Субъектив сабаблар жумласига қуйидагилар киради: экологик ва ҳуқуқий онг даражасининг пастлиги; аҳоли айрим гуруҳларининг мазкур жиноятларга бефарқлиги.
Кўрсатиб ўтилган жиноятларнинг сабаблари ғайриҳуқуқий фаолият билан шуғулланишнинг экологик-географик шарт-шароитлари билан узвий боғлиқ. Бу асосан ов ёки балиқ овлаш билан фаол шуғулланиш имконияти сақланган ҳудудлардир.
Сўнгги йилларда экология соҳасидаги жиноятларнинг ер ости бойликларини ғайриқонуний қазиб олиш, доривор гиёҳлар ўстириш каби турлари ҳам ривожланмоқда.
Экология соҳасидаги жиноятчиликнинг мансабдорлик билан боғлиқ бўлмаган иқтисодий омиллари ранг-барангдир. Уларнинг жумласига, юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, турмуш даражасининг пасайиши, ишсизлик, бепул ёки имтиёзли даволаниш имкониятининг йўқолиши киради. Айни шу сабабларга кўра браконьерлик, ерни шахсий эҳтиёжлар учун ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар режимини бузиш кенг тарқалмоқда. Бу жиноятларни содир этувчи шахслар иқтисодий қийинчиликлар натижасида қонуний тирикчилик манбаларини йўқотиб, кўпинча қонунни бузишга мажбур бўлмоқдалар. Аммо бу жиноятларни тамагирлик ниятида содир этувчи шахслар сони ҳам анчагина.
Экология соҳасидаги ижтимоий муносабатларни қонун йўли билан тартибга солиш асосан ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолияти салбий оқибатларининг олдини олишга эмас, балки бу оқибатлар юзага келганидан сўнг уларни тугатишга қаратилганки, бу экологик нуқтаи назардан ҳам, иқтисодий нуқтаи назардан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Қонунчиликда экологик чеклашлар ҳамда табиатдан фойдаланиш режимлари тизими етарли даражада ўз аксини топмаган, қонунчиликни экологияни муҳофаза қилишга йўналтириш концепцияси мавжуд эмас.
Экология соҳасидаги жиноятчиликка назорат органлари ҳамда корхоналар мансабдор шахсларининг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаоллиги сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.
Экология соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш чоралари ва субъектлари
Экология жиноятчилигининг олдини олиш умумий чораларини амалга ошириш жамият ва табиатнинг ўзаро таъсири соҳасидаги ижтимоий жараёнларнинг натижалари билан бевосита боғлиқ. Экология соҳасидаги ижтимоий муносабатларда қонунийлик ва ҳуқуқий тартибот, қонуний экологик онг ва хулқ-атворни шакллантиришга қодир узоқ муддатли антикриминоген таъсир айнан макродаражада шаклланади. Бу жараёнларни оптималлаштиришда табиатнинг экологик аҳамиятга молик унсурларига бўлган барча мулк шаклларининг қонуний мавжудлиги муҳим ижтимоий муаммосини ҳал қилиш улкан аҳамият касб этиши мумкин.
Барча даражаларда антикриминоген жараёнларнинг субъектлари жумласига қуйидагилар киради: давлат, идоралар, корхоналар, жамоат ташкилотлари, айрим фуқаролар.
Криминологик жиноятчиликни умумий огоҳлантириш соҳасида хусусан атроф муҳитга фаол таъсир кўрсатувчи саноат ишлаб чиқаришини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, табиатни авайлаб асрашга қаратилган оптимал технологияларни ривожлантириш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий чоралар муҳим аҳамиятга эга.
Ижтимоий-иқтисодий омилларнинг антикриминоген таъсири ерларнинг ҳолати, уларнинг қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришига яроқлилиги, ҳайвонот ва ўсимликлар оламининг ҳолати, сувларнинг ҳолати, уларнинг саноат, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши, жамоат ва фуқароларнинг турли эҳтиёжларини қондиришга яроқлилигига илмий асосланган муносабат билан узвий боғлиқ бўлиши лозим. Бунда инсон хулқ-атвори, инсон меҳнатининг хусусияти, урф-одатлар, анъаналар, ўзликни англаш, ўзига ўзи баҳо бериш ва ҳоказоларга таъсир кўрсатишга қодир географик омиллар, иқлим омиллари ва бошқа омиллар ҳисобга олиниши шарт.
Экология соҳасидаги жиноятларнинг олдини олишда ижро этувчи ва қонун чиқарувчи ҳокимият тузилмалари ҳузурида ташкил этиладиган тегишли қўмиталар ва комиссиялар катта роль ўйнаши лозим.
Ижтимоий ва индивидуал даражаларда экологик-ҳуқуқий онг (тафаккур)ни муттасил ўтсириб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Экология соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш фаолиятининг асосий имкониятлари айни шу вазифани ечиш билан боғлиқ.
Экологик-ҳуқуқий тарбияни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар жумласига қуйидагилар киради: ҳуқуқий тақиқлар билан одамларнинг ички ва ташқи келишувини таъминлаш; экология соҳасидаги жиноятлар учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни тарғиб қилиш ва улар ҳақида ахборот бериш; фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг мазкур ҳуқуқбузарликлар билан муросасизлигини кучайтириш.
Экология соҳасидаги жиноятларнинг олдини олишнинг самарадорлиги умумий ва махсус профилактика чораларини фаол қўллашни назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |