Демографик муаммо. Ҳозирги замонда инсониятнинг энг муҳим муаммолари орасида, аксарият давлатлар ва минтақаларда аҳоли ҳаддан ташқари кўпайишига сабаб бўлаётган аҳолининг назоратсиз ўсиши қайд этилади. Айрим мутахассисларнинг баҳолашларига кўра, сайёрада мавжуд энергетика, хом ашё, озиқ-овқат ва бошқа ресурслар Ерда фақат бир миллиардга яқин киши («олтин миллиард») муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаши мумкин.
Сўнгги йилларда жаҳонда саводсизлар сони фоиз ҳисобида камайган бўлса, мутлақ ҳисобда ўсишда давом этмоқда. Ҳозирги вақтда ажабтовур вазиятни кузатиш мумкин: саводхонлик мутлақ рақамларда ўсаётган бир пайтда, саводсизлар, яъни ўқиш, ёзиш, оддий арифметик амалларни бажаришни билмайдиган одамлар сони ҳам ўсиб бормоқда (Ҳиндистон аҳолисининг 70%, Покистон аҳолисининг 60%, Африка мамлакатлари аҳолисининг 80% саводсиз).
Иқтисодий ривожланган мамлакатларда юқумли касалликлар бартараф этилган бўлиб, лекин юрак-қон томир касалликлари, руҳий касалликлар сезиларли даражада кўпайди, «цивилизация касалликлари» деб номланган бутунлай янги касалликлар: рак, ОИТС ва бошқалар пайдо бўлди. Бундай касалликлар, хусусан юрак-қон томир касалликлари ўсишининг асосий сабаблари кам ҳаракатчан турмуш тарзи, семириш, чекиш, руҳий зўриқиш, стресс ҳолатлари эканлиги аниқланган.
Ривожланаётган мамлакатларда тиббиёт сифатининг пастлиги, қашшоқлик ва антисанитария туфайли касалликлардан азоб чекаётганлар сони ривожланган мамлакатлардагидан кўпроқ, касалликнинг олдини олиш ёки даволаниш имконияти эса сезиларли даражада камроқдир.
Оммавий касалликлар ва умрнинг сезиларли даражада қисқариши сабабларидан бири озиқ-овқат муаммосидир. Хусусан, сурункали тўйиб овқат емаслик кам ривожланган мамлакатлар аҳолисида оммавий тарзда намоён бўлаётган муттасил оқсил очлиги ва витамин тақчиллигига олиб келмоқда. Натижада жаҳонда ҳар йили очликдан бир неча ўн миллионлаб одамлар ҳалок бўлмоқда
Яна бир глобал муаммо – инсониятни энергетика ва хом ашё ресурслари билан таъминлаш халқаро майдонда кўп сонли зиддиятлар, шу жумладан ҳарбий можаролар манбаига айланди. Бу ресурслар моддий ишлаб чиқаришнинг негизи ҳисобланади ва ишлаб чиқариш кучларининг ривожланишига қараб инсон ҳаётида тобора муҳимроқ рол ўйнайди.
Ҳарбий соҳа жамият ҳаётининг энг исрофгар соҳаси ҳисобланади. Айни шу сабабли жамият ҳаётидан урушни бартараф этиш ва Ерда мустаҳкам тинчликни таъминлаш бутун дунёда мавжуд барча глобал муаммолар орасида энг муҳими деб эътироф этилади. Унинг кескинлиги барча замонларда ҳеч қачон пасаймаган бўлса-да, ХХ асрда у нафақат айрим кишилар, халқлар, балки бутун инсоният олдига «ўлиш ё қолиш?» деган мудҳиш саволни қўйиб, алоҳида, фожеавий мазмун ва аҳамият касб этди.
Do'stlaringiz bilan baham: |