3. Автомобилсозлик соҳасидаги ислоҳотлар
Машинасозлик тармоқлари орасида мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистонда автомобилсозлик фаол ривожланмоқда.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси – Ўрта Осиёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва МДҲ мамлакатлари ўртасида иккинчи ўринни эгаллайди, маҳаллийлаштириш улуши автомобилларда юқори (45-55%) бўлиб, юк автомобиллари ва автобусларда 15-30% ни ташкил этади.
Ишлаб чиқариш фаолияти қуйидаги кўрсаткичлар билан тавсифланади:
Товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилган сумма
|
10 792 млрд. сум
|
2016 йилга келиб ўсиш суръати
|
167,1%
|
01.01.2018й.га келиб, соҳада 24,77 минг киши меҳнат қилмоқда.
«Ўзавтосаноат» давлат компанияси орқали турли сегментларда бир қатор жаҳон брендлари маҳаллийлаштирилган: енгил автомобиллар ва LCV (General Motors), юк машиналари (MAN, ISUZU) ва автобуслар (ISUZU). Аммо қарийиб барча қўшма корхоналарда акцияларнинг назорат пакети Ўзавтосаноат орқали давлат назорати остида қолмоқда – GM Uzbekistan да 75% – MAN ҚК да 51%, ISUZU ҚК да 84% ва PSA ҚК да 50%.
Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми – 140,2 минг дона (2016 йилга нисбатан 159,1%), ISUZUавтобус ва юк машиналари – 3600 дона (105,3%), МАN юк машиналари ва автобуслари – 1200 дона (119,4%), аккумулятор батареялар – 680,2 минг дона (116,3%), кучланишли агрегатлар – 91,6 минг дона ( 2,1 баравар).
Жамият корхоналари томонидан 6 686,2 млрд. сўмли халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилган, 2016 йилга нисбатан ўсиш суръати – 156,4% ни ташкил этди.
Бугунги кунда ички бозорда енгил автомобилларга бўлган талаб 60-70 % га, юк автомобилларига – 50% га қондирилмоқда.
Ҳозирги пайтда мамлакат ҳукумати томонидан рақобатни ва соҳадаги ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун автомобилсозлик соҳасига мустақил иштирокчи сифатида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.
Тармоқнинг асосий йўналишлари
Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 23 та қўшма корхона фаолият юритмоқда, уларда автомобиль ва автобуслар, юк машиналари, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва узеллар, шунингдек, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилади.
Қуйидаги компаниялар автомобиль ишлаб чиқариш соҳасида ишлайди:
«Дженерал Моторс» компанияси билан ҳамкорликда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича тузилган «ДжиЭм Ўзбекистон» акциядорлик жамияти,
“ЎзАвто”корхонаси, Япониянинг «Исузу» ва «Иточу» компаниялари муассислигида ўрта синфдаги автобуслар ва юк машиналари ишлаб чиқарадиган «Самарқанд Автомобиль Заводи».
ЎзАвто ва Peugeot Citroen Automobiles ўртасида қўшма корхона тузиш тўғрисида битим имзоланган бўлиб, унга мувофиқ, шаҳарда енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича янги завод қурилмоқда. Лойиҳада Пежо Боксер ва Пежо Эксперт автомобилларининг турли конфигурацияларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Осма ва тиркама техникаларини ишлаб чиқарадиган UzAuto TRAILER корхонаси ташкил этилди, шунингдек, Россия компанияси билан бирга Камаз юк машиналарини йиғиш ишлари амалга оширилмоқда.
Авто қисмларини ишлаб чиқариш соҳасида «ЎзАвто» компаниясининг қарийб 40 га яқин корхоналари фаолият юритмоқда. Уларнинг аксарияти Korea Delfi, Erae, Sungwoo Hitech, Austem, AMS, KM&I сингари дунёдаги етакчи авто қисмлар ишлаб чиқарувчилар билан бирга тузилган қўшма корхоналардир.
Бундан ташқари, авто қисмлар етказиб берилиши 160 дан ортиқ кичик ва ўрта даражали таъминотчилар орқали амалга оширилади.
Хусусан, «Дженерал Моторс» ва «ЎзАвто» компанияси билан 1,2 ва 1,5 литр ҳажмли двигателларни ишлаб чиқариш бўйича «ДжиЭмПауэрТрейн Ўзбекистон» қўшма корхонаси ташкил этилган. Завод «Дженерал Моторс» глобал тармоғидаги ягона корхона ҳисобланади. Алюмин буюмлар қуйиш, таркибий қисмларни механик қайта ишлаш, таркибий қисмларни йиғишнинг барча жараёни ва синовдан ўтказиш битта заводнинг ўзида амалга оширилади.
«ЎзАвто» компанияси ишлаб чиқариш фаолияти билан бирга ходимлар малакасини оширишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Компания Тошкентдаги Турин политехника университети, университет қошидаги академик лицей, Андижон ва Самарқанддаги машинасозлик коллежлари сингари таълим муассасаларининг асосчиси ҳисобланади.
ЎзАвто» корхоналарининг автомобиль қисмларини хорижий автомобиль ишлаб чиқарувчилар конвейерига етказиб бериши уларнинг маҳаллийлаштиришда юксак салоҳиятга эгалигининг яққол далилидир.
«ЎзАвто» корхоналари дунёнинг 5 та контингентидаги автоконвейерларга бир неча турдаги автомобиль қисмларини етказиб беради. Корхона ходимлари маҳсулотни ишлаб чиқиш, ўзлаштириш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича етарли малакага эга. Ишлаб чиқариш ва сифатни бошқаришга дунё стандартларининг жорий этилиши, қатор халқаро сертификатларга эга бўлиш, шунингдек, корхоналарнинг зарур лаборатория текширув ускуналари билан жиҳозланиши жаҳон стандартига мос маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бермоқда. ЎзАвто корхоналарига GMS, 5S, Kaizen сингари тизимлар жорий этилган.
Машинасозликда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги энг салоҳиятли тармоқ ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси учун қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш муҳим стратегик тармоқлардан бири ҳисобланади. 2017 йилда қарийб 8 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилган бўлса, уларнинг қарийб 1,2 мингтасини тракторлар ва 0,3 мингтасини комбайнлар ташкил этади. Бундан ташқари, сўнгги йилларда тармоқда улкан муваффақиятларга эришилди.
2018 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги техникаси парки 150 486 дона, жумладан 57 822 дона трактор, 58 019 дона осма техника, 3 608 дона ғалла ўрадиган комбайн, 1 224 дона пахта териш машинаси, 1 738 дона хашак ўрадиган техника, 28 075 дона бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларини ўз ичига олади.
Юқорида санаб ўтилган мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларидан 82 921 донаси 11 йил ва ундан ортиқ муддат ишлатилгани боис эски техникалар ҳисобланади, жумладан 30 412 дона тракторлар, 28 071 дона осма техникалар, 1 131 дона ғалла ўрадиган комбайнлар, 175 дона пахта териш машиналари, 919 дона хашак ўриш техникалари, 19 894 дона ерга ишлов бериш техникалар, 1 445 дона турли хил ўғит бериш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш техникалари, 2 473 дона қишлоқ хўжалигидаги турли техникалар бўлиб, агротехника ишлари бажариладиган қизғин мавсумда техника етишмовчилигини пайдо қиляпти.
Қишлоқ хўжалиги парки таҳлилларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари қўшимча 100 670 дона техникага муҳтож. Улардан 26 139 донаси тракторлар, 34 605 донаси осма ва тиркама техникалар, 1 149 донаси ғалла ўрадиган комбайнлар, 3 080 донаси пахта териш машиналари, 9 951 донаси хашак ўриш техникалари, 22 278 донаси ерга ишлов бериш техникалари, 2 968 донаси турли хил ўғит бериш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш техникалари ва 5002 донаси бошқа техникалардир.
Айни пайтда мавжуд техниканинг 55,1% маънавий ва жисмонан эскирган бўлиб, улар тезкор суратда янгиланаши зарур. Чунки бу ишлов берилаётган ерлар самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кўпайтириш ва албатта, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишда ўз аксини топади.
Ўзбекистон Республикасида турли хил қувватдаги тракторлар, ғалла ва хашак ўриш комбайнлари, осма, тиркама, йўл-қурилиш ва махсус техникалар ишлаб чиқарадиган “Қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ, «Технолог» АЖ, «Агрегат заводи» АЖ, «Агрихим» МЧЖ, «Урганчкорммаш» АЖ, «Uz CLAAS Agro», “ЎзКейсМаш» МЧЖ, «ЎзКейсТрактор» МЧЖ, «DD-Agrotexmash» МЧЖ, «Kuhn» МЧЖ, «UzAgrotex Sanoat Invest» МЧЖ, «Lemken-Chirchik» МЧЖ ва «Амкодор-Агротехмаш» МЧЖ сингари миллий ва жаҳон брендларининг ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилган.
2018 йил 1 январдан 2018 йил 30 июнгача юқорида кўрсатилган корхоналар томонидан умумий қиймати 1 449,5 млрд. Сўмга тенг бўлган 6 000 донадан ортиқ техника ишлаб чиқарилган. Айни пайтда, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва сотиш суръатининг ошиб бориши ушбу техникага талаб борлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |