Меҳнатни илмий ташкил қилишдан асосий мақсадлар қуйидагилардир: - меҳнат унумдорлигини ошириш;
- ишчиларнинг соғлигини сақлаш.
Бошқарувчилик меҳнатини илмий ташкил қилиш қуйидаги йўналишларни ўз ичига олади:
- корхона миқёсида ҳам, ҳар бир бўлинма миқёсида ҳам ходимлар меҳнати фарқланиши ва кооперацияси;
- ходимларни танлаш ва жойлаштириш ҳамда ихтисослик даражалари уларнинг хизмат вазифаларига мос келишини таъминлаш;
- бошқарув ходимларининг ишлаб чиқариш жамоасини бошқариш ва муҳандислик-техник жиҳатдан таъминлаш фаолиятини ташкил қилиш;
- иш жойларини ташкил қилиш ва жиҳозлаш;
- ишнинг илғор усулларини қўллаш;
- меҳнатнинг қулай шароитларини яратиш;
- меҳнатни меъёрлаш;
- шахсий ва жамоавий меҳнатни баҳолаш;
- бошқарувнинг техник воситалари, ахборот техникаси, шахсий компьютерлардан фойдаланиш;
- меҳнатни рағбатлантириш
Хорижда ҳам худди шундай муаммолар билан шуғулланишади, бошқарув меҳнатини такомиллаштириш жараёнини характерловчи тегишли атамалар ишлатилади. Чунончи, АҚШда “Тизимлар ва усуллар”, “Тизимли лойиҳалаш”, “Бизнес-жараёнлар реинженеринги”; Буюк Британияда “Иш таҳлили” ва “ Ташкил этиш ва усуллар”атамалари ишлатилади.
Раҳбар, мутахассиснинг ишини оқилона ташкил қилиш бажарилаётган ишларни ҳисоблаш, иш вақтини кузатиш, вақт сарфи тузилмасини ўрганиш, иш вақтини”ютиб юборувчи”ларни аниқлаб боришни талаб қилади. Бу эса иш вақтидан фойдаланишни таҳлил қилиш, шахсий ишнинг ва ходимлар меҳнатини илмий ташкил қилиш тадбирларининг асосланган режаларини тузишга имкон беради
8.2.Раҳбарнинг ўзини ўзи бошқариши
Ўзини – ўзи бошқариш – менежернинг шахсий фаолиятини ташкиллаштириш бўлиб, кундалик амалиётда замонавий иш услубларидан мақсадга мувофиқ ҳамда изчиллик билан фойдаланиш, шунингдек, унинг ўзини ривожлантиришидир.
Ўзини – ўзи бошқаришнинг асосий мақсадлари:
- менежернинг вақтдан ва ўз имкониятларидан иложи борича кўпроқ фойдаланиши;
- унинг ўз соғлигини асраши ва мустаҳкамлаши;
- ҳаёт оқимини онгли бошқариш;
- ишдаги ва шахсий ҳаётдаги ташқи вазиятларни енгиб ўтиш.
Менежмент соҳасидаги кўплаб мутахассислар томонидан айнан менежер фаолиятини ташкиллаштириш масалаларини ажратиб алоҳида кўриб чиқилишининг сабаби ушбу муаммонинг муҳимлигида бўлиб, булар қуйидагилардан иборат:
менежер меҳнатини ташкил қилиш унинг фаолияти натижадорлиги ва самарадорлигини сезиларли миқдорда белгилайди;
- менежер меҳнати унинг қўл остидаги раҳбарлар, мутахассислар ва бошқа ишчилар фаолиятининг натижадорлигига анчагина таъсир қилади;
- менежер фаолияти у бошқараётган ташкилот ёки бўлинма ишлаши натижаларини сезиларли даражада белгилайди;
- менежер меҳнатига ҳақ тўлаш, одатда, бошқа ишчиларникидан анча юқори бўлади, бу эса унинг меҳнатидан самарали фойдаланишни тақозо этади;
ўзини ўзи бошқаришни қўллаш менежер фаолиятини оқилона ташкил қилишга ёрдам беради.
Ҳар куни турли масалаларни ечиш асносида менежер ҳар хил вазифалар бажаради. Бу жараённи ўзини ўзи бошқариш доираси сифатида тақдим этиш мумкин, бунда алоҳида вазифалар орасидаги алоқа кўргазмали намойиш қилинади(8.1-расм.).
Меҳнат жараёнини
ташкил қилиш
Мақсадларни
белгилаш
Ахборот
билан ишлаш
Ўз- ўзини
назорат қилиш
Лойиҳалаш
Устунликларни
аниқлаш
8.1-расм. Ўзини ўзи бошқариш доираси.
Шуни таъкидлаш лозимки, амалда менежерлар ўз фаолиятларини режалаштиришнинг аҳамиятига етарли баҳо бермайдилар. Менежер иш вақтини режалаштиришнинг қуйидаги асосий қоидаларини ажратиб кўрсатиш мумкин:
1. Иш вақтининг 70-80%ини режалаштириб, қолган вақтни кутилмаган муаммолар учун қолдириш.
2. Реалистик режалаштиришни амалга ошириш.
3. Режаларда харакатларни эмас, кутилаётган натижаларни қайд этиш.
4. Режадаги давр мобайнида режани ишларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишни кўриб чиқиш ва тўғрилаш.
5. Шахсий вақт сарфини ҳам режалаш.
6. Сафарлар ва кутиб қолишлардаги вақтни ҳам режалаш ва ундан самарали фойдаланиш.
7. Йирик вазифаларни бажаришга вақтнинг узлуксиз катта муддатини захирада тутиш.
8. Муқобил режалаш ва афзалроқ вариант излашга уриниш.
9. Режаларда малака оширишга вақт ажратиш.
10.Ўз режаларини котиб, ҳамкасблар ва қўл остидагилар билан мувофиқлаштирмоқ.
11. Шошилинч ишлар бўлмаса, аввалги даврда бажарилмай қолган ишларни маълум давр режасига биринчи навбатда киритиш.
12. Ишларни бажаришга қанча вақт талаб қилинса, айнан шунча вақт ажратиш.
13. Ишларни бажаришнинг аниқ муддатларини белгилаш.
14. Маълум муддатга иш режаси тузишдан аввал олдинги худди шундай даврда режа бажарилишини таҳлил қилиш.
15. Режаларнинг эгилувчанлигини таъминлаш.
16. Режалашда бир турдаги кичик ишларни ишчи блокларга бирлаштириш.
17. Режаларда дам олиш учун қисқа танаффусларни кўзда тутиш.
18. Кундалик режани кечқурун тузиб, эрталаб тўғрилаш.
Раҳбармеҳнатни рационал ташкил қилиши учун энг муҳим ишларни ажрата билиши керак. Шу билан боғлиқ равишда айтиб ўтиш лозимки, менежер бажарадиган ишлар қуйидаги белгиларга кўра фарқланиши мумкин:
- аҳамиятига кўра;
- бажарилиш муддатига кўра;
- унинг бажарилишида қатнашадиганлар сонига кўра;
- асабий-ҳиссий куч сарфига кўра;
- характерига кўра ва ..к.
Омадли менежерлар шу билан фарқланишадики, улар иш куни давомида кўплаб муҳим масалаларни ҳал қилишга улгурадилар, лекин муайян вақт мобайнида фақат биттагина масалани ечиш билан банд бўладилар. Бунинг заминида муҳим ишларнинг биринчи навбатдалиги ҳақида қатьийй қарор қабулқилиш, уларнинг рўйхатини тузиш ва унга амал қилиш ётади.
Ишларни бажаришдаги биринчиликни ҳисобга олиш қуйидагиларни тақозо қилади:
- қўйилган мақсадларга мавжуд шароитда эришиш;
- бошқалар бажариши мумкин бўлган ишларни мустасно қилиш;
- режа даври (ҳафта, кун) охирида ҳеч бўлмаганда энг муҳим масалаларни ечиш.
Шу билап боғлиқ равишда Парето тамойилига 2мурожаат қилиш ўринлидир.
2 Парето тамойили(италиялик Иқтисодчи Вильфредо Парето(1848-1923 йй.) томонидан шакллантирилган) умумий кўринишда шундай дейилади: муайян Гуруҳда ёки кўплаб алоҳида кичик ҳисмлар уларнинг ушбу Гуруҳ сонига солиштирма оғирлигига нисбатан кўпроқ аҳамиятга эгадир. Парето тамойилини қўллашда “80/20 нисбати” тўғрисида сўзланади. Ушбу қонуният раҳбар ишига ўтказилса, иш жараёнида сарфланган 20% вақт мобайнида 80% натижага эришилади. Сарфланган вақтнинг қолган 80 фоизи 20% умумий натижага олиб келади.
Амалиётда ушбу қонуният билан боғлиқ равишда одатда менежер фаолиятини АВС-таҳлилидан фойдаланилади, ушбу таҳлил қуйидаги қонуниятларга таянади:
- энг муҳим ишлар (А тоифаси) раҳбарнинг барча ишларининг 15%ини ташкил қилади. Ушбу ишларнинг аҳамияти (мақсадга эришувдаги ҳиссаси маъносида) тахминан 65%ни ташкил қилади;
- муҳим ишлар (В тоифаси)га умумий сондан 20%и, шунингдек, ишлар аҳамиятининг 20%и тўғри келади;
- унча муҳим бўлмаган ишлар (С тоифаси) ишларнинг умумий сонининг 65%ини ташкил қилади, лекин менежернинг барча ишлари аҳамиятида 15% улуш эгаллайди.