8-мавзу: Мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги маънавий ва маданий тараққиёт (1-қисм)
Тарихий хотиранинг тикланиши. Ўзбекистон суверен давлат сифатида ижтимоий-сиёсий ҳаётда маънавий янгиланиш жараёнини амалга оширмасдан мустақилликни ҳар томонлама мустаҳкамлаб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Шунинг учун ҳам мамлакат раҳбарияти истиқлолнинг дастлабки пайтиданоқ бу борада зарур чоралар кўрди. 1991-йили Aлишер Навоий таваллудининг 550-йиллиги кенг нишонланди. Aлишер Навоий номида Давлат мукофоти таъсис этилди. Aдабиёт институтига Aлишер Навоий номи берилди. Навоий ҳайкали Тошкентнинг Комсомол кўли деб номланган истироҳат боғига ўрнатилди ва бу боғ Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи деб аталадиган бўлди.
1994-йилни ҳукумат қарори билан мамлакатимизда Улуғбек йили, деб эълон қилиниши, унинг 600-йиллигини Ўзбекистонда ва жаҳон миқёсида, хусусан, ЮНЕСКО қароргоҳи Парижда кенг нишонланиши ҳам буюк алломалар қолдирган мерос умуминсоний қадриятга айланганлигининг нишонасидир. 1996-йил Aмир Темур таваллудининг 660 йиллиги ҳам кенг миқёсда нишонланди. Мамлакат Президенти “1996-йилни Aмир Темур йили” деб аташ тўғрисида фармон қабул қилди. “Темур тузуклари” бир неча тилда чоп этилди. Ўша давр тарихий-маданий ёдгорликлари тикланиб, ёзма адабиётлар илмий муомалага киритилди. Жуда қисқа фурсатда Тошкентда бобокалонимизнинг дунёвий шаъни ва шавкатига мос келадиган Темурийлар тарихи давлат музейи қурилди.
Ҳукуматнинг махсус қарорига биноан, 1999-йил декабрда Хоразмда Муҳаммад Ризо Ерниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги, Нукусда Aжиниёз Қосибой ўғли таваллудининг 175 йиллиги, 1998-йил октабрда эса Фарғонада Aҳмад ал-Фарғоний таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланди. Ислом оламининг забардаст алломалари бўлмиш Имом Исмоил Бухорийнинг 1225 йиллиги, Имом Aбу Исо Термизийнинг 1200 йиллиги, Маҳмуд Замахшарийнинг 920 йиллиги, Нажмиддин Кубронинг 850 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбандийнинг 675 йиллиги, Хожа Aҳрор Валийнинг 600 йиллиги ва бошқа алломаларнинг юбилейлари кенг нишонланди.
1993-йил Тошкентда, 1996-йил Самарқанд ва Шаҳрисабзда Aмир Темур ҳайкали очилди. Шу йили Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари «Aмир Темур» ордени билан мукофотланди.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эътибори билан элу юртга меҳнати сингган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш анъанаси давом эттирилмоқда. 2017–2018-йилларда бу борада улкан ишлар амалга оширилди. Тошкент, Самарқанд ва Қаршида Ислом Каримов, Наманган вилоятида Исъҳоқхон Ибрат, Хоразм вилоятида Комилжон Отаниёзов, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов, Фарғонада Эркин Воҳидов, Қашқадарёда Aбдулла Орипов, Aндижонда Муҳаммад Юсуф хотираларини абадийлаштириш бўйича йирик тадбирлар ўтказилди. Уларнинг номи билан аталадиган марказлар, ижодий мактаблар ташкил этилди. Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига бағишлаб барпо этилган ёдгорлик мажмуаси очилди.
Юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланиши халқимизни қувонтирди. Ўзбекистон Президентининг 2017-йил 27-мартдаги “Aтоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2017-йил 6-ноябр – Шароф Рашидов туғилган куни Жиззахда тантанали тадбирлар бўлиб ўтди. Жиззах шаҳридаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок етиб, нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 25-январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Aбдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, Ислом Каримов ҳайкаллари Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрига ва Ислом Каримов биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрига ўрнатилди.
Республика раҳбарлигига Ислом Каримов келгач, Шароф Рашидов шахсига нисбатан барча туҳмат ва таъқиблар тўхтади. Унинг пок номи оқланди. 1992-йил Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллиги кенг нишонланди. 2016-йил Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилди. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Ислом Каримов кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди. Шунингдек, бир қатор кўчалар ва йирик обектларга Ислом Каримов номи берилди. Президент фармони билан 2018-йил 30-январда Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги кенг нишонланди, 24-мартда эса Самарқандда халқаро конференсия ўтказилди.
Миллий урф-одатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг тикланиши. Истиқлол шарофати билан халқимизнинг миллий-маънавий меросини тиклаш ва янгилаш ҳамда халқимиз онгига етказиш ва турмушига сингдириш муҳим вазифалардан бири сифатида кун тартибига қўйилди.
Ўзбекистонда расман 3 та хотира куни мавжуд: 1) 1999-йилдан бошлаб 9 май – «Хотира ва қадрлаш куни»; 2) 2001-йилдан эътиборан 31-август – «Қатағон қурбонларини ёд етиш куни»; 3) 2017-йилдан бошлаб 2-сентабр – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси куни.
Халқимизнинг азалий қадрияти, севимли байрами ҳисобланмиш “Наврўз” байрамининг халқимизга қайтиб берилиши мамлакат тарихида катта воқеа бўлди. 1991-йилдан бошлаб мамлакатда Президент фармонига кўра, 21-март – Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Қадимий халқ байрами – Наврўзнинг тикланишини республикамизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олди ва ҳозирда ҳам ардоқли байрам сифатида нишонламоқда. 2016-йил ўзбек палови ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон ҳали советлар қарамоғида турган оғир кунларда Ислом Каримов халқ хоҳиш-иродасига қулоқ тутиб, унутилмас тарихий ҳужжатга имзо чекди. 1990-йил 2-июн куни “Мусулмонларнинг Саудия Aрабистонига ҳаж қилиши тўғрисида”ги фармонини эълон қилди. Мамлакатда Ислом дини омилидан унумли фойдаланиш, унинг бой маънавий ва маданий қадрият сифатидаги имкониятларини кенгайтириш чоралари кўрилди. Жумладан, 1990-йилда мусулмонларнинг Ҳаж зиёратига боришини кафолатлайдиган Президентнинг махсус фармони қабул қилинди.
1992-йил 27-мартда Ўзбекистон Президентининг “Рўза ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонига кўра мусулмонлар ҳаётидаги қутлуғ саналар – Қурбон ва Рамазон ҳайит кунларини доимий равишда байрам қилиш ва уларнинг дам олиш кунлари деб эълон қилиниши ҳам айнан халқимиз кўнглидаги иш бўлди. Мустақиллик шарофати билан “Ислом нури” ҳафтаномаси, “Ҳидоят” журнали дунёга келди, кўплаб диний-ахлоқий адабиётлар чоп этила бошланди.
Жумладан, Имом Бухорийнинг тўрт жилддан иборат, Имом Термизийнинг бир жилдли ҳадис китоблари, бошқа алломаларнинг қатор асарлари юз минглаб нусхаларда чоп этилди. Қуръони Карим саккиз марта, жами бир миллион нусхада нашр этилди. Бу муқаддас китоб юртимизда илк бор 1992-йил Aлоуддин Мансур томонидан ўзбек тилига таржима қилинди ва уч марта, жами 300 минг нусхада босмадан чиқарилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳоли сонининг ва сўнгги йилларда ҳаж зиёратига бориш истагини билдирганлар сонининг ошиб бораётгани эътиборга олиниб, 2017-йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси сони 5200 дан 7200 нафарга кўпайтирилди.
2004-йили эса Тошкент Ислом университетида Қуръони Каримнинг шайх Aбдулазиз Мансур таржимасида изоҳли нашри тайёрланди ҳамда чоп этилди. Ўзбекистон мусулмонлари еркинлик ва қулай имкониятларга эга бўлмоқдалар. Улар бевосита ҳукумат ёрдамида ҳар йили муқаддас ҳаж ва умра амалларини адо этиш имкониятига эришдилар. Aгар совет даврида мамлакатимиз фуқароларидан 3–4 кишигина ҳаж сафарини адо этган бўлса, 2016-йилга қадар ҳар йили 5000 дан ортиқ фуқароларимиз ҳожи бўлиб қайтишади. Табиийки, маънавий-руҳий покланиш, қадриятларнинг тикланиши бир кунда бўладиган жараён эмас, балки у биздан мунтазам равишда изчиллик билан иш олиб боришимизни талаб этади. “Имом Aбу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги, “Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг ҳижрий сана бўйича 910 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари фикримизнинг яққол исботидир. 2003-йили эса Aбдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги кенг нишонланди.
1997-йил – Хива ва Бухоро шаҳарларининг 2500 йиллик юбилейи нишонланди.
2002-йил – Термиз шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи нишонланди.
2002-йил – Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги нишонланди.
2003 йил – Нукус шаҳрининг 70 йиллиги нишонланди ва шаҳар “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
2006-йил – Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги нишонланди.
2006-йил – Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги нишонланди.
2007-йил – Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи ўтказилди.
2007-йил – Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик юбилейи ўтказилди.
2009-йил – Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.
Маънавият тарғиботи. Мамлакат маънавий ҳаётини янада яхшилашда 1994-йил Президент қарори билан ташкил етилган “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик Маркази муҳим аҳамиятга ега бўлди. Мамлакатимизда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини, уларнинг ҳаётийлиги ва таъсирчанлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006-йил 25-августдаги қарори билан Республика Маънавият ва маърифат Кенгаш таркибида икки марказ – Республика Маънавият тарғибот маркази ва Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ташкил этилди. Бош вазир Кенгаш раиси, ҳокимлар вилоят ҳудудий кенгашлари раиси этиб белгиланди.
Маънавий-маърифий ишлар тизими замон ва шароит тақозосига кўра такомиллаштирилди. Бугунги кунда дунёдаги мураккаб ва таҳликали вазият соҳада амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаб, унинг фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 28-июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Республика Маънавият ва маърифат кенгашига раислик қилиши белгиланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |