60. XIX асрнинг 20-30 йилларида Европада халқаро вазият ва дипломатия..
Қироллар ва императорлар XIX аср бошларида Европада, Ғарбда бўлган улкан ўзгаришларни тан олгилари келмас эди. Улар Буюк француз инқилоби ва Наполеон ҳукмронлигининг қайта такрорланишини асло истамас эдилар. Барча ҳукмдорлар “Муқаддас иттифоқ”қа бирлашиб, “монархиялар” худонинг иродаси орқали яратилган, деб барча халқларни ишонтирмоқчи бўлар эдилар. Монархия ва дин ўртасидаги иттифоқ бирмунча вақт давомида мустаҳкамланди. Рус подшоси Александр I ана шу иттифоқнинг илҳомчиси эди. Россия қолоқ бўлиб, у ҳали саноатлашмаган ва ўрта асрларга хос бўлган даврни ўз бошидан кечирмоқда эди. Бироқ Россиядан фарқли ўлароқ Ғарбда ўрта табақага мансуб аҳолининг сони кун сайин ошиб бормоқда эди. Англияда парламент қирол ҳокимлигини чеклаш учун кураш олиб борди. Аммо 1815 йилдан кейин Европада реакцион кучларнинг таъсири кучайди. Шарқий Европада, Италияда чет элликларнинг ҳукмронлиги кучайди, бу ҳолат миллий-озодлик кучларининг норозиликларига олиб келди. Шу сабабли, 1820 йилларда бир қанча ижтимоий чиқишлар ва қўзғолонлар содир бўлди. Вена системасининг вужудга келишида бир рамзий маъно ҳам бор эди. У ҳам бўлса, ижтимоий ағдар-тўнтар ва ур-йиқитларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймасликка қарши қаратилган эди. Албатта, юқорида қайд этганимиздек, “Муқаддас иттифоқ” легитимликка асосланган бўлиб, кўпроқ эски феодал тартибларни реставрация қилишга қаратилган эди. Фақатгина ғолиб мамлакатларгина эмас, балки пентархия (бешлик): Англия, Россия, Австрия, Пруссия ва Франция Европанинг тақдирини ҳал қилишлари керак эди. Энг мураккаб масала – бу инқилобларни жиловлаш масаласи бўлиб қолди. 1819 йилда ана шундай инқилобий чиқишлар Испания, Португалия ва бошқа ҳудудларда бўлиб, феодал абсолютизм тартиботларига қарши қаратилган эди. 1819 йил 1 августда Австрия ва Пруссия давлатлари
ўртасидаги махфий конвенция немис радикалларини қатағон қилишга қаратилган эди. Гап шундаки, 1813–1815 йиллар давомида немис давлатлари монархлари конституциявий ислоҳотлар ўтказиш тўғрисида ваъда берган бўлсалар-да, бу ваъдалар бажарилмади. Аммо Испания, Португалия ва Неаполитания қироллигида 1820 йилги юз берган инқилоблар туфайли бу мамлакатларда аҳоли қиролларни янги конституциялар қабул қилишга мажбур этди. Мазкур инқилоблар пентархияни ваҳимага солди. Шу сабабли, улар 1820 йил Троппау (Опава)да конгресс чақиришди ва конгресс 1821 йилда ҳам ўз ишини давом эттирди. Конгресс қарорига биноан, Австрия қўшинлари Неаполитания инқилобчиларини бостириши керак эди. Шу билан бирга, Англия ва Франция Австрия қўшинларининг у ерда кўп қолиб кетмаслигини талаб қилишди. Шу пайт рус подшоси Александр I Австрия бош вазири Меттернихдан Неаполитанияда инқилоб бостирилгач, Жанубий Италияни Австрия қўшинлари ташлаб чиқиб кетиши учун кафолат олди. Конгресс сўнгида 1821 йил май ойида уч давлат – Россия, Австрия ва Пруссия вакиллари ҳар қандай инқилобий чиқишларни аёвсиз бостириш тўғрисида қарор қабул қилишди. Бу қарор “Муқаддас иттифоқ” аъзоларига ҳар хил баҳоналар билан давлатларнинг ички ишларига аралашиш имконини берар эди. 1822 йил октябрь ойида Шимолий Италиянинг Верона шаҳрида III конгресс иштирокчилари йиғилдилар. Инқилобий кучларни бостиришда эндиликда Австрия, Россия, Пруссия билан бир қаторда Франция ҳам фаол қатнашиши назарда тутилган эди. Аммо Англиянинг бу масаладаги нуқтаи назари сал бошқачароқ эди. Унинг жуғрофий жойлашуви ва Британия оролларидаги мавқеи хавфсизликни таъминлаш учун қулай эди. Бир томондан, Англиянинг Шарқ мамлакатлари бўйича Россия билан рақобати мавжуд бўлса, иккинчи томондан, Пиреней ярим оролида ва Лотин Америкаси мамлакатларида Англия ва Франция ўртасидаги зиддиятлар кескинлашди. Ўз навбатида, Лотин Америкаси мамлакатларидаги миллийозодлик ҳаракатлари ва урушлари Испания ва Португалияга қарши қаратилган бўлиб, бу ерда Англия ва Франциянинг таъсир доиралари кучайиб бормоқда эди. Верона конгрессида асосий масала Испания ва Португалия инқилобини бостириш масаласи эди. Янги полициячилик миссияси Францияга топшириладиган бўлди. Чунки Франция жуғрофий жиҳатдан Испаниянинг қўшниси эди. Англия бўлса, Франциянинг Пиреней ярим оролидаги мавқеининг кучайишига қарши эди. Англиянинг норозилигига қарамасдан, 1822 йилда IV конгресс қатнашчилари бўлмиш Россия, Австрия, Пруссия ва Франция Пиреней ярим ороли инқилобига қарши интервенция ташкил этишга қарор қилдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |