Барлослар. Амир Темур уруғи ҳисобланган барлосларга келганда, уларнинг ватани Онон ва Керулен дарёси ҳавзаларида бўлган. Чингизхон даврида улар ишончли ҳарбий кучга эга эдилар. Кубалай ва Қорачур барлослар Чингизхоннинг нуфузли амирларидан бўлганлар8. XIII асрнинг биринчи ярмида уларнинг бир қисми Ила дарёси соҳилларига, Шарқий Туркистоннинг ғарбий вилоятларига (Турфон ва унинг атрофларига) кўчиб келиб, шу асрнинг 60 йилларида Чиғатай улусини ҳарбий таянчларидан бири сифатида минг оила Кеш вилоятига кўчиб ўтадилар. Амир Темурнинг боболари ана шу барлосларнинг бекларидан бўлган. XIV асрнинг ўрталарига келиб, Мовароуннаҳрда барлосларнинг сиёсий мавқеи анча кучаяди. Барлос турклари амирзодалари орасидан Амир Темур етишиб чиқади. Шу боис, барлос турклари Амир Темур давлати ва унинг ворислари даврида мамлакат сиёсий ҳаётида жуда катта нуфузга эга бўлганлар. Барлослар Амир Темурнинг Мовароуннаҳрни мўғуллардан озод қилиш учун курашларда фаол қатнашганлар.
Шунинг учун уларнинг айрим гурухлари Темур ва Бобир Мирзо даврида Жанубий Тожикистон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Кашмиргача бориб ўрнашиб қолганлар.
Барлосларнинг этник таркиби ҳақида ҳам олимлар орасида бахслар мавжуд. В.В.Бартольд барлосларни мўғул тилли халқлардан9 дейди. Рашид ад-дин эса барлосларнинг илк аждодлари турк қавмидан бўлган эди. Кейин улар ёзма манбаларда мўғулларнинг нурун қабила иттифақи таркибида тилга олинади10. Улар нурун мўғуллари қабила иттифоқи таркибида узоқ бирга бўлиб, мўғул тили ва урф-одатларини яхши ўзлаштирганлар. Ёзма манбаларни синчиқлаб ўрганган хитойшунос олим А.Ю.Зуев барлослар келиб чиқиши жиҳатидан туркий халқ бўлган деган хулосага келади11. Амир Темур ва унинг ворислари ҳам ўзларини барлос турклари деб бежис атамаганлар. Шунинг учун ҳам Амир Темур 1370 йилги Балх курултойида турк-мўғул анъанавий удумларига амал қилиб, Термиз сайидлари ва амирзода ҳарбийлар таклифига зидли ўлароқ, хонлик лавозимидан воз кечган.
Қавчинлар. Чингизийзода Чиғатой улуси салтанатини ҳарбий қўриқчиларидан бири сифатида қавчинлар XIII асрнинг 60-йилларида Фарғона водийсига ва Қашқадарёнинг Гузар атрофларига келиб ўрнашадилар. Қавчинларнинг айрим гурухлари Қашғарда ҳам яшаганлар12. Тарихи Рашидийда қавчин қадимги туркийда “ҳарбий” деган маънони англатади дейилган. Қавчинлар келиб чиқиши жиҳатидан турклардир.
Мазкур этник гуруҳ ҳақида Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида Чингизхоннинг Хитойга юриши воқеяларидан бошлаб маълумотлар бор. Амир Темур салтанатида ҳам барлослардан сўнг қавчинлар энг фаол қавм саналган ва қавчин уруғига мансуб шахслар исмлари XIV асрнинг иккинчи ярми тарихий воқеаларидан бошлаб, то Амир Темур вафотидан кейинги кечинмаларгача эслатилган13. Амир Темур 1370 йили Балх юришидан ғалаба билан қайтгач, юришда фидойилик кўрсатган бир неча қавчин ҳарбийлари (Алқа қавчин, Ардашер қавчин, Тамука қавчиннинг биродари Қимори Иноқлар) лашкар амири унвонлари билан тақдирланади. Жангчи қавчиннинг ўғли Мусика қавчинга Хоразмни бошқариш топширилади. Бундай топшириқлар бошқа кўпгина қавчинларга ҳам насиб этган.
Do'stlaringiz bilan baham: |