61. 1848-1849 йиллар инқилоблари даврида халқаро муносабатлар ва дипломатия.
1848–1849 йилларда Европанинг деярли барча мамлакатларида инқилобий воқеалар юз берди. Бир вақтнинг ўзида юз берган бу инқилоблар Европа мамлакатлари ўз тараққиёти жиҳатдан бир-бирларига жуда ҳам яқин эканлигини яна бир бор исботлади. Маълумки, XVII–XVIII асрлардан бошлаб, эркин бозор Европа қитъасида тобора етакчилик қилаётган эди, аммо жамиятда ҳали феодализм қолдиқлари мавжуд эди. Шу сабабли, 1848–1849 йилларда бошланиб кетган бу инқилоблар эскилик қолдиқларини тугатишга қаратилган. Шу билан бир қаторда, бу инқилоблар саноатлашаётган тузумнинг жадал суръатлар билан ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиб бериши керак эди. 1848–1849 йилларда Европа мамлакатларидаги инқилобларнинг ўхшаш жиҳатлари билан бир қаторда, ҳар бир мамлакатда ўзига хос хусусиятлар ҳам мавжуд бўлган. Италия ва Германияда ижтимоий муаммолардан кўра миллий муаммо, яъни ҳар икки мамлакат халқини миллий давлатчилик асосида бирлаштириш масаласи турар эди. Австрия империясида бўлса ҳар бир халқ ўзининг миллий мустақиллигига эришиш учун Габсбурглар сулоласи ҳукмронлигига қарши курашга бел боғлаган эди. Францияда эса аҳвол янада бошқачароқ бўлган. Франция асрлар давомида марказлашган миллий давлат бўлиб, ижтимоий муаммолар инқилобнинг энг долзарб масалаларидан ҳисобланар эди. 1848 йилнинг февраль ойи охирида бошланиб кетган инқилоб Францияда ўз даврида энг демократик Республиканинг ўрнатилишига олиб келди. 1848 йилда қабул қилинган Конституция анча илғор конституция бўлиб, унда асосий ҳокимият тизимлари бўлмиш қонун чиқарувчи, ижро этувчи, судпрокуратура органларининг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланган эди. Француз ҳуқуқшунослари, олимлари, мутафаккирлари 1848–1851 йилларда ҳукм сурган Иккинчи республика давомида жуда кўп ижобий ишларни амалга оширдилар. Қисқа муддатда сайлаш ва сайланиш, давлат органларини халқ сайловлари асосида ташкил этиш, партияларнинг жамиятдаги фаолиятини таъминлаш, парламент тизимини яхшилаш, президентлик бошқарувини жорий этиш каби бунёдкорлик ишларини биринчилардан бўлиб французлар йўлга қўйдилар. Ўша пайтда катта ёшдаги аҳоли ўртасидаги саводхонлик анча юқори бўлиб, у 50% ни ташкил этарди. Францияда барча фуқароларнинг умумий овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритиш ғояси халқ орасида кенг тарқалди. Инқилоб натижасида 21 ёшга етган ва ундан ошган барча эркаклар сайловда қатнашиш ҳуқуқини олдилар. Натижада, сайловчилар сони 250 мингдан 9 млн. га кўпайди. Конституцияда виждон эркинлиги, эътиқод эркинлиги қатъий белгилаб қўйилди. Тинч намойишлар ўтказиш, ижтимоий-сиёсий иттифоқлар тузиш французларнинг узвий ҳуқуқларига айланди. Бир қанча клублар тузилди, юзлаб газеталар нашр қилина бошланди, цензура бекор қилинди. Иш куни Парижда 10 соат, Франциянинг қолган ерларида – 11 соат қилиб белгиланди. Англия парламенти 1832 йилдаёқ метрополия ва ўз мустамлакаларида қулларнинг олди-сотдисини бекор қилган бўлса, Францияда бу иш 1848 йилда амалга оширилди. 1848 йилда қабул қилинган Конституция мамлакатда президентлик тизимини илк бор жорий этди. Айтиш жоизки, 1848 йилги инқилобий ҳаракатлар туфайли Швейцарияда ҳам президентлик бошқарувига ўтилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |