8-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОНДА “ЯШИЛ ИҚТИСОДИЁТ”НИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ БОСҚИЧЛАРИ
1. Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси: зарурияти, мақсади, тамойиллари ва вазифалари
Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш зарурияти миллий иқтисодиётда истеъмол қилинаётган энергиянинг аксарият қисми тикланмайдиган табиий ресурслардан фойдаланиб ишлаб чиқарилаётганлиги, ушбу ресурслар захирасининг чекланганлиги, саноатнинг жадал суръатларда ривожланиши оқибатида атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сув танқислиги, Орол денгизининг қуриб бориши билан боғлиқ экологик муаммоларнинг кескинлашиб бораётганлиги билан изоҳланади. Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, таркибий ўзгаришларнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ички ва глобал жараёнлар ҳамда муаммоларни ҳисобга олишни тақозо этади.
Ўзбекистон 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош Қароргоҳида “Ўзбекистон-Париж” Битимини имзолади1.
Миллий иқтисодиёт энергия самарадорлигининг етарли даражада эмаслиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, технологиялар янгиланишининг сустлиги, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда кичик бизнеснинг фаол иштирок этмаётгани миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг устувор мақсадларига эришишга тўсқинлик қилмоқда. Ушбу соҳада узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги ҳозирга қадар “яшил” технологияларни жорий этиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича тизимли чоралар кўришни таъминлашга имкон бермаётган эди.
Мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш омилларидан бири эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, жумладан, Париж битими мажбуриятлари бажарилишини мақсадида 2019 йил 4 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4477-сон Қарори қабул қилинди.
Стратегиядан кўзланган мақсад мамлакатда амалга оширилаётган тузилмавий ислоҳотларга “яшил” иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш орқали ижтимоий ривожланишга, иссиқхона газларининг ажратмалари даражасини пасайтиришга, иқлим ва экология барқарорлигини таъминловчи мустаҳкам иқтисодий тараққиётга эришишдан иборат.
Стратегия мақсадларига эришиш учун қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш зарур:
- технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
- давлат инвестициялари ва харажатларининг устувор йўналишларига илғор халқаро стандартларга асосланган “яшил” мезонларни киритиш;
- давлат томонидан рағбатлантириш механизмларини, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш орқали “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўналишлари бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
- таълимга инвестициялар киритишни рағбатлантириш, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига “яшил” иқтисодиётдаги меҳнат бозори билан боғлиқ кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
- Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриш;
- “яшил” иқтисодиёт соҳасида, шу жумладан икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.
Ўзбекистонда узоқ муддатли истиқболда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси қуйидаги тамойилларга асосланади:
- барқарор ривожланиш соҳасида миллий мақсад ва вазифаларга мувофиқлик;
- ресурслардан оқилона фойдаланиш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш;
- иқтисодий ҳисоб тизимига экологик ва ижтимоий мезонларни киритиш;
- ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришиш учун “яшил” воситалар ва ёндашувларни қўллаш устуворлиги;
- миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида рақобатбардошликни ошириш ва кўрсаткичларни яхшилаш, “яшил” иш ўринларини яратиш, аҳолининг фаровонлигини ошириш орқали мавжуд макроиқтисодий мақсадларга эришиш;
- ресурслардан самарали фойдаланиш тадбирларининг инвестицион жозибадорлигини таъминлаш.
Стратегияда белгиланган биринчи устувор йўналиш бўйича иқтисодиётнинг базавий тармоқларида энергия самарадорлигини 2030 йилга қадар 2 баравар ошириш вазифаси қўйилган.
Мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтишда энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш иккинчи устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ушбу мақсадга эришишда қайта тикланувчи энергия манбаларини ўзлаштириш, биноларни қуриш ва улардан фойдаланиш, транспорт соҳаси ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда энергия истеъмолини диверсификациялаш муҳим аҳамият касб этади.
Учинчи устувор йўналиш иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш муаммоларини қамраб олади.
Тўртинчи йўналиш “яшил иқтисодиёт”ни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш масалаларига қаратилган бўлиб, “яшил технологиялар”ни жорий этишнинг институционал асосларини ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, энергия самарадорлигини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш учун салоҳиятни ошириш ва қулай муҳит яратиш “яшил инвестициялар”ни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларни қамраб олади.
2. Мамлакат иқтисодиётининг энергия самарадорлигини ошириш йўналишлари
“Яшил иқтисодиёт”ни иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисоланади.
Энергия самарадорлиги иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш сектори рентабеллиги ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда энергия тежашнинг муҳим омили бўлиб, бу ўз навбатида энергия хавфсизлигига, иш ўринлари яратилишига, аҳоли фаровонлигининг ўсишига ва мамлакатнинг ривожланиши учун жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиёти энергия ва углерод сиғимкорлиги кўрсаткичлари бўйича дунёнинг биринчи ўнта мамлакатлари рўйҳатига киради. Жаҳонда бир бирлик ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланаётган энергия сарфи 1990-2019 йилларда 0,170 кг н.э. дан 0,110 кг. н.э. гача пасайгани ҳолда, ушбу кўрсаткич мамлакатимизда 0,689 кг н.э. дан 0,150 кг н.э. гача қисқарган. Демак, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимкорлиги ҳали ҳам дунёнинг ўртача кўрсаткичидан юқорилигича қолмоқда. Ушбу кўрсаткич Буюк Британия, Италия, Туркия, Испания, Германия каби мамлакатлар кўрсаткичларига нисбатан эса икки баравар юқори ҳисобланади. Ўзбекистонда иқтисодиётнинг углерод сиғимкорлиги кескин пасайган бўлса-да, у дунёнинг ўртача кўрсаткичидан 1,5 бараварга юқоридир.
Шу билан бирга, электр тармоқлари объектларининг асосий қисми 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида эксплуатация қилинмоқда. Жумладан, асосий ва тақсимловчи тармоқларнинг 66%и, подстанцияларнинг 74%и ва трансформатор пунктларининг 50%дан ортиғи 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида эксплуатация қилинмоқда. Бу эса электр энергиясини тақсимлаш ва етказиб беришда технологик йўқотиш даражасининг ошишига олиб келувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. 2012-2019-йилларда электр энергияси ишлаб чиқариш йилига ўртача 2,6%га ўсгани ҳолда электр энергиясига бўлган талаб тўлиқ қондирилмади. Жумладан, 2019 йилда электр энергияси таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги тақчиллик 9,4%ни ташкил этди.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг энергия сиғимини камайтириш ва мавжуд энергия сиғими доирасида атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига салбий таъсирни камайтириш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:
- иқтисодиёт тармоқларида юқори энергия сиғимига эга бўлган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар импортини квоталаш ҳамда юқори импорт таърифларини жорий қилиш;
- энергия сиғими паст бўлган мавжуд қувватдаги асбоб-ускуналар ва жиҳозлар учун имтиёзли кредитлаш тизимини жорий қилиш;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг энергияни тежаш ва энергия самарадорлиги бўйича кўникма ва малакаларини шакллантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |