Сезги – бу объектив дунёдаги нарса ва ҳодисаларнинг сезги органларимизга бевосита таъсирининг маҳсули бўлиб, уларнинг алоҳида, айрим хусусиятларининг оддий хиссий образларидир.
Сезги аъзоларига бевосита таъсир кўрсатувчи буюмлар, уларнинг хоссалари ва муносабатларини акс эттирувчи яхлит ҳиссий образни идрок этиш деб аталади. Идрок деганда турли сезги аъзолари маълумотлари асосида мияда буюм ва ҳодисанинг яхлит хиссий образи ҳосил бўлиши тушунилади.
Сезиш ва идрок этиш инсон ташқи дунёга кундалик амалий таъсир кўрсатиши, меҳнати жараёнида, сезги аъзолари фаол ишлаши натижасида амалга ошади ва ривожланади. Бунда инсон ўзининг ҳар бир янги таассуротини мавжуд билимлар тизимига киритади. Сезиш ва идрок этиш жараёнлари ўзидан кейин мияда “из” қолдиради. Бу инсонга айни лаҳзада таъсир кўрсатмаётган нарсаларнинг образларини гавдалантириш қобилиятидан иборат. Бу образлар нарса ва ҳодисаларнинг аввалги таъсири натижасида хотирамизда қолган таассуротларнинг қайтадан эсга олиниши тбилан боғлиқ. Хотира – жоннинг кучи, сезги ва идрок маълумотларини қайд этиш ва сақлашдир. Ташқи таъсирларнинг идрок этилиши ва уларнинг хотирада сақланиши натижасида хотирада тасаввурлар уйғонади.
Тасаввур – ҳиссий даражадаги билимнинг юқори шакли бўлиб, илгари идрок этилган буюм ва ҳодисаларнинг хотирада қайта ҳосил қилинган ҳиссий образидир. Тасаввур – бу идрок этиш ва назарий тафаккур ўртасидаги боғловчи бўғиндир.
Ҳаёл – эса инсоннинг муҳим ҳоссаси бўлиб, тафаккур оқимида етишмаётган кўргазмалилик ўрнини тўлдиради. Ҳаёл кучи онгда мавжуд образларни нафақат қайта чақиради, балки уларни бир-бири билан боғлайди ва уларни умумий тасаввурлар даражасига кўтаради.
Тасаввур орқали субъект айни вазият билан бевосита алоқаси йўқ бўлган ва хотирада сакланган образларни, уларнинг элементларини тиклашга имкон топади, ҳис-туйгулар қайта идрок этишга жалб этилади. Бунда келажакни башорат қилиш, фантастик образлар, турли комбинацияларни амалга ошириш мумкин. Субъектнинг объект билан бевосита алоқадорлигига боғлиқ бўлмаган тасаввурлар муайян ҳодиса доирасидан ташқарига чиқишга, нафақат хозирги давр образини балки, ўтмишни ҳам, келажакни ҳам тасаввур қилишга имкон беради. Бирон бир нарсанинг модели ва образи, режалар ва символик тимсоллар сингари тасаввурдаги образлари ҳам вужудга келади.
Масалан, моҳир шахматчилар рақибларининг дастлабки юришлариданоқ бошланган комбинация натижасида уч-тўрт ва ҳатто кўпроқ юришдан кейин ҳам қандай ҳол рўй беришини яққол тасаввур қилишади. Агар бундай ҳол ўзларининг ўйинни бой беришларига олиб боришини билсалар, улар вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатга олиб бормайдиган йўлни қидирадилар. Бундай шароитда шахматчи миясидаги турли ҳолатларнинг тасаввурдаги хилма-хил образлари мунтазам ҳосил бўлади. У, ўз навбатида, улар орасидан ўзига мақбулини танлайди, танланган вариантни рақибига билдирмаслик учун ҳаракат қилади.
Тасаввур сифатидаги воқеликни ҳиссий инъикос эттиришнинг бу шакли бўлмаса, инсон бевосита вазиятнинг ўзига богланиб қолган бўларди. Ҳаётий тажриба жараёнида инсон тасаввур қила олиш қобилиятига кўра ўзининг ихтиёридаги ҳиссий материал ҳажмини оламни сезиш ва идрок этиш соҳаси, шунингдек, ижтимоий хиссий тажрибага асосланган ҳолда кенгайтириб боради. Тасаввурлар соҳасида амалиёт, инсоннинг фаолияти ва бу билан боғлиқ қадриятлар, кишиларнинг эҳтиёжи, мақсад-манфаатлари муҳим аҳамият касб этади.
Қисқа таъриф берилса, тасаввур онгимизда нарса ва ҳодисаларнинг сезги аъзоларимизга бевосита таъсир этмаган ҳолда қайта ҳосил килинадиган ва сақланадиган ҳиссий образидир. Бироз бошқачароқ таъриф ҳам бор: тасаввур илгари идрок қилинган нарса ёки ҳодисанинг такрорий образидир, хиссий акс эттиришнинг яққол ва образли кўринишдаги шаклидир.
Энди ҳиссий билиш фан учун қандай роль ўйнашини қисқача куриб чиқамиз. Бу борада физикадан олинган аниқ бир мисолга мурожаат қиламиз. Атом физикасида элементар заррачаларни ўрганиш Вильсон камерасидан (ёки диффузион камера) ва қалин қатламли фотопластинка усулидан фойдаланишади. Вильсон камераси индивидуал заррачанинг, масалан, сув буғлари ёки спиртнинг ионлашуви натижасида ҳосил бўладиган суюқлик томчилари изларини кузатиш имконини беради. Қалин қатламли фотопластинкаларда шунга ўхшаш излар кумушнинг майда бўлакчаларидан микрозаррачаларнинг учиб чиқиши натижасида ҳосил бўлади. Иккала ҳолатда ҳам кузатувчи заррачанинг ўзини эмас, балки унинг харакати траекториясига мос бўлган изини кўради, холос. Тахлил қилиш учун фотосурат хизмат қилади. Унинг образи ёхуд заррачанинг қора фонда оқ изи ёки оқ фонда қора изидан иборат бўлади. Изнинг характерига кўра, физик заррачанинг хоссалари, унинг заряди, массаси, энергияси тўғрисида фикр юритиш мумкин. Бундай ҳолларда ранг сезгиларининг фақат жараён структурасини аниклаш учун аҳамияти бор, холос ва у мустақил аҳамиятга эга эмас. Қоғозга туширилган заррача траекториясини тадқиқ қилиш ва кейинги ҳисоблашлар жараёнида физик ўз сезги аъзоларидан фойдаланишни давом эттиради. Унииг учун тадқиқотлар объекти бўлиб, у томонидан чизилган эгри чизиклар ва бурчаклар хизмат қилади. Ҳисоблаш ишлари амалга оширилгач, уларни ўрганишнинг назарий босқичи бошланади.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, элементар заррачалар физикасида бошланғич элемент бўлиб, аввал бошдаёқ заррача траекториясининг структураси ҳисобланади. Ушбу траекториядан бошлаб йирик ва мураккаб физик формулаларгача физиканинг бутун мазмуни структуравий муносабатлар, алоқадорлик ва боғлиқ шаклларни билишдан иборатдир. Шундай қилиб, объектни хиссий билиш физикада, элементар заррачалар тўғрисидаги асосий бошланғич ахборотни ҳам олишга имкон беради.
Бу факт ҳиссий инъикоснинг илмий билиш системасидаги муҳим аҳамиятини кўрсатади. У муайян объектнинг моҳиятига кириб боришда бошланғич омил ҳисобланади.
Фикримиз якунида воқеликни ҳиссий акс эттиришнинг инсон билишини таъминлашдаги ўрни салмоқли эканлигини таъкидлашимиз лозим. Чунки:
- сезги аъзолари инсонни ташқи дунё билан боғлайдиган ягона омилдир;
- сезги аъзоларисиз инсон оддий англаш, билиш ва тафаккур қилишга қодир эмас;
-баъзи сезги аъзоларини йўқотиш билишни қийинлаштириб, мураккаблаштиради, лекин унинг имкониятларини тўса олмайди. Бу шундай изоҳланадики, бундай ҳолда бир сезги аъзоси ўрнига бошқасининг имкониятлари ортади, фаолият кўрсатаётган сезги аъзоларининг зоҳирий имкониятлари ишга тушади, индивид ўз диққат-эътиборини жамлай бошлайди ва бошқалар;
ақл ва тафаккур (рационаллик) сезги аъзолари етказиб берган далил ва ахборотга асосланади;
муайян жараён ёки фаолиятни бошқариш, аввало, сезги аъзолари томонидан олинган ахборот ёрдамида амалга оширилади;
сезги аъзолари объектларни ҳар томонлама билиш учун зарур бўлгал дастлабки ахборотни билимни ривожлантириш учун беради ва бу ахборотсиз билишнинг бирон бир шакли юзага келмайди.
Шундай қилиб, ҳиссий даражадаги билим нарсаларнинг айрим ташқи томонлари, ҳодиса тўғрисида тасаввурга эга бўлишдир. Нарсаларнинг ички табиатини, ҳодисанинг моҳиятини, ривожланиш қонуниятларини мавҳум тафаккур орқали англаб олинади.
Кишиларда воқеликни абстракт - фикрий акс эттира оладиган қобилият асосида пайдо бўладиган ҳамда ривожланадигаи инъикоснинг дастлабки ва етакчи шакли тушунчадир. Билиш жараёнида тушунчанинг асосий вазифаларидан бири шуки, у маълум гурухдаги нарсаларни баъзан маълум, умумий, муҳим белгиларига кўра умумлашган ҳолда ажратиб акс эттиради. Унга қуйидагича таъриф бериш мумкин: тушунча абстракт тафаккур шакли (ёки тури) сифатида баъзи нарсаларни умумлаштириш ва шу нарсалар учун умумий бўлган белгилар йиғиндисини фикран ажратиш натижасидир.
Тушунчаларда объектларнинг муҳим ва номуҳим, зарурий ва тасодифий, сифатий ва миқдорий белгилари акс этган бўлиши мумкин. Намоён бўлиш даражасига кўра турлича, яъни унчалик умумий бўлмаган, умумийроқ, етарлича умумий тушунчалар бўлиши мумкин. Тушунчаларнинг ўзи умумлашиши ҳам мумкин. Илмий билишда хусусий, умумий ва энг умумий тушунчалар борлиги эътироф этилган.
Агар кундалик турмушга оид билимда нарса ва ҳодисаларнииг умумий бўлган белгиларини ва муҳимларини ажратиш унчалик аҳамиятсиз бўлса, илмий билишда эса бундай фарқлаш тадқиқотнинг муҳим қисмини ташкил этади. Кишилар учун умумий бўлган биологик белгиларни акс эттирган «инсон» тушунчаси бир нарсаю, нисбатан муҳим, ўзига хос белгиларни, масалан, онгга эга бўлиш, меҳнат қилиш қобилиятига эгалик, нутқ ёрдамида мулоқот қила олиш каби ижтимоий белгилар ифодаланган «инсон» тушунчаси бошқа, албатта.
Қайд қилинган иккала ҳолатга нисбатан ҳам қиёсан юқорирок, даражадаги тушунчаларга акс этгирилаётган объект ёки белгиларнинг аҳамиятини англаб етиш жараёнини ҳам ўз ичига оладиган тушунчалар киради. «Тушунча» сўзига «тушунмоқ», «тушуниш» сўзлари яқинлиги тасодифий эмас. Онг шуғулланадиган вазифалар орасида нарса ёки ҳолатни тушуниш унинг тузилиши, ўрни ва аҳамиятини билиб олиш, демакдир. Бунга кўра, тушунча объектларга ўзаро муносабатини, нарсанинг ички ва ташки тузилишини ёки реал аҳамиятини онг ёрдамида билиб олишни ифодалайди.
Олий даражадаги тушунчалар идеаллик соҳасини ташкил қилувчи гоялардир. Бу бошқаларга ўхшаш бўлмаган, гарчи уларнинг характеристикасига эга бўлса ҳам, ўзининг реалликни ўзгартиришга томон йуналганлиги билан фарқ қиладиган алоҳида тушунчалар туридир. Мисол учун, агар «инсон» тушунчаси одамларга хос бўлган умумий ва муҳимликни англатади. Шу маънода, воқелиқда бор бўлган белгиларни акс эттирса, гоя жамиятнинг келгуси қиёфаси ёки лойиҳалаштирилаётган ҳаво кемасини ифодалайдиган тушунча сифатида майдонга чиқади.
Бундай идеаллик билишнинг фақат юксак даражасига хос эмас, балки кундалик турмушга хос онгда ҳам бор. Бироқ, моҳиятли тушунчалар асосида нафақат акс эттириш, балки моддий системалар тараққиётининг қонунлари ва анъаналари мавжуд бўлган янгиликни яратиш ҳам мумкин. Идеалликнинг моҳиятини фаолиятни эътиборга олмасдан англаш мумкин эмас. Ғоя тарзидаги тушунча келажакнинг ёки келажакдаги нарсаларнинг образидир. Шундай қилиб, воқеликни чуқур акс эттириши, англаши ва йўналишига қўра тушунчаларни 4 гурухга бўлиш мумкин: 1) нарсалардаги умумийликни акс эттирувчи тушунчалар; 2) нарсалардаги муҳим белгиларни қамраб олган тушунчалар; 3) нарсаларнинг мазмун-моҳияти очилишига боғлиқ тушунчалар ва 4) гоя — тушунчалар.
Тушунчаларнинг баъзи устивор белгиларидан келиб чиқиб, уларни нарса ва ҳодисаларнинг умумий, муҳим хусусиятларини, муносабатларини қайд қилувчи ва ажратиб кўрсатувчи сўзларда мужассамлашган ижтимоий-тарихий билим жараёнининг маҳсулотлари деб ҳам таърифлаш мумкин. Бунга мувофиқ эса улар бир вактнинг ўзида нарса ва ҳодисаларнинг бошқалар билан ҳаракат қилиш усуллари тўғрисидаги ўта муҳим билимларни ҳам умумлаштиради. Бу олдингисига нисбатан анча эвристик таъриф ҳисобланади, бироқ айни пайтда барча тушунчаларни қамраб олмаган. Шу тахлитда тушунча тўгрисидаги баъзи тасаввурларимизни янада аникланган ва масаланинг муҳокамасини давом эттириш мумкин.
Инсоннинг абстракт — фикрлаш қобилияти тушунчалар билан бирга воқеликни ақлий ўзлаштиришнинг бошқа шаклларини ҳам ўз ичига олади. Классик формал мантиқ фанига кўра, тафаккурнинг муҳокама юритиш (ҳукм) ва хулоса чиқариш шакллари ҳам борлиги маълум. Ҳукмларни айтаётиб, биз тушунчалардан фойдаланамиз. Улар ҳукмларнинг элементлари ҳисобланади.
Нарсаларнинг моҳиятини билиш асосида улар тўғрисидаги тушунчалар пайдо бўлади, ягона ҳукмга бирлашиши мумкин бўлган якка ҳукм ёки хукмлар мажмуаси шаклланади. Нарсаларни англашда эришилган бу ҳукм ҳам тушунча ўрнида қабул қилинади. Билимлар чуқурлашиб бориши билан уларни умумлаштириш асослари ҳам ўзгаради. Бир тушунчалардан бошқасига, янада чуқурроқ ва аниқроқ тушунчаларга ўтишнииг моҳияти ана шунда. Психология курсида ҳукмга бироз бошқачароқ таъриф берилишини таъкидлаш керак: «Ҳукм борлиқнинг нарсалари ва ҳодисалари ўртасидаги ёки уларнинг хоссалари ва белгилари ўртасидаги алоқаларни акс эттиришдир».
Тушунчалар ва ҳукмлар асосида хулоса шаклланади. Биз тафаккурнинг мантиқий шаклига хос тушунчалар, ҳукмлар, хулоса чиқаришларни махсус қараб чиқмаймиз. Булар мантиқ фанининг тегишли бўлимларида етарлича ёритилади. Аклий билим шакллари тўғрисида айтилган фикрларга қўншмча қилиб таъкидлаш мумкинки, агар илмий билишни олсак, ундаги нисбатан муҳимроқ шаклларга гипотезалар ва назариялар киради. Бу шакллар ёрдамида субъект мураккаб даражада ташкил топган моддий тизимларнинг чуқур моҳиятига кириб боришга қодирдир. Шундай қилиб, абстракт тафаккурни воқеликни ҳиссий акс эттиришдан фарқланувчи қуйидаги жиҳатларини санаб ўтиш мумкин:
нарсалардаги умумийликни акс эттира олиш; ҳиссий акс эттиришда алоҳида нарсалардаги умумий ва якка белгилар ажратилмайди, балки ягона образ ҳолида намоён бўлади;
нарсалардаги муҳимликни акс эттира олиш; ҳиссий акс эттиришда муҳим номухимдан ажратилмайди;
нарса ва воқеаларнинг моҳиятини билнш асосида ғоя шаклидаги тушунчаларни ярата олиш;
воқеликни бевосита билишда ҳиссий акс эттириш орқали
ҳам, турли асбоб-ускуналардан фойдаланиш ёрдамида ҳам, ҳукм
ва хулоса чиқариш воситасида ҳам умумий натижага эришиш.
Ушбу барча ҳолатлар инсоннинг абстракцияларни ҳосил қилиш қобилиятининг намоён бўлишидир. Бу қобилият номи хам ана шундан келиб чиққан ва у «абстракт фикрлаш», деб аталади.
Бу қобилият тафаккур билан бир хил эмасми, деган савол туғилади. Бу саволга тафаккурни тушунишга боғлиқ ҳолда жавоб бериш мумкин. Собиқ иттифоқ давридаги «Философия лугати»да «Тафаккур объектив оламни тушунчалар, ҳукмлар, назарияларда акс эттириш жараёнидир. У турли вазифаларни ҳал қилиш, умумлаштириш ва бевосита усуллар билан воқеликни билишдир» деб ёзишган. «Философский энциклопедический словарь»да ёзилишича, тафаккур — бу «объектив реалликни фаол акс эттиришнинг олий шаклидир. У субъект томонидан нарса ва ҳодисалар ўртасида мавжуд бўлган боглиқликларни мақсадга мувофиқ, бевосита ва умумлашган тарзда билиш, ижодий равишда янги ғояларни яратиш, воқеа ва ҳодисаларни башорат қилишдан иборат».
Агар ушбу таърифлардан келиб чиқсак, албатга, тафаккур тушунчалардан ажралмасдир. Бундай тасаввур фикрлаш фаолиятининг афзалликлари намоён бўладиган етук тафаккур шаклини ҳам қамраб олган. Бироқ, жуда кенг ва кўпқиррали бўлганлиги боис унинг ўзи ҳам абстракциядан иборат. Бу борада ана шуни кўра олмасдик, тафаккурни тушунишда тор позицияда туришни англатади.
Жонли мушоҳада баъзи адабиётларда «эмпирик», «жонли мушоҳада» ва «ҳиссийлик» тушунчалари айнанлаштирилади. Ҳиссийлик, биз кўрганимиздек, инсоннинг билиш қобилиятларидан биридир ва ўз навбатида, рационалликдан ажралган ҳиссийлик ҳам йўқ.
Гарчи инсон доимо тасаввурлар ва умумий тушунчалар билан иш кўрса ҳам билимнинг дастлабки натижаси фикр ҳисобланади. Фикр нарсалар, уларнинг хоссалари ва ўзаро муносабатларини ҳодисалар даражасида акс эттиради, вазият ва нарсаларни уларнинг бирлигида ва конкретлигида қамраб олади. Воқеликни унинг турфа хиллигида ва ташқи алоқадорликлари билан бирга акс эттириш билишнинг «жонли мушоҳада» деб аташ мумкин бўлган босқичига хосдир.
Жонли мушоҳададан объектларнинг ички моҳиятига томон абстракт тафаккурнинг мураккаб йўли бошланади. Бу муайян моҳиятнинг бир томонини билишдан бошқасига томон, уни узуқ-юлуқ тасвирлашдан бир бутун ифодалашга, саёз моҳиятдан чуқурроқ моҳиятга томон борадиган йўлдир. Бу энди жонсиз ҳиссий конкретлик эмас, балки реал абстракциялардир. Унинг томонлари фақат охирги босқичда тафаккур ёрдамида ягона бир бутунликка, аниқ фикрий холатга бирлашади.
Воқеликни абстракт-фикрий билиш масаласида унинг икки шаклга бўлинишига дуч келиш мумкин: мулоҳазавий ва аклий шакллар. Бунга мувофиқ равишда инсон қобилиятлари мулоҳаза ва ақлга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |