1. Аҳоли даромадлари ва унинг таркиби. Турмуш даражаси
кўрсаткичлари
«Даромад» иқтисодий фаолият натижаларини ифодаловчи кўрсаткич бўлиб, у серқирра ва мураккаб мазмунга эга ҳисобланади. Чунки, даромад бир вақтнинг ўзида бирон-бир фаолият натижасида олинган тушумни, пул маблағларини, натурал кўринишда олинган маҳсулотларни, иқтисодий ресурслар келтирувчи нафни ва бошқа тушунчаларни ифодалаши мумкин. Шунингдек, даромад умумий тушунча бўлиб, унинг таркибида аҳоли даромадлари муҳим ўрин тутади.
Аҳоли даромадлари маълум вақт оралиғида (масалан, бир йилда) улар томонидан олинган пул ва натурал шаклдаги тушумлар миқдорини англатади.
Иқтисодий адабиётларда аҳоли даромадларининг таркибий тузилиши турлича кўрсатилади. Жумладан, В.И.Видяпин ва бошқаларнинг умумий таҳрири остидаги “Иқтисодиёт назарияси” дарслигида бу таркибий тузилиш қуйидаги жадвал кўринишида келтирилган:9
1-жадвал. Аҳоли шахсий даромади таркибий тузилиши
1) Пул ва натурал шаклдаги иш ҳақи ва маош
2) Қуролли кучлар хизматчиларининг пул ва натурал кўринишдаги таъминотлари
3) Тадбиркорларнинг ажратмалари:
а) ижтимоий суғурта ва шу кабиларга,
б) бошқа мақсадларга.
|
Ижтимоий бандликдан олинадиган даромадлар
|
4) Эркин касблардаги шахслар
5) Фермерлар
6) Бошқа якка тартибдаги тадбиркорлар ва савдогарлар
|
Ўзини-ўзи банд қилишдан даромадлар
|
7) Рента, соф фоиз, дивидендлар
|
Мулкдан олинадиган даромадлар
|
8) Жорий трансфертлар, компанияларнинг хайриялари
9) Давлат нафақалари ва бошқа тўловлар
|
Трансферт даромадлари
|
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, даромад таркибининг юқорида келтирилган таснифида маълум чалкашликлар мавжуд. Жумладан, қуролли кучлар хизматчиларининг пул ва натурал кўринишдаги таъминотларини алоҳида бандда берилиши мантиққа зиддир, чунки ҳарбий хизматчилар ҳам ўз фаолиятлари натижаларини иш ҳақи ёки маош кўринишида оладилар. Шунингдек, 4 – 6 тартиб рақамлари бўйича келтирилган бандлар даромад турини эмас, балки фаолият турини кўрсатади ва ҳ.к.
Аҳоли пул даромадлари иш ҳақи, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромад, нафақа, пенсия, стипендия шаклидаги барча пул тушумларини, мулкдан фоиз, дивиденд, рента шаклда олинадиган даромадларни, қимматли қоғозлар, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ҳунармандчилик буюмларини сотишдан ва ҳар хил хизматлар кўрсатишидан келиб тушадиган даромадларни ўз ичига олади.
Натурал даромад меҳнат ҳақи ҳисобига олинадиган ва уй хўжаликларининг ўз истеъмоллари учун ишлаб чиқарган маҳсулотларидан иборат бўлади.
Жамият аъзолари даромадлари даражаси улар турмуш фаровонлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланиб, шу билан бирга алоҳида шахсларнинг дам олиши, билим олиши, соғлиғини сақлаши, энг зарур эҳтиёжларини қондириши имкониятларини белгилаб беради. Аҳоли даромадлари даражасига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллар орасида иш ҳақидан ташқари чакана нарх динамикаси, истеъмол бозорининг товарлар билан тўйинганлик даражаси кабилар муҳим ўрин тутади.
Президентимиз И.Каримов таъкидлаб ўтганларидек: «Мустақиллик йилларида одамларимизнинг тафаккури, дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ҳам тубдан ўзгарди. Турмуш даражаси, оиласининг фаровонлиги, энг аввало, ўзига боғлиқ эканлигини тушуниб етаётган одамлар тобора кўпайиб бормоқда».1
Аҳоли даромадлари даражасига баҳо бериш учун номинал, ихтиёрида бўлган ва реал даромад тушунчаларидан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |