у аввалги босқичлар маҳсулоти (ишлар, хизматлар)нинг таннархи ва мазкур босқич бўйича харажатлардан иборат бўлади. Охирги босқич маҳсулотининг таннархи барча тайёр маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи ҳамдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |