2. Қорақалпоғистонда саноат қурилиши ва унинг муаммолари. 1924 йилда миллий-худудий чегараланиши натижасида Ўрта Осиё харитасида иттифоқчи республикалар билан бирга мухтор тузилмалар хам пайдо бўлди. Шулар орасида Қорақалпоғистон мухтор вилояти ҳам бор эди. Ушбу вилоят Қирғизистон (Қозоғистон) АССР таркибида бўлиб, унга волостлардан иборат Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Қўнғирот округлари кирди. 1925 йил 12-19 февралда вилоят маркази Тўрткўл шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон автоном вилояти Советларининг биринчи қурултойи “Қорақалпоғистон автоном вилояти ташкил топганлиги тўғрисида Декларация” қабул қилди ва “қорақалпоқ миллий давлатчилиги” ташкил этилганлигини қонуний расмийлаштирди. Қорақалпоғистон автоном вилояти Ижроия Қўмитасининг раиси этиб А.Кудабоев сайланди. Қорақалпоғистонда яшайдиган асосий элатлар қорақалпоқлар – 38,5%, ўзбеклар – 28,7%, қозоқлар – 28,6% дан иборат эди.
Қорақалпоғистон Мухтор вилояти ташкил этилгандан сўнг, советлар бу ерда ҳам социалистик қурилишни авж олдириб юбордилар. Жумладан овул ва қишлоқларни советлаштириш кенг миқёсда олиб борилди. Советларга батрак ва камбағаллар сайланиб, уларнинг асосийларини коммунист ва комсомоллар ташкил қилди. Мамлакатда вайрон бўлган саноатнинг турли сохалари, қишлоқ хўжалиги ва суғориш ишларини тиклаш амалга оширилди. Қорақалпоғистон иқтисодиётининг тараққиёти бир томонлама хусусиятга эга бўлиб, СССРнинг марказий минтақалари саноатини ривожлантириш эхтиёжларини таъминлашга қаратилган эди. Масалан, 1933 йилнинг 3 октябрида СССР Ер ишлари Халқ Комиссарлиги Қорақалпоғистонни мамлакатни беда уруғи етказиб берувчи асосий база деб тан олган эди. Бунинг асосий сабаби мамлакат халқ хўжалигида иттифоқдош республикалар ўртасидаги меҳнат тақсимотида Қорақалпоғистонга олий сифатли пахта, беда хамда балиқ билан таъминлаб туриш юклатилганлигида эди.
Мухтор вилоят саноатининг етакчи тармоқларини пахта тозалаш ва балиқ-консерва заводлари ташкил этар эди. Саноатни юксалтириш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигининг барча сохаларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди ва бу ерга кўп миқдорда қишлоқ хўжалик анжомлари келтирила бошланиб, бой ва руҳонийлардан тортиб олинган ерлар хисобига ерсиз ва кам ерли деҳқонлар ер билан таъминланди.
1930 йилда Қорақалпоғистон мухтор вилояти РСФСР таркибига киритилди. 1932 йилнинг 20-мартида эса, СССР МИК Раёсати “Қорақалпоғистон автоном вилоятини Автоном Совет Социалистик Республикасига айлантириш ва уни РСФСРга кириши тўғрисида” қарор қабул қилди. Ўша йилнинг май ойида автоном республика Советларининг I Таъсис қурултойи ҳукуматни тузди. Унда ҚҚАССР МИК раиси этиб Коптлеу Нурмухамедов, Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси этиб эса Қосим Авезовлар сайландилар.1936 йилда СССРнинг янги Конституцияси қабул қилинди ва унга кўра ҚҚАССРнинг Ўзбекистон ССР таркибига кириши кўзда тутилган эди. Бунинг асосий сабаби худудий яқинлик, ягона тарихга эга бўлганлиги деб эътироф этилди. 1937 йил 12 февралда ЎзССРнинг янги Конституцияси қабул килинди. Ўша йилнинг 6 мартида эса, ҚҚАССРнинг янги Конституцияси эълон килинади. Қорақалпоғистон Ўзбекистон таркибида бўлганида, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамланди.
Ўрта Осиёдаги миллий ҳудудий чегаралаш арафасида қорақалпоқлар Туркистон АССР Амударё вилоятининг Чимбой (бутун аҳолиси 81096 киши, ундан қорақалпоқлар 58604 киши, яъни 71%), Шўрахон уездларида (аҳолиси 90736 киши, ундан қорақалпоқлар 81100 киши, яъни 72%) ва Қўнғирот (аҳолиси 80988 киши, ундан қорақалпоқлар 79,5%) округларида зич яшардилар.
1924 йил 14 октябрда Россия Федерациясининг Қозоғистон Автоном Республикаси таркибида Қорақалпоғистон автоном вилояти ташкил этилди. Бу билан қорақалпоқларнинг асрий давлатчилик орзуси ушалгандек туюлсада, улар тўла суверенитетга эга эмасди. Қорақалпоғистон автоном вилоятининг Ижроия қўмитасининг раиси этиб А.Қудабоев, ўринбосарлари этиб А.Айтешов ва Т.Непесовлар сайланди.
Қорақалпоғистон автоном вилояти 160 000 кв.км.дан ортиқ ҳудудни эгаллаган бўлиб, тўртта маъмурий округ – Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Қўнғирот округларидан ташкил топган эди. Вилоят кўп миллатли бўлиб қорақалпоқлар – 38,1%, қозоқлар – 28,5%, ўзбеклар – 27,5%, туркманлар – 3,2%, бошқа миллатлар – 2,7%ни ташкил этарди. Қорақалпоғистон автоном вилоятининг бойлиги унча катта эмасди: 5% ўрмон массивлари, 280 745 бош чорва, 800 000 сўм пул бўлиб, улар чегаралаш вақтида тақсимланган эди.
Шу тариқа большевикларнинг совет давлати Қорақалпоғистонда ҳам социализм қуришга киришди. 1925-26 йилларда Қорақалпоғистонда 16 та ишлаб турган саноат корхонаси бўлиб, улар асосан пахта тозалаш, ёғ, совун ишлаб чиқариш корхоналари эди. Вилоят саноатида 435 киши ишлаган бўлса, маҳаллий ҳунармандчилик саноатида 4516 киши ишларди. 1927-28 йилларда вилоятда саноатни ривожлантириш учун 183 900 сўм маблағ ажратилди.
Қорақалпоғистон иқтисодиётининг ривожланиши бир томонлама хусусиятга эга бўлиб, у СССРнинг марказий минтақалари саноати эҳтиёжини таъминлашга қаратилди. Бу даврда вилоятнинг манфаатлари ва эҳтиёжлари эътиборга олинмади. 30-йиллар ўрталарига келиб Қорақалпоғистон саноатининг ишлаб чиқариш қуввати бирмунча ошди. 1934 йилда Нукусда СССРдаги энг йирик беда уруғи тозалаш заводи ишга туширилди, пахта тозалаш заводлари, Мўйноқда балиқ консерваси комбинати, Тўрткўл электр станцияси, Нукус шаҳрида матбаа комбинати қурилди. Бироқ саноатда банд бўлган миллий муҳандис-техник ходимлар етиштириш муаммолигича қолди. Бу даврда вилоятдаги 940 мухандис-техник ходимдан фақат 37 таси маҳаллий миллат вакиллари эди, холос. Вилоят саноатининг етакчи тармоқлари пахта тозалаш ва балиқ консерва корхоналари эди.
Саноат ишлаб чиқариши бўйича вилоят жуда қолоқ эди. Бу жиҳатдан аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулоти 36 сўмни ташкил этарди, ҳолбуки иттифоқ бўйича бу кўрсаткич 273 сўмни, Ўрта Осиё республикалари бўйича эса 71 сўмни ташкил қиларди.
Автоном вилоятнинг табиий ресурсларини ўрганишга совет ҳукумати анча катта эътибор берди. Чунки Марказ учун кўпгина хомашё керак эди. 1930 йилларда бу ҳудуддан тальк, фосфорит, гипс, мармар ва бошқа хомашё конлари топилди. Шундан кейин автоном вилоятда бу бойликларни қазиб олиш ва бирламчи ишлов беришга ихтисослашган саноат корхоналари қурила бошланди. 1940 йилга келиб саноат корхоналари сони 89 тага етди.
Do'stlaringiz bilan baham: |