2000 йил 14 декабрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
Мазкур Қонун фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди ҳамда судларнинг ихтисослашувини мустаҳкамлади. Унга кўра, “умумий судлар” “умумий юрисдикция судлари” сифатида кўрсатилди ва умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Бу ўз навбатида уларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ривожланган давлатларнинг суд тизими тажрибасидаги ҳаёт синовидан ўтган судларни ихтисослаштириш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд йўли билан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдаги муҳим омиллардан биридир.
Янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонун суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда муҳим босқич бўлиб, жамиятни ҳаракатга келтирувчи ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятини замон талабларига мувофиқ тарзда шакллантириш, ҳуқуқий ҳимоя қилиш ишларини ривожланган давлатлар даражасига етказиш учун қонуний асос яратди.
И.Каримов қайд этганидек, “Фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди, ушбу кафолатдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришни таъминлаш бўйича катта кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилди.
Айнан ушбу даврда кассация инстанцияси ислоҳ қилиниб, суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Мазкур ўзгаришларга мувофиқ эндиликда апелляция инстанцияси ишни янгитдан кўриб чиқишга юбормасдан, уни ўзи тўла ҳажмда кўриб чиқиши мумкин.
Бугунги кунда фуқаролар қонуний кучга кирган биринчи инстанция суд қароридан норози бўлган тақдирда, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кассация инстанциясида, ўз адвокати иштирокида бевосита ҳимоя қилиш имконига эга бўлишди. Шу тариқа фуқароларнинг биринчи инстанция судларининг қарорларига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилганини таъкидлаш лозим. Амалга оширилган ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатадики, жорий этилган янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.
Шу борада қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Агар 2000 йилда суд хатоларининг деярли ярми назорат тартибида тузатилган бўлса, 2009 йил якунларига кўра, бундай ҳолатларнинг 85 фоиздан ортиғи апелляция ва кассация тартибида бартараф этилган.”1 Судларнинг жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослашуви, жиноий жазоларнинг либераллашуви, ярашув институтининг жорий этилиши, мамлакат ҳаётида юзага келаётган иқтисодий низоларни чуқурроқ ўрганиб, уларни мақбул муддатларда адолатли қарорлар қабул қилиш йўли билан ҳал этиш имкониятини туғдирди.
Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, хўжалик процессуал ва фуқаролик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди. Айнан ушбу Қонун билан кассация инстанцияси ислоҳ қилиниб, суд ишларини қайта кўришнинг апелляция тартиби жорий этилгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Мазкур ўзгаришларга мувофиқ эндиликда апелляция инстанцияси ишни янгидан кўриб чиқишга юбормасдан, уни ўзи тўла ҳажмда кўриб чиқиши мумкин.
2001 йил 29 августда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонунга кўра, жиноятларнинг таснифи ўзгартирилди. Бунинг натижасида оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.
Иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти анча кенгайтирилди. Жиноий жазо тизимидан инсонпарварлик тамойилларига мутлақо зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо тури чиқариб ташланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 11 та моддасига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланмаслиги ҳақидаги қоидалар киритилди.
Бундан ташқари ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётига ярашув институти жорий этилди. Ярашув институтининг талабига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилмайди.
Ҳозирги кунда 53 та жиноят таркиби бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти назарда тутилган.
Шу борада яна бир мисолга эътибор берайлик. Ярашув институтининг жорий этилиши натижасида ўтган давр мобайнида 100 минг нафарга яқин фуқаро жиноий жавобгарликдан озод этилди.
2001 йил 29 августда “Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилиниши, прокуратура органларининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган фаолиятларини янада такомиллаштирди. Унда:
• фуқаролар прокурорлик назорати объектлари қаторидан чиқарилди;
• прокурорларнинг суд қарорлари ижросини тўхтатиш ҳуқуқи бекор қилинди;
• прокурорларнинг ижро этиш учун мажбурий бўлган амрнома киритиш ваколати олиб ташланди;
• шаҳар ва туман прокурорларининг тергов ва айбдорларни қамоқда сақлаш муддатларини узайтириш ҳуқуқи бекор қилинди;
• қонунга вилоят, туман, шаҳар прокурорлари қонунчиликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг аҳволи тўғрисида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳар йили бир маротаба ахборот бериб туриши шарт эканлиги ҳақидаги қоида киритилди;
• Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига зид бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг қарори асосида бекор қилиниши белгиланди.
2005 йил 28 январда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишга бағишланган дастурий маърузада прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини жиддий чеклаш бўйича қонунчилик нормаларига зарур ўзгартишлар киритилганлигини, бугунги кунда суд жараёнида тортишув тамойили, яъни прокурор билан адвокат ҳуқуқларининг тенглиги таъминланаётганлигини алоҳида таъкидлаган.2 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3619-сонли Фармони билан 2005 йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини фақат суд орқали қўлланиш тартиби жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 24 июндаги “Тадбиркорлик субъектларининг хўжалик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун молиявий жавобгарлигини эркинлаштириш тўғрисида”ги ПФ-3622-сонли Фармони билан тадбиркорлик субъектлари томонидан биринчи марта содир этилган, қасддан қилинмаган ва кам аҳамиятли, шунингдек Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар камроқ тушишига олиб келмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда материалларни суд органларига тақдим этмасдан фақат маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши белгиланди.
Материаллар суд инстанцияларига топширилган ҳолларда, тадбиркорлик субъекти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлик учун содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини бир ой мобайнида ихтиёрий равишда қоплаган ҳамда унинг оқибатларини бартараф этган, жумладан пеня тўлаган тадбиркорлик субъекти молиявий санкциялар қўлланилишидан озод этилиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 1 августда “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги ПФ-3641-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикасида 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилди. Умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тайинланиши мумкинлиги;
жиноят содир этганлик учун умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони махсус тартибли жазо ижро этиладиган ихтисослаштирилган муассасаларда ўташлари белгиланди.
2007 йил 11 июлда “Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун билан жиноий жазолар тизимидан ўлим жазоси чиқариб ташланди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо тури жорий этилди.
Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг катта эътибор ва эътирофига сазовор бўлгани, албатта, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик ўта муҳим воқеадир. Нуфузли хорижий экспертларнинг таъкидлашига кўра, ушбу чора ва бу соҳада юқорида кўрсатилган бошқа бир қатор ишларнинг амалга оширилиши билан Ўзбекистонда дунёдаги энг либерал жиноий жазо тизимларидан бири яратилди. Чет эл тажрибасини ўрганган халқаро экспертларнинг бу борадаги қиёсий таҳлилларига асосан, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси Германия ва Польшада 5 та, Бельгия ва Россияда 6 та, Данияда 9 та, Швецияда 13 та, Францияда 18 та, Голландияда 19 та жиноят тури бўйича тайинланиши қайд этилган.
Умрбод озодликдан маҳрум қилиш фавқулодда жазо чораси сифатида кўрсатилиб, фақат икки турдаги жиноят, яъни жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм учун тайинланиши белгиланди. Ушбу жазо тури мамлакатимизда хотин-қизларга, жиноят содир этган пайтда 18 ёшга етмаган шахсларга ва ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслиги кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 августдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги ПФ-3644-сонли Фармони билан жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи 2008 йил 1 январдан эътиборан судлар ваколатига ўтказилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қонунда белгиланган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш самарасиз бўлган алоҳида ҳолатларда ва фақат жиноят ишлари бўйича судлар ёки ҳарбий судлар ваколатига мувофиқ уларнинг қарори бўйича амалга оширилиши лозимлиги белгиланди.
2007 йил 11 июлда “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Эндиликда ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Шунингдек, мазкур Қонун билан судлар томонидан қамоққа олишга санкция беришнинг процессуал тартиби ўрнатилди.
Бу борада “Хабеас корпус” институтининг жорий этилиши, яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал қадам бўлди. Ушбу қарорнинг ўз вақтида ва пухта ўйлаб қабул қилингани бугунги кунда кўпгина амалий мисолларда ўз исботини топмоқда. Мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда. Ушбу институт жорий этилган 2008 йилнинг январидан буён судлар томонидан дастлабки тергов органларига 700 мартадан ортиқ ҳолатда мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилингани ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.
Мамлакатимизда жиноий-ҳуқуқий соҳани либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида гапирганда, жиноят-процессуал қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларга мувофиқ тергов ва шахсни қамоқда сақлаш муддатлари қисқартирилганини таъкидлаш лозим.
Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича давлат судлари билан бирга нодавлат судларини, яъни ҳакамлик судларини, судгача тарафларнинг ўзаро келишувини ташкил этиш юзасидан медиация институтини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Бу борада 2006 йил 16 октябрда “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди ва ҳакамлик судларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.
Ушбу Қонунда ҳакамлик суди (доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди ёки муваққат ҳакамлик суди) – фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат орган эканлиги, ҳакамлик судида низони ҳал этиш учун ҳакамлик битими тарафлари томонидан сайланган ёки белгиланган тартибда тайинланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.
Ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3993-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармонда адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифаси деб ҳисобланиши кўрсатилди. Унда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида адвокатуранинг самарали ўзини ўзи бошқарадиган марказлаштирилган тизимини ташкил қилиш; адвокатликка номзодларнинг малакасига нисбатан қўйилаётган талабларни кучайтириш, уларнинг юридик соҳа бўйича иш тажрибасига эга бўлиши ва адвокатлик тузилмаларида амалиёт ўташи, шунингдек адвокатларнинг мунтазам касбга оид малакасини ошириш; адвокатурани ҳалол ва касб маҳорати юқори мутахассислар билан тўлдиришда самарали лицензиялаш тизимини ташкил этиш; адвокатлик тузилмаларининг ваколатлари ва ҳуқуқий мақомини белгилаш; жиноят процессида айблов ва ҳимоя тарафларининг процессуал ҳуқуқлари тенглигини таъминлаш; суд ишида тарафлар вакиллиги институтини босқичма-босқич такомиллаштириш; адвокатлар томонидан касб этикаси қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш механизми ва адвокатларга нисбатан интизомий иш юритиш тизимини такомиллаштириш адвокатура институтини янада ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси негизида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасини ташкил этилди. Палатанинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди.
2008 йил 31 декабрда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Шу асосда амалдаги қонунчилигимизга суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш жараёнининг энг муҳим таркибий қисми бўлган адвокатура мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонунга мувофиқ, ҳимоячига жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслардан мутлақо мустақил равишда жиноят иши процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи берилди.
Шу билан бирга, ҳимоячининг кўрилаётган ишда иштирок этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўзига ижозат берилгани тўғрисида ёзма равишдаги тасдиқловчи ҳужжат ва шунингдек, ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун рухсат олиш мажбуриятини белгилайдиган нормалар жиноят-процессуал қонунчилигидан чиқарилди. Эндиликда буларнинг барчаси учун адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлик муассасаси томонидан бериладиган ордернинг ўзи етарли эканлиги кўрсатилди.
Қонунда адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, унинг ўз ҳимояси остидаги шахсга нисбатан позициясини ўзгартириш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 23 июндаги “Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича Тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-896-сонли Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича Тадқиқот маркази ташкил этилди.
Тадқиқот марказининг асосий вазифалари суд фаолиятини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг суд тизими вазифаларини белгилаб берувчи қоидалари рўёбга чиқарилиши самарадорлиги масалалари бўйича қонунчилик базасини таҳлил қилиш ва умумлаштириш, шунингдек, Қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган ҳуқуқни қўллаш, суд амалиётини ўрганиш ҳамда умумлаштириш; жиноий, маъмурий жазолар тизимини янада либераллаштириш, суд, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал, хўжалик процессуал қонунчилигини, суд ишларини юритишни демократлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш; одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, суд фаолиятига аралашиш ҳолларига барҳам бериш, ғайриқонуний суд қарорлари чиқарилишига йўл қўймаслик бўйича таклифлар тайёрлаш; суд фаолияти соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини чуқур ўрганиш ҳамда миллий қонунчиликка татбиқ этиш деб белгиланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва либераллаштириш жараёнида 2008 йилнинг 22 сентябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳим ўрин тутади.
Жумладан, ушбу Қонун билан Жиноят кодексига жиноятлар тўғрисидаги аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни қабул қилиш, руйхатдан ўтказиш ёки кўриб чиқиш хизмат вазифаларига кирадиган мансабдор шахснинг жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириши учун жиноий жавобгарликни белгиловчи янги 2411-модда киритилди.
Шунингдек, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасига жиноят ишларининг терговга тегишлилиги қоидаларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар киритилди. Хусусан, прокуратура органларининг терговига тааллуқли Жиноят кодексининг элликта моддасида назарда тутилган ва уларни фош этиш ҳамда тергов қилиш бевосита Ички ишлар органларининг профилактик ва тезкор-қидирув фаолияти билан боғлиқ жиноятлар бўйича ишлар ички ишлар вазирлиги органларининг терговига ўтказилди. Шунингдек, прокурорнинг ваколатидан Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати органларининг бир тергов тармоғидаги битта терговчидан бошқа терговчига ишни ўтказиш ҳуқуқи чиқариб ташланди, терговга тегишлилигидан қатъи назар ишни бир тергов органидан бошқа тергов органига ўтказиш ваколати эса, қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда фақат Бош прокурор ва унинг ўринбосарларида сақлаб қолинди. Жиноят ишларини бирлаштиришда терговга тегишлилигини аниқлаш масалаларида ҳам қатъи қоидалар ўрнатилди.
2008 йилнинг 28 августида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Ушбу амнистия акти қабул қилиниши ва уни қўллаш тартиби ҳақида Низом тасдиқланиши билан республикамизда мазкур актни судга қадар иш юритиш ва суд қарорларини ижро этиш масалаларини судлар ихтиёрига ўтказиш бўйича янги тартиб жорий қилинди.
2008 йил 22 декабрда эса Ўзбекистон Республикасининг “Амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди.
Амнистия актини қўллаш масаласи судларнинг ваколатига киритилиши суд тизимини ислоҳ қилишнинг мантиқий давоми бўлиб, шахсни жиноий жавобгарликдан озод этиш масалаласини ҳал қилиш борасида одиллик, холислик ва беғаразлик принципларини таъминлашга ҳамда суд ҳокимиятининг нуфузини оширишга қаратилди.
2010 йилнинг 18 май куни маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун жиноят қонунини янада либераллаштириш ва жиноий жазоларни дифференциялашга қаратилган. Мазкур Қонун билан Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи барча ҳолатлардан фақатгина айбини бўйнига олиш тўғрисидаги арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш, жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш ва етказилган зарарни бартараф этиш (55-модда биринчи қисмининг “а” ва “б” бандлари) каби ҳолатлар айбдорнинг жиноят содир этилгандан сўнг фаол ижобий ҳаракатлари ажралиб туради.
Юқоридаги тўртта ҳолат айбдорнинг амалда пушаймон бўлганлигини билдириб, унинг ўз қилмишининг ғайриқонунийлигини англаганлигидан ва у учун жазо олишга тайёр эканлигидан далолат беради.
Шу сабабдан қабул қилинган Қонун билан Жиноят кодексига янги 57-1-модда киритилиб, унда юқорида кўрсатилган ҳолларда ва оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигида жазо муддати ёки миқдори Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг учдан икки қисмидан ошмайдиган жазо тайинланиши лозимлиги белгилаб қўйилди.
2010 йил 1 июнда “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонунда суд экспертизаси – бу фуқаролик, хўжалик, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат эканлиги кўрсатилди.
Хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган, белгиланган тартибда суд эксперти сифатида тайинланган жисмоний шахс суд эксперти ҳисобланиши қайд этилди.
2010 йил 28 сентябрда “Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси “Жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик” номли янги ўн тўртинчи бўлим билан тўлдирилди.
Мазкур бўлимда Судлар, прокурорлар, терговчилар ва суриштирув органларининг хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг тартиби тўғрисидаги асосий қоидалар ўз ифодасини топди.
2011 йил 21 апрелда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан киритилган қўшимчага кўра, эндиликда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳам кўриб чиқишлари белгиланди.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси янги 2454-модда билан тўлдирилди. Унга кўра фуқаролик ишлари бўйича судлар фуқаролик ишларининг муҳокамаси чоғида маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган ҳолларда ушбу Кодекснинг 180- ва 181-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.
Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Кодекснинг суд буйруғи бўйича талаблар деб номланувчи 103-моддаси янги 11-банди билан тўлдирилди. Бундан буён коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб қўйилса суд буйруғи берилиши мумкинлиги белгиланди.
Шу билан бир қаторда Кодекс “Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш” деб номланувчи янги 203-боб билан тўлдирилди.
Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ХПКда назарда тутилган қоидалар асосида, мазкур тоифадаги ишларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилиши қайд этилди.
Бундан ташқари атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш ҳам ҳуқуқий таъсир чораси сифатида кўрсатилди.
Янги бобда ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар санаб ўтилди.
Шунингдек, ушбу бобда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш учун қисқартирилган процессуал муддатлар белгиланди.