3. Тикланадиган энергия манбаларини ўзлаштириш истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси қайта тикланувчи энергия манбалари сирасига киритилади2.
Ўзбекистонда тикланадиган энергия манбаларининг жуда катта захиралари мавжуд. Ушбу манбалар таркибида қуёш ва шамол энергетикаси катта истиқболга эга. Бироқ бу соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган сабаблардан бири – муқобил энергия манбаларининг об-ҳаво шароитининг ўзгаришига ва кун-тун алмашинувига боғлиқлигидир. Шамол электр генераторлари фақат шамол тезлиги 5-6 м/с дан баланд бўлганида ишлаб, Ўзбекистоннинг шамол потенциали юқори бўлган ҳудудларида йилига ўртача 3200-4300 соат давомида энергия беради (йилнинг давомийлиги 8760 соат). Қуёш фотоэлектр станциялари фақат кундузи, булутсиз ва кам булут бўлган ҳолатда ишлаб, Ўзбекистоннинг қуёш потенциали юқори бўлган ҳудудларида йилига ўртача 1500-2200 соат давомида энергия беради.
Ўзбекистоннинг тикланадиган энергия манбаларининг умумий салоҳияти 118,0 млрд. т.н.э.га, унинг техник салоҳияти эса 179,3 млн. т.н.э. тенг. Ушбу кўрсаткичнинг катта қисми қуёш энергиясига тегишли бўлиб, унинг умумий салоҳияти 51 млрд. т.н.э., техник салоҳияти 177 млн. т.н.э. га тенглашади. Қуёш энергиясининг техник салоҳияти мамлакатда истеъмол қилинаётган бирламчи энергия истеъмолидан тўрт баравар юқори. Ўзбекистондаги қулай иқлим ва географик шароит қуёш энергиясидан саноат даражасида фойдаланиш имконини бериши мумкин. Шамол энергиясининг умумий салоҳияти 2,2 млн. т.н.э. га тенг бўлиб, унинг 19%ини техник жиҳатдан ўзлаштириш имконияти мавжуд. Мамлакатимизда геотермал энергиянинг умумий салоҳияти қуёш энергиясидан юқори бўлиб 67 млрд. т.н.э. миқдорига тенг. Энергиянинг ушбу турини самарали технологияларнинг ривожланмаганлиги боис фақат 0,3 млн. т.н.э.га тенг қисминигина ўзлаштириш имконияти мавжуд (10.3.1-жадвал).
Қуёш ва шамол энергиясининг улкан салоҳиятига қарамай, мамлакатимизда саноат миқёсида қуёш ва шамол электр станциялари мавжуд эмас. Ўз навбатида, республикада энергетиканинг ушбу сегментини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилинди, “Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субъектларини ягона электроэнергетика тизимига улаш регламант”и тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси”га мувофиқ 2020-2030 йилларда тикланадиган энергия манбалари орқали электр энергия ишлаб чиқаришга, жумладан қуёш энергиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Ушбу лойиҳалар фақат сармоядорлар – мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан амалга оширилади. Тикланадиган энергетиканинг ривожланиш кўрсаткичларига эришиш мақсадида 2020-2030 йилларда 3 ГВт шамол ва 5 ГВт қуёш электр станцияларини қуриш кўзда тутилган.
Шамол энергетикасида асосий эътибор ҳар бирининг қуввати 100-500 МВт бўлган йирик шамол электр станцияларини ташкил этишга қаратилади, уларнинг асосий қисми Шимоли-ғарбий минтақада (Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилояти) жойлаштирилади. Қуввати 100-500 МВт бўлган қуёш электр станциялари асосан марказий ва жанубий вилоятларда (Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари) жойлаштириш кўзда тутилган. Бироқ, республиканинг бошқа минтақаларида 50-200 МВт қувватга эга қуёш электр станциялари қурилади. Шу билан бирга, йирик қуёш фотоэлектрик станциялари (300 МВт дан ортиқ) ўзгарувчан ишлаб чиқаришни барқарорлигини ва энерготизимда истеъмолнинг тиғиз соатларидаги максимал юкламани тартибга солишни таъминлаш учун саноат миқёсида энергия сақлаш тизимлари билан босқичма-босқич жиҳозланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |