7 – Маъруза: Суғориш тизимларида сув ўлчаш
Режа:
Суғориш тизимларида гидрометрия хизмати. Каналларнинг сув сарфини ўлчаш постлари ва услублари.
Муваққат суғориш тармоқларида сув ўлчаш: Чиполетти ва Томсон сув ўлчагичлари, улардан фойдаланиш қоидалари ва сув сарфини аниқлаш.
Махсус жадваллардан фойдаланиш.
Таянч иборалар: гидрометрия хизмати, Чиполетти, Томсон сув ўлчагичлари, САНИИРИ
1. Ҳар қандай суғориш тизимида суғориш сувини тақсимоти диспетчерлик графиги асосида диспетчер кўрсатмаларига асосан амалга оширилади. Диспетчерлик графиги ҳар ҳисобий давр (10 кунлик) га тизимнинг тасдиқланган СФР ва сув манбаини айни шу даврга бўлган имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тузилади ва унда қулоқ боши сув тугунидан тортиб то сувдан фойдаланувчи хўжаликларга сув тақсимлаш тугунларигача бўлган иншоотларни ҳаммаси учун сувни келиш ва тақсимот сув сарф қийматлари кўрсатилади. Бунда ҳар бир ҳисобий давр учун ҳар бир сув тақсимот тугунида сув олиш ва тақсимот тартиблари ва сув сарф ўлчамлари белгиланган бўлиши керак [6,7].
Тизимда диспетчерлик графигини бажарилиш назорати навбатчи диспетчерга юклатилади. Навбатчи диспетчер сув манбасининг сув сарф ва сув сатҳ ўлчов натижаларига кўра манбадан қанча миқдорда сув олиш мумкинлигини ҳам аниқлаб боради.
Мабодо сув манбаидан олинадиган сув сарф миқдори режавий миқдордан кўп бўлса, унда сув тақсимот тугунларида режавий сув сарф миқдорини тақсимлаш белгиланади, агарда фарқ 10% гача бўлса диспетчерлик графигини тузишда ҳисобга олинади. Фарқ 10% дан ортиқ бўлса унда тизимни сув тақсимот режасига ўзгартиришлар киритилади.
Тизимнинг сув тақсимот режасига ўзгартиришлар сув манбаининг қайта аниқланилган ойлик сув миқдорининг оз-кўплигини олдиндан аниқлаш (прогноз) натижаларига ва экин майдонларини ҳақиқий ҳолатига қараб киритилади. Суғориш тизими бўйича экин майдонларининг ҳақиқий ҳолати ёзги экинлар учун 1 иþнгача, қишки экинлар учун 1 декабргача аниқланиши керак. Тизим бўйича сув тақсимот режасига киритилган барча ўзгартиришлар тўғрисида сувдан фойдаланувчи хўжаликлар хабардор қилинади.
Ҳар ҳисобий давр учун тизимда ўрнатилган сув тақсимот мувозанати бўйича навбатчи диспетчер тизимнинг барча сув тақсимот тугунларига формойиш беради. Бу фармойиш тизимни барча ходимлари ва қисимлари учун тегишли бўлиб, уни бажариш мажбурийдир. Навбатчиликка киришаётган ҳар қандай диспетчер ўзидан олдинги навбатчи диспетчердан тизимни ҳолати, бошлиқларнинг кўрсатмалари ва буйруқлари тўғрисида ахборот олиш билан бирга диспетчерлик графиги билан яқиндан мукаммал танишади.
Тизимга ҳақиқатда олинган ва кундалик тақсим қилинган суғориш сувини назоратини навбатчи диспетчер олиб боради. Шу мақсадда ҳар куни барча сув тугунларидан мутасадди ходимлар томонидан навбатчи диспетчерга олинган сув тўғрисида маълумотлар берилади. Сув тақсимоти ва суғорилган майдонлар тўғрисида маълумот махсус журналга ёзиб борилади. Бу кўрсаткичларни режавий қийматлар билан солиштириш натижасида хулосалар чиқарилади, лозим бўлганда тезда саëбий оқибатларни олдини олиш чора-тадбирлари кўрилади. Суғориш бўйича олинган маълумотларни диспетчер тизим бошлиғига ва сувдан фойдаланиш бўлим бошлиғига тақдим этади [6, 7, 8].
Тизим ходимлари сувдан фойдаланувчиларнинг сувдан қандай фойдаланганликларини доимо назорат қилиб боришади. Бунинг учун тизим муттасади ходимлари суғориш майдонларини назоратдан ўтказиб, сувдан фойдаланишда суғориш меъёрларини тўғри амалга оширилганлигини, суғориш ва зах қочириш тармоқлари ҳолатини, суғориш сувини ташама, зовур тармоқларига ташланган-ташланмаганлигини, суғориш дала этаклари ва йўлларини сув босган-босмаганлигини назоратдан ўтказишади. Шу билан бир қаторда сувдан фойдаланувчилар ҳам «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида» ги ЎзР қонунига асосан ўз ҳуқуқларини талаб қилишлари, берилаётган сув миқдори ва сув сифатини текширишлари, шартнома бўйича олинмай қолган сув учун товон тўлашни талаб қилишлари мумкин.
Суғориш тизимларини унумли ишлаш шартларидан бири оператив (тезлик билан) ва ҳақиқий сув сарф миқдорларини аниқлашдир. Шу мақсадда манбадан сув олишдан тортиб, тизим бўйича сув тақсимоти, ҳамда сувдан фойдаланувчи хўжаликларга диспетчерлик бошқаруви киритилади. Сув миқдорини ҳисобга олиш суғориш майдонларини мелиоратив ҳолатини назорат қилиш, суғориш тизимларини мукаммаллаштириш учун зарурдир. Ундан ташқари сувни доимий ва аниқ ҳисобини олиб бориш, уни тўғри ва тежамли ишлатиш СФ ни режали ва аниқ амалга ошириш гаровидир.
Айниқса, сувдан фойдаланишда унга ҳақ тўлаш масалаларида бу иш жуда ҳам керакдир.
Ҳар қандай суғориш тизими, унинг конструктив тузилишидан, ўлчамларидан, хизмат вазифасидан, бошқарув тизимидан қатъий назар, умумий хусусиятларга эгадир:
умумий мақсад-табиий намни қайта тақсимоти, умумийлик, яъни тизимни барча қисмларини ўзаро бир технологик жараён билан боғлиқлиги;
сув ўтказувчи тармоқларни (канал, нов, қувур) бир хиллиги, яъни анча узунлиги ва турли шаклда эканлиги, бошқарилувчи сув тугун иншоотларининг мавжудлиги;
уларда сувни тўлқинсимон ҳаракати;
бошқарувчи объектлар ўртасида тўғридан-тўғри гидравлик алоқа мавжудлиги;
объектлари очиқликдалиги ва қўзғалмаслиги (бунда уларга ўзгарувчан ҳаво ҳарорати, чанг, нам таъсир қилади);
бошқарувчи иншоотларда уларнинг иш режимини нисбатан кам ўзгариши;
бошқариш объекти билан диспетчерлик пункти ўртасида доимий ахборотлар алмашинуви мавжудлиги;
аксарият ҳолатларда бошқарув объектлари олдида электр таъминотини, шу билан бирга сув оқимида керакли гидравлик энергияни етарли бўлмаслиги.
Суғориш тизимларида сувни ҳисобга олиш ишларини гидрометрик хизмат гуруҳи амалга оширади ва унинг таркибига тизимни техник холатига қараб гидрометрлар, кузатувчилар ва бошқарувчилар кириши мумкин. Агарда тизимда сув ўлчаш ва сувни бошқариш автоматлаштирилса гидрометрик хизмат гуруҳини таркиби кескин ўзгаради.
Бу хизмат гуруҳининг асосий вазифаси гидропостларда тизимдаги сув сарф қийматини ўлчаш, гидропостлар ҳолатини назорат қилиш, маълумотлар тўплаш ва уларни қайта ишлаш, ҳисоботлар тузиш, иншоот ва каналларда, ўрнатилган постларда тарировка ишларини бажариш ҳисобланади.
2. Барча гидрометрик кузатув ишлари ва ўлчов натижалари махсус шаклдаги ҳужжатларда қайд этиб борилади. Бу ҳужжатлар туркумига дала журнали, мувозанат жадвали, суғориш тармоқларининг ФИК қайдномаси, сув манбаини кузатиш бўйича жадвал ва бошқалар киради.
Суғориш тизимида қуйидаги гидрометрик постлар ўрнатилади [8]:
Do'stlaringiz bilan baham: |