Эътироз қилишингиз мумкинки, биз молларимизни боқишга қанча ҳаракат қилсак, фарзандимиз тарбиясига улардан юз баробар кўпроқ ҳаракат қиламиз деб.
Бу даъвоингиз маълум бўлсада, аммо тўғри эмас. Далил шулким, кимнинг уйида моли бўлса, текширса кўрадики, йил давомида унинг молларидан биттаси ҳам касал бўлмаган, аммо фарзанди ҳеч бўлмаса, уч марта хасталикка чалинган”.
...Сўзингиз тўғри бўлса ҳам менинг даъвоимга ҳеч зарари йўқ, чунки боланинг соғлиғига эътибор бериш ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишни билдирмайди. ...Одамнинг камоли фақат соғлиқ ва кучдан иборат бўлмай, балки жисмонан, ақлан ва ахлоқан юксалишдан иборат”6.Ушбу мулоҳазалардан англанаётганидек оиланинг асосий вазифаси бу фарзанд тарбиясидир. Зеро, тарбия бу жуда катта масъулиятдир!
Фарзанд тарбиясида оила қанчалик масъул бўлса, маҳалланинг масъулияти ҳам ундан кам бўлмайди. Шу ўринда И.А. Каримовнинг қуйидаги фикри муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтиш ўринли: “Маънавий ҳаётимизни юксалтириш ҳақида гапирганда, маҳалланинг роли ва таъсири хусусида тўхталиш албатта ўринлидир. Маълумки, азалдан ўзбек маҳаллалари чинакам миллий қадриятлар маскани бўлиб келади. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, тўй-томоша, ҳашар ва маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар авваламбор маҳалла муҳитида шаклланган ва ривожланган”7.
Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги ўзининг тарихий асосларига эга.
Буюк умуминсоний қадрият сифатида дунёга келган “Авесто”да ҳам ўғил болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш фақатгина оиланинг эмас, балки, юрт улуғлари ва устозларнинг ҳам вазифаси эканлиги тўғрисидаги фикрлар илгари сурилади. Унда ёзилишича, ўғил болалар таълим тизимида “муқаддас кўйлак” удумини бажариш маросимида устоз билан Қуёшга қараб сажда қилишган. Ҳаммаси “Авесто”да эзгулик ва яхшиликка мададкор кучларни улуғловчи қасамёдларни айтишган. Машғулотларни ўтказишдан мақсад, болалар қалбида ёшлигидан дунёдаги барча яхшилик ва эзгуликларнинг бунёдкори, Олий Ахура-Маздага эътиқодни мустаҳқамлаш, инсонлар бошига жамики ёмонликларни ва ёвузликларни солувчи Ахура-Ману (Аҳриман)дан нафратланиш ҳиссини тарбиялашдан иборат бўлган. Зардушт эса “муаллим — коҳинларнинг бурчлари болаларга илмларни яхшилик йўсини ила ўргатиб, яхши билан ёмонни ажрата оладиган қилиш, тўғри йўлга ҳидоят этишдир. Кимда-ким, ақлу фаросат билан ёмонликка қарши қурашса, у Ахура-Мазда йўлини тутган бўлади”, — дейди8.
Демак, ҳар томонлама етук, баркамол авлод тарбияси бизда анча қадим тарихга эга. Улуғ файласуфларимиз, шайхларимиз бу борада ажойиб фикрларни билдирган. Умуман инсоннинг аҳлоқий тарбияси аждодларимизнинг доимий диққат марказида турган.
Бугунги давлатимизнинг мустақиллиги шароитида оила ва маҳалладаги тарбияга муносабат, қарашлар ўзгача тус олмоқда. Зеро, инсонларнинг маънавий – ахлоқий ва маърифий қарашларини шакллантириш, уларнинг келажакдаги ҳаётларини белгилаб берувчи омилдир. Айниқса, ёшларда миллий туйғу, ўз халқига, унинг анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ва ҳурматни тарбиялаш, аввало оилада асос солиниши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам бугунги кун оиласини маънавий ва маданий соғломлаштириш, умумжамият ўртасида оила, маҳалла, мактаб салоҳиятини кўтариш муаммоси ўта долзарблик касб этмоқда.
Ўз-ўзини бошқаришнинг миллий модели бўлган маҳалла халқимизнинг азалий удумлари, урф-одатлари ва анъаналарига таянган ҳолда, улкан маънавий тарбия вазифасини бажаради. Кексаларнинг панду насиҳати, катталарнинг шахсий ибрати, жамоанинг ҳамжиҳатлиги орқали одамлар онгига эзгулик ғоялари сингдириб борилади.
Инсон қаерда ишлашидан қатъий назар, ўз вазифасига масъулият билан қараса, у миллий ғоя тарғиботига ўз ҳиссасини қўшмоқда, деб айтиш мумкин бўлади. Демак, миллий истиқлол ғояси тарғиботи фикрлар хилма-хиллиги тамойилига зиён етказмаган ҳолда уч мақсадга: Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашдек олий мақсадга хизмат қилади. «Табиийки, миллий ғоямиз шу юртда яшаётган барча одамларнинг олийжаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган юрт тинчлиги, ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ўз ичига олади»9.
Миллий ғоя тарғиботида жисмоний тарбия ва спорт ҳам ўзига хос муҳим восита ҳисобланади. Бугун Ўзбекистон фарзандларини ушбу соҳада эришаётган ютуқларини бутун дунё эътироф этмоқда. Чунки мамлакат, унинг бутун ҳокимият тизими ушуб соҳада жуда катта ислоҳотларни амалга оширмоқда. Охирги ўн йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1900 дан зиёд болалар спорти объекти янгидан барпо этилди. Мактаб, коллеж ва лицейларнинг спорт заллари 100 % қайта таъмирланди. Дунё спортида ноёб тажриба сифатида эътироф этилган уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” мусобақаларини, ёшлик ва спорт байрамларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Камолга етган ёшларимиз дунёнинг 40 тадан ортиқ мамлакатида бўлиб, спортнинг 30 тури бўйича Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Ана шундай ёш спортчилар ўтган даврда ўз маҳорати, азму шижоатини намоён этиб, 1000 дан ортиқ медални, жумладан, 400дан ортиқ олтин, 300дан ортиқ кумуш ва 300дан ортиқ бронза медални қўлга киритдилар. Айниқса, энг сўнги ютуқларимиздан бири бўлган, боксчиларимизнинг Бразилия Республикасининг Рио ҳаҳрида бўлиб ўтган 2016 йилги Олимпиада ўйинларида 10 та вазн категориясининг 7 тасида (3та олтин, 2та кумуш, 2та бронза) ғалабани қўлга киритганлари мамлакат спорт тарихидаги энг катта ютуқлардан бири бўлди. Бу ҳақда ёзаркан махаллий ва хорижий ОАВ ҳодимлари “Олимпиада 2016” якунларига кўра мамлакат номини энди УзБОКСтан, деб атаса ҳам бўлади!”, деган эътирофни таъкидлашди. Мана шу эътирофнинг ўзи ҳам халқимизнинг ҳар бир аъзоси, ёшларимизнинг ҳар бир вакили қалбида чексиз ғурур туйғуларини уйғотади. Бу эса милий ғоянинг мақсадлари билан мутаракдир.
Миллий ғояни аҳолининг кенг қатлами орасида тарғибот ва ташвиқот қилишда шубҳасиз оммавий ахборот воситалари (ОАВ) етакчи ўринни эгаллайди. Хуқуқий демократик жамият қуришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли бениҳоя катта. Шу боис, Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг мустақил республика мезонларига жавоб бера оладиган юридик мақомларини белгилаб берувчи хужжатлар мажмуаси қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси бош Қомусининг 67-моддасида: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва тўла қонунга мувофиқ ишлайдилар. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавоб берадилар. Цензурага йўл қўйилмайди.”10 Бугун жамиятимизнинг оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қила олмаймиз. Жамиятдаги ижтимоий, сиёсий жараёнлардаги етакчи ўринни эгаллашини ҳисобга олган ҳолда, бугун ОАВи ҳатто “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда эркин фаолиятга асосланган ОАВ шакллантирилди ва унинг фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш мақсадида аввало, хуқуқий кафолатларни яратишга киришилди.
Энг асосий тарғибот қуроли–оммавий ахборот воситалари фаолияти билан боғлиқ. Берилаётган ахборотда фақат ютуқларни кўрсатиш, мақтовлардан иборат бўлиши тарғиботга қанчалик фойдали ёки зарарли эканини ўйлаб кўриш лозим. Ҳаёт бор экан, муаммоларнинг мавжудлигига фожеа сифатида эмас, одатдаги нарса деб қарашга ўрганиш керак. Уларнинг борлигини кўриб, ўзини кўрмаганликка солиш билан фақат ўзимизга зарар қиламиз. Демак муаммоларни ўз вақтида тан олиш, уларни ҳал қилишга ёрдам беради. Очиғи, фақат мақтов тарғиботнинг ягона усули ва хаттокиэнг тўғри усули ҳам эмас. Демак, мафкурада ҳаётни фақат мақташ, уни бенуқсон тасвирлаш орқали тарғиб қилиш мумкин эмас.
Бунга мисол. Бир вақтлар АҚШ фуқароларида демократия тамойилларининг бир оз қадрсизланиши кузатилган. Мутахассислар томонидан бу муаммонинг турли ечимлари таклиф қилинган, лекин тарғиботнинг бир оз ноанъанавий усули танлаб олинади: демократиянинг камчиликлари ошкора айтилди, унинг баъзан «ишламаётгани» очиқ танқид қилинди ҳамда унга муқобил сифатида коммунизм ва монархия тарғиб этилди. Тарғиботнинг бу усули кутилгандек самара берди; одамлар «ёмон бўлса ҳам, демократиядан қўймасин», деган фикрга келди ва унинг ашаддий ҳимоячиларига айланди.
Талаба-ёшларнинг сиёсий-ижтимоий вазиятга муносабатини шакллантиришда ички ва ташқи ахборот муҳити асосий рол ўйнайди.
Ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни индивидуал тарзда ўзлаштиришни шахснинг тажрибаси билан боғлаш керак, ёшларнииг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини тавсифловчи билим, кўникма, малака ва муайян интеллектуал сифатлар кўрсаткич-индикатор (мезон) сифатида иштирок этиши мумкин.
Ҳозирги пайтда талаба ёшларнинг руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи интеллектуал восита вазифасини бажарувчи мутлақо янги типдаги янги авлод ўқув адабиётлари керак. Бунинг учун ёшларнинг физологик-психологик ривожланишларини ва дунё сиёсатининг янгича шаклланаётганлигини эътиборга олиб, яратилаётган адабиётларнинг контекстини тубдан ўзгартириш керак.
Таъкидлаш жоизки, сўз ва матбуот эркинлиги демократик ислоҳотлар суръатини жадаллаштиришга хизмат қилади. Оммавий ахборот воситалари эса доимо демократия ва сўз эркинлигининг ўзига хос ўлчови, кўрсаткичи бўлиб келган. Эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари демократик тараққиётни рағбатлантиради ва мустаҳкамлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |