Арлотлар. Чиғатой улуси салтанатини ҳарбий қўриқчиларидан бири сифатида арлотлар XIII асрнинг 60-йилларида Сурхондарё вилоятининг жанубига, Термиз атрофлари ва шимолий Афғонистон ҳудудларига келиб жойлашадилар. Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида ёзилишича, арлотлар Афғонистоннинг Хуросон вилоятида яшаган туркий уруғлардан14. Арлотларнинг илк ватани Мўғулистон бўлган15. XIII асрнинг биринчи чорагида улар Еттисувга келиб ўрнашадилар.
Улар дастлаб Чиғатой улусини бошқарган Амир Қазағанга, сўнг Амир Темурга хайрихоҳ бўлганлар. Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарига кўра, арлотлар Чиғатой улусининг шарқий ва ғарбий қисмларида яшаб, XIV-XV асрларда Амир Темур ва темурийлар салтанатида анча кучли сиёсий мавқега эга бўлган. Арлот уруғи Амир Темурнинг ҳокимиятга келиши ва ундан кейинги ҳарбий юришларида фаол қатнашганлар ва уларнинг вакиллари амирлик унвонларига сазовар бўлганлар. Ҳатто амир Муайяд арлот Амир Темурнинг синглиси Ширинбека оғанинг эри бўлган16.
Чиғатой улусини ҳарбий жиҳатдан ҳимоя қилишга олиб келинган барлос ва жалойир, қавчин ва арлот қабилалари Мовароуннаҳр ҳудудларига жойлашиб олгач, аста-секин маҳаллий аҳолига оралашиб кетадилар. Чиғатай улусининг шарқий қисмида (Еттисув ва Шарқий Туркистонда) яшовчи мўғул қабилалари аллақачон тил жиҳатидан турклашган бўлишига қарамай, қадимги мўғул анъаналарини узоқ вақт унитмаганлар ва уларга анъанавий амал қилиб келганлар. Улар Чиғатай улусининг Мовароуннаҳр вилоятларига аввалдан келиб ўрнашиб қолган ва бу жойларда қадимдан яшаб келаётган, ўз уруғ ва қабила номларини аллақачон унитиб, маҳаллий туб жойли этник бирликларга айланиб кетган қондош ва қориндошларини камситиб, қараунас (аралашган-метис) халқ деб атайдилар. Ўз навбатида, Мовароуннаҳрнинг ерли аҳолисига айланиб кетган туркийлар ва туркийлашган сартлар эса, Еттисув ва Шарқий Туркистонда яшовчи туркий тилли кўчманчи турк-мўғул қабилаларини масхара қилишиб “жете” лар (босқинчилар) деб атайдилар17. Ҳатто, Мовароуннаҳрда яшовчи турклашган мўғуллар ҳам маҳаллий аҳолига аралашиб, аста-секин мўғул атамасини унитиб, ўзларини “чиғатай” деб атайбошлайдилар. Кейинчалик бу ном, яъни “чиғатой” Мовароуннаҳрнинг ўзбек ва тожикларига тегишли ўтроқ аҳолига нисбатан ишлатилди.
Чиғатай улусини ташкил этилиши муносабати билан бу заминга кириб келиб, унинг турли вилоятларида ўрнашиб қолган жалойир, барлос, қавчин ва арлот қабилалари ва уларнинг ўтроқлашиб кетган гуруҳлари ҳисобига, шаклланган ўзбек халқининг этник таркиби бир қадар бойиди. Шунингдек, мўғуллар ҳукмронлиги даврида (XIII-XIV асрнинг 60 йилларигача) Мовароуннаҳрга турклашган мўғўл қабилаларининг кириб келиши жадаллашади. Шу асрларда олчин, дуғлат, монғул, сулдуз, уйрот, бахрин, маркит, қўнғирот каби мўғул қавмларининг айрим гурухлари келиб ўрнашадилар ва уларнинг қамбагал қисми маҳаллий аҳолининг маданий-хўжалик таъсирида ўтроқлашиб борадилар. XIV аср ўрталарига келганда уларнинг катта қисми шу қадар маҳаллий аҳоли билан аралашиб кетган эдиларки, улар фақат туркийда сўзлашардилар18. Ибн Батутининг ҳабар беришича, Чиғатай улуси ғарбий қисмининг султонлари Кебекхон (1318-1326) ва Тармаширин (1326-1334) турк тилида эркин сўзлашганлар19.
Таъқидлаш жоизки, XIII-XIV асрлар ичида Мовароуннаҳрга кириб келган турклашган мўғул қабилалари бирданига Мўнғулистондан чиқиб, бу заминга кириб келмаган. Улар гурух-гурух бўлишиб, аввал Енисей ҳавзаларида, Шарқий Туркистонда, Даштиқипчоқ ва Еттисув вилоятларида туркий қабилалари билан ёнма-ён ва аралашиб яшаб, Мовароуннаҳрга кириб келганларида ўз тилларида эмас, фақат туркийда сўзлашардилар. Уларнинг катта қисми ўз она ватанларида, турли этно-сиёсий бирликлар таркибида қолиб кетганлар. Улардан ажралиб чиққан айрим гурухларгина Ўрта Осиё икки дарё оралигидаги вилоятларга, Хоразм ва Тошкент воҳасига келиб ўрнашганлар. Мисол учун қипчоқлар тарқалган минтақаларни кўз ўнгимизга келтирсак, улар XIV-XV асрларда гурух-гурух бўлиб, Шимолий Кавказда, Кримда, Волга бўйларида, Ўрол тоғ олди минтақаларида, Даштиқипчоқнинг шарқий қисмида, Еттисувда яшар эдилар20. Амир Темур куйи Сирдарёда яшовчи қипчоқларни Мовароуннаҳрнинг ички районларига кўчирган. Аммо, бу чорвадор қабилаларни Мовароуннаҳр ва Хоразмга гурух-гурух бўлиб кириб келиши бу заминда қадимдан яшаб келаётган туб жойли ўтроқ туркий ва форсий тилли аҳоли этник таркибини ўзгартириб юбара олмаган. Аксинча, бу жойлардаги этномаданий мухит уларни ўз таъсирига олиб, ўтроқлашишини тезлаштирган. Келиб чиқиши туркий бўлиб, аллақачонлар ўтроқлашган муқим, турғун турклар ҳамда Мовароуннаҳрнинг“сарт”номи остида юритилган туркийзабон ўтроқ аҳолиси Темурийлар даврида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудлари аҳолиси этник таркибининг асосини ташкил этарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |