Хиссиёт.
Кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар жуда эмоционалдирлар. Бу эмоционаллик шу
нарсада кўринадики:
Биринчидан,
кичик мактаб ёшидаги болаларнинг идроклари, кузатишлари, ҳаёллари, ақлий
фаолиятлари одатда эмоционал бўёқларга бой бўлади.
Иккинчидан,
кичик мактаб ёшидаги болалар (хусусан, I ва II синф ўқувчилари) ўз
ҳиссиётларини тийиб тура олмайдилар, бу ҳиссиётларнинг ташқи жиҳатдан намоён бўлишини
назорат қила олмайдилар. Болалар ўз хурсандчиликларини, ташвишларини, ғамгинликларини,
қўрқувларини, қаноат ҳосил қилганликларини ёки қаноатланмаганликларини самимий равишда ва
очиқ-ойдин изҳор қиладилар.
Учинчидан,
кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар ўзларининг зўр эмоционал беқарорликлари,
кайфиятларининг тез-тез ўзгариб туриши, аффект ҳолатига мойилликлари, хурсандлик-ғамгинлик,
ғазаб ва қўрқувларининг қисқа муддатли ва жўшқин намоён бўлиши билан ажралиб турадилар.
Ёшлари улғайган сари уларда ўз ҳиссиётларини бошқариш ва бу ҳиссиётларнинг ёқимсиз намоён
бўлишига йўл қўймаслик қобилияти ривожланади.
Кичик мактаб ёшидаги давр характернинг ижобий хислатларини тарбиялаш учун катта
имкониятларга эгадир. Ўқувчиларнинг тез кўникувчанлиги ва маълум даражада таъсирчанлиги,
улардаги ишонувчанлик, тақлид қилишга мойиллик, ўқитувчининг улар орасида жуда катта обрўси
борлиги – тарбиявий ишда мана шуларнинг барчасига суяниш зарурдир.
III синф таълимининг бошларига келиб тобора ортиб бораётган талаблар таъсири ва тўғри
ташкил қилинган таълим-тарбия ишларининг таъсири билан кичик мактаб ёшидаги ўқувчида
меҳнатсеварлик, тиришқоқлик, интизомлилик, ҳамда батартиблик таркиб топади. Секин-асталик
билан ўз хатти-ҳаракатларини иродавий томондан бошқариш қобилияти ривожланади. Ўзини тута
билиш ва ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилиш ҳамда бевосита импульсларга берилмаслик
малакаси юзага келади. Қатъийлик ва қийинчиликларни енгиш малакаси ўсади. III ва IV синф
ўқувчилари мотивлар кураши натижасида бурч деб билган мотивларни бошқаларидан устун
қўйишга қобил бўладилар. Лекин баъзан паст даражадаги мотив ҳам устун чиқиши мумкин (бирон
нарсадан қаноат ҳосил қилишга интилиш мотиви). Мана шундай вазиятда тарбиячи қаттиққўллик
кўрсатиши керак. Акс ҳолда кераксиз одат (масалан, агар қизиқарли эшиттириш кетаётган бўлса,
баъзан эса ҳар қандай эшиттириш кетаётганда ҳам дарсни ташлаб, телевизорга ошиқиш одати)
мустаҳкамланиб қолиши мумкин.
Ўқувчиларда III – IV синфлардан бошлаб бурч ҳиссини англаш сезиларли равишда намоён
бўла бошлайди (агар бурч ҳисси ўқитувчилар ва ота-оналар томонидан мақсадга мувофиқ равишда
таркиб топтирилган бўлса). Бу ёшдаги бурч ҳисси ҳали етарли даражада барқарор ва батамом
мустақил бўлмайди. Тадқиқотчи Н. Б. Андрианованинг тадқиқотларига кўра, англанган бурч ҳисси
хусусиятларининг намоён бўлиши жиҳатидан ўқувчиларни тўрт типга ажратиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |